Ўзбек ёшларининг фақат ярми интернетдан фойдаланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи reed.com
Image caption Ҳукумат интернет кафеларини қаттиқ назорат қилади

Ўзбекистондаги ягона омма фикрини ўрганиш маркази - "Ижтимоий фикр" ўтказган сўров натижаларига кўра, мамлакат ёшларининг фақат ярми интернетдан фойдаланади.

Central Asian News нашрининг иқтибос келтиришича, сўровда қатнашганларнинг 29.8 фоизи компютердан фойдаланишни яхши билишини айтган.

"Ёшларнинг ярми интернетдан фойдаланади", дейилган "Ижтимоий фикр" марказининг хабарида. (Мақола ёзилаётган пайт "Ижтимоий фикр" марказининг расмий веб саҳифаси очилмаётганди-таҳр)

Ўзбекистонда интернет ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилинади, ҳукумат ўзи ҳақида танқидий материаллар чоп қилувчи мустақил ҳамда мухолифат сайтларига тўсиқ қўйган.

Давлат матбуоти ёшларни муттасил равишда "интернетнинг зарарлари"дан огоҳлантириб келади.

2014 йилда Ўзбекистон давлат алоқа қўмитаси интернет кафеларининг фаолияти устидан назоратни кучайтириш тғрисида махсус қарор қабул қилган.

Унга мувофиқ, интернет кафелари маъмурияти мижозлар кирган сайтларнинг манзилларини уч ой давомида сақлаб қўйишлари керак.

Шунингдек, интернет кафеларида "мижозлар хавфсизлигини таъминлаш" учун хавфсизлик камераларини ҳам ўрнатиш кўзда тутилган.

Расмийлар мазкур чоралардан мақсад "жамоат пунктларида интернет хизматини кўрсатиш жараёнида салбий ҳодисаларни бартараф қилиш" эканини айтишган.

'Рақамли тирания'

Айни пайтда президент Ислом Каримов интернетга тўсиқ қўйишга қарши чиққан.

Жаноб Каримов ҳукумат ахборот оламида "девор ўрнатмоқчи эмаслиги"ни айтган.

"Ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли асло маъқул эмас.", деган президент аввалроқ мамлакат журналистларига табригида.

Шу билан бирга жаноб Каримов интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳам огоҳлантирган.

"Интернетнинг зарарли таъсирларига қарши туришнинг энг яхши йўли "ёшларни мустақил, оқ билан қорани ажратадиган қилиб тарбиялашдир", деган президент.

2014 йилда Би-би-си билан суҳбатда президентнинг набираси, кичик Ислом Каримов бобоси интернетдан фойдаланишни билмаслигини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, бобосига компютер ва интернетдан фойдаланишни ўргатмоқчи бўлган пайт бувиси бунга қаршилик қилган.

"Калланг ишлайдими, агар у Интернетни ўқий бошласа, ҳамма нарсани билиб олади-ку", - дея бувисининг сўзларини келтирган ёш Ислом Каримов Би-би-си билан суҳбатда.

Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти интернет эркинлиги борасида ҳисобот чоп этишни бошлаганидан буён мунтазам суратда Ўзбекистонни "Интернет душманлари" рўйхатига киритиб келади.

Ташкилот Ўзбекистонни "рақамли тирания" деб таърифлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали
  • боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondon
  • • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.