Исломий матн "ўқимоқлик" ё "бўлишлик" дегани эмас

Олдинлари диний мавзудаги ваъзхон кишининг оғзаки нутқида кўп учраган хатоларнинг бугун ўзбек журналистикаси матнларига ҳам тобора кўп кириб бораётгани тил жонкуярларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бундай хатолар, мисол учун, "ўқиш" сўзининг ўрнига "ўқимоқлик", "бўлиш" ўрнига "бўлишлик" сўзини қўллаш каби мисолларда кўп учраяпти.

Биргина "лик" аффикси қўлланишининг ўзи матннинг Ўзбек адабий тилидан узоқлашганини англатади.

Аммо ўрни бўлса-бўлмаса "лик" аффиксидан фойдаланаётган ижодкорлар, шу йўл билан "ўзимнинг матнимга "пардоз", диний улуғворлик бераяпман", деган фикрдалар.

Тилимизда феълнинг мажҳул шакллари "бўлиш" ёки "бўлмоқ" тарзида ясалиши барчамизга маълум ва матнда бу икки шаклдан фойдаланишнинг ҳеч зарари йўқ.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Халқ шоири, Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига шеърий таржима қилган Жамол Камол фикрича, феълнинг қанча кўп шаклидан фойдаланилса, шунча яхши, бундан матн бойийди, холос.

Бироқ охирги пайтда "бўлмоқ" феъли "бўлмоқлик" ёки "бўлишлик" шаклида мақола ёки хабар матнларига ҳам кўчиб бораётганини кузатиш мумкин.

Мана феълнинг мажҳул шакли ўринсиз қўлланган битта мақоладаги мисоллар: "эрта турмоқлик", "камроқ емоқлик", "секин овқатланмоқ", "сувни кам ичмоқлик", "истеъмол қилмоқлик", "жисмоний фаол бўлишлик".

Диний матн муаллифларидан, нега оддийгина қилиб "жисмоний фаол бўлиш" деб ёзиш мумкин эмас, деб сўрагингиз келади.

Қатор тилларни мукаммал биладиган, Шекспир асарларини инглиз тилидан ўзбек тилига ўгирган устоз адиб Жамол Камол, Ўзбекистон исломий таълим муассасаларининг ўқув программаларига ўзбек тили ва адабиёти дарсларини киритиш лозим, деб ҳисоблайди.

Феълнинг “моқлик” шаклини қўллаш меъёридан ортиқ учраётгани ҳақида ўзбек тилининг жонкуяри, раҳматли адиб Аҳмад Аъзам ҳам бир неча йил олдин ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзган эди.

Ўшанда бу таниқли ҳофиз, раҳматли Ориф Алимаҳсумовнинг Ўзбекистон телевидениесида “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувига бошловчилик қилганининг таъсири экани эслатилганди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

1990-йилларда Ориф Алимаҳсумов телеэкранда қоғозга қарамасдан таъсирли сўзлар, панд-насиҳатлар қилар, диний мисоллар келтирардилар.

Кекса санъаткорнинг “бўлишлик” ёки “қилмоқлик” деб сўзлаши ўзига ярашар, у кишининг бошловчилиги боис “Оталар сўзи”нинг машҳурлиги ҳам ошган эди.

Аммо, афтидан шундан кейин кўпчилик, диний мавзуда сўзлайдиган бўлсам, албатта, “бўлиш” ўрнига “бўлишлик”, “қилиш” ўрнига “қилишлик” деб қўллашим керак, деган фикрга келди.

Қатор диний адабиётларни таржима қилган ва "Ҳидоят" диний журналига 14 йиллик бош муҳаррирлик қилган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, бундай нутқ оддий ибодатчининг қалбига етиб бормайди, дейди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг