‘Мени қийнаганлар ўзбек жангарилари эди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc urdu

Бундай даъво билан покистонлик таниқли марҳум сиёсатчининг ўғли чиққан.

Шаҳбоз Тасирнинг баён қилишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари “тирноқларини суғуриб, орқасидан бир бўлак гўштини кесиб ҳам олишган”.

У Панжоб ҳокими бўлган отасининг ўлимидан қисқа вақт ўтмай, 2011 йилнинг авгсут ойида Покистонда олиб қочилган, аммо орада кечган вақт давомида қўшни Афғонистонда тутиб турилган.

Отаси Салмон Тасир эса, “Шаккоклик тўғрисида”ги қонунга қарши чиққани учун ўз тан қўриқчиси томонидан ўлдирилганди.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, тутқунда экан, шу йил бошида ўзбек жангарилари қўлидан афғон толибларига қайта асир тушади.

Толиблар эса, алал-оқибат март ойида Шаҳбоз Тасирнинг мотоциклда Афғонистондан Покистонга қайтишига изн беришади ва у Лаҳордаги оиласи билан қайта топишади.

Яъни, Шаҳбоз Тасирнинг жонига Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали аъзоси оро киради.

Унинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари томонидан қандайин “мудҳиш қийноқларга солингани” бунинг ортидан Би-би-сига берган суҳбати тафсилотларидан маълум бўлади.

Шаҳбоз Тасирнинг айтишича, ягона таскини қўлидаги радиоси ва у орқали ўзи тўрт йил давомида бирортасини ҳам қолдирмай қулоқ тутиб келган севимли жамоаси – Англиянинг “Манчестер Юнайтед”и ўйинлари бўлган.

Ўша кунларни эсларкан...

Фото муаллифлик ҳуқуқи ISPR

Шаҳбоз Тасирнинг Би-би-сига берган суҳбати тафсилотларидан аён бўлишича, олиб қочишдан аввал беш киши ўзини пистирмага туширишади.

“Дастлаб мени ўлдиришади, деб ўйладим. Беш дақиқача ерда судрашди. Типирчилаб, бақир-чақир қилаверганимни кўргач, роса дўппослашди. Калтакларнинг зарбидан ҳушимни йўқотдим”, - дейди у.

Шаҳбоз Тасирнинг айтишича, тутқунда экан, ўзини гаровга олган ўзбек жангарилари билан ҳеч қачон “чиқишиб кета олмаган”.

“Мен буни қатъиян рад этдим. Пул, деб мени олиб қочдинглар. Ҳаётимни вайрон қилдинглар, дейишдан тўхтамадим. Агар берган бир парча нонингиз учун миннатдор бўлади, десангиз, буни хаёлингизга ҳам келтирманг дедим”, - дея сўзларида давом этади у.

Аммо қўриқчиси ҳам “Манчестер Юнайтед”нинг ишқибози чиқиб қолгани боис, икковлон тил топишиб кетишади.

Жангарилар наздида “гуноҳ” экани боис, севимли жамоаларининг ўйинини яширинча тинглашади ва ғалабасини ҳам сассиз, ҳавога сакраб, сакраб олқишлашади.

Ўзбек жангарилари қўлидан Афғонистон Толибон ҳаракати аъзоларининг қўлига қайта асир тушаркан, алал-оқибат, бошига тушган қора кунлари ҳам интиҳо топади.

Юқори мартабали Толибон қўмондони йўлини қилиб ўзини бир нечта мотоциклчилар билан учраштиради.

Улар эса, ким эканидан бехабар, Шаҳбоз Тасирни ўз мотоциклларида Покистонга элтишади.

“Ўз уйингда қайта кўз очиб, онангнинг юзини кўриш, у билан бирга нонушта қилишни айтинг....ақлинг бовар қилмайди”, - дейди у энг сўнггида.

Ҳибслар

Шаҳбоз Тасир олиб қочилиши ортидан покистонлик масъуллар Панжоб вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг олти нафар аъзосини қўлга олишади.

Покистон полицияси уларни Шаҳбоз Тасир баробарида Америка фуқароси Варрен Вейнстейнни ўғирлаб кетишда ҳам айблашади.

Усмон Басра, Неъматуллоҳ Ўзбек, Муфти Муҳсин (Жалолиддин), Фарҳаж Мустафо, Рана Абдул Раҳмон ва Муҳаммадлар Панжоб вилоятининг турли минтақаларида ҳибсга олинадилар.

Покистон расмийларининг айтишларича, тергов жараёнида айбланувчилар Шаҳбоз Тасир ва Варрен Вейнстейнларни гаровга олишгани ҳамда шиа уламоси Ирфон Нақвийни ўлдиришганини тан олганлар.

Улар, шунингдек, Шайх Шаҳид исмли ишбилармонни гаровга олишгани ва уни 100 миллион Покистон рупийси миқдоридаги товон пули эвазига озод этишганига ҳам иқрор бўлишган.

Қўлга олинган ўзбек жангариларининг Ўзбекистонга экстрадиция қилинганми-йўқликлари маълум эмас.

Ўтмишда Покистон ўз ҳудудида ушланган ўнлаб ўзбек фуқароларини Тошкентга топширганига оид хабарлар олинган.

Экстрадиция ҳақидаги келишув икки давлат АҚШнинг террорга қарши урушда яқин иттифоқчиси мақомини олиши ортидан 2002 йил мартида имзоланган.

Янги стратегия

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг қабила ҳудудларида 2001 йилнинг охирларидан эътиборан фаол бўлгани айтилади.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳаво ҳужумларидан қаттиқ зарар кўрган ҳаракат бунинг ортидан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош минтақаларида қайта уюшган.

Яқин-яқингача Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломи Ҳаракати яқинда Яқин Шарқдаги ИШИд гуруҳига тўлиғича байъат келтирган ва ўтган йил лидери ўзларининг Афғонистонга буткул қайтганликларини ҳам баён қилган.

Ҳарбий доираларда ҳаракат жангариларининг сони "бир неча юздан бир неча мингтагача”, дея тахмин қилинади.

Ўзбек жангарилари ўтган йиллар мобайнида Покистон ҳарбийлари ва ҳукуматпараст қабила раҳбарларини нишонга олиб келишган.

Аммо сўнгги пайтларда ЎИҲ Афғонистондаги коалиция кучлари ва афғон ҳукумати қўшинларига қарши қатор ҳалокатли ҳужумлар уюштиришга ҳам муваффақ бўлган.

Сўнгги ҳужумлари Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош шимолий-шарқий вилоятлари ҳисобига тўғри келган.

Таҳлилчилар бу янги стратегия экани, ушбу стратегия Ғарб назарида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини янада хавфлироқ гуруҳга айлантиришини айтишади.

Ҳаракат раҳбари Тоҳир Йулдош 2009 августида АҚШнинг Покистон шимоли- ғарбида амалга оширган дрон ҳужумида ўлдирилган.

2012 йил августида унинг ўрнига тайинланган ва куёви экани айтилган Усмон Одилнинг ҳам ҳалок этилгани хабар қилинган.

Ўшандан буён Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахснинг бошчилик қилиб келаётгани айтилади.

Марказий Осиё ҳукуматлари, айниқса, Ўзбекистон АҚШ ва Нато қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг жангариларнинг ўз чегараларидан сизиб киришидан хавотир билдириб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ