Бобоқулованинг ҳибс муддати узайтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Москванинг Пресненский туман маҳкамаси прокуратура сўровига биноан, тўрт ёшли қизчанинг ўлимида айбланаётган ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқуловани ҳибсда сақлаш муддатини 29 июлгача узайтиришга қарор қилган. Бобоқулованинг вақтинчалик ҳибсдаги муддати 29 майгача қилиб белгиланганди.

Гулчеҳра Бобоқулова 29 февралда Москванинг "Октябрское поле" метро бекатида қўлида қизалоқнинг кесилган боши билан ушланган.

Интерфакс агентлигига кўра, прокурор дастлабки тергов жараёнини ниҳоясига етказиш учун айбланувчининг ҳибс муддатини чўзишни сўраган.

"Бобоқулова ўта оғир жиноятда айбланмоқда, шу билан бирга у бошқа давлат фуқароси. Шунинг учун ушбу чораларни кўриш лозим", деб қайд этган суриштирув вакили.

Айни вақтда Бобоқулованинг ўзи ҳакамдан ҳибсни узайтирмасликни сўраган. "Мен Самарқандга кетишни хоҳлайман. У ерда мени даволашлари ёки уй қамоғига олишлари мумкин", деб айтган у маҳкама эшитувида.

Ҳакам Найдёнов эса Бобоқуловага қарата, "Қаерда уй қамоғида бўлишни хоҳлайсиз? "Октябрское поле"да, яна кимнидир бошини олиш учунми?"-деб савол берган.

Мутахассислар Бобоқуловага нисбатан ўтказилган тиббий-суд экспертизанинг хулосасини яқин вақтда тергов идораларига тақдим этишлари кутилмоқда.

Бироқ, бундан олдин шифокорлар Бобоқулова ўзининг ҳатти-ҳаракати учун тўлиқ жавоб беришга масъулиятли эмаслигини, жиноятни руҳий соғлом бўлмаган ҳолатда содир этганини билдиришган.

Шу боисдан, якуний тиббий хулосада Бобоқуловага нисбатан жиноий жавобгарлик эмас, мажбурий тиббий даволаниш зарурлиги кўрсатилади, деган Интерфакс агентлиги манбаси.

Олдинроқ, Бобоқулова айбланаётган жиноятни содир этишга мажбурлаган бўлишлари, унинг шериклари борлиги эҳтимоли айтилганди. Шунингдек, тергов идоралари Бобоқулованинг Одноклассники сайтидаги 500 саҳифадан иборат ёзишмаларини ўрганишини билдирган.

Москвадаги шов-шув бўлган даҳшатли қотиллик 29 февралда содир этилган. Суриштирув ходимларига биноан, Бобоқулова Орлов вилоятидан келган оиланинг 4 ёшли қизига энагалик қилган. Ўша куни у қизалоқнинг бошини кесиб олиб, уйга ўт қўйган ва кўчага чиқиб кетган, дейилади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у "Октябрское поле" метро бекати олдида қўлида кесилган бош билан бир соат юрган ва "Аллоҳу акбар" деб бақирган, ўзини портлатиш билан таҳдид қилган.

Полиция Бобоқуловани қўлга олган ва унга нисбатан "вояга етмаганни ўлдириш" моддаси бўйича жиноий иш очилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ