Ўзбекистонда бу йилги закот 47 доллар этиб белгиланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи qadriyat.uz

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси 2016 йилги закот, фитр ва фидя миқдорларини эълон қилган.

Миқдорларни диний идоранинг Уламолар Кенгаши тасдиқлаган.

Ўзбекистон уламолари кенгаши қарорига, бу йилги закот ҳам ҳар йили бўлганидек 85 грамм олтиннинг баҳосига асосланган.

"1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2016 йил (ҳижрий 1437 йил) учун закот нисоби 1 гр. тиллонинг бугунги кундаги бозордаги ўртача нархи 135 000 сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 гр. тилло ҳисобидан закот нисоби 11 475 000 сўм эканлиги ва мазкур суммадан қирқдан бир ҳиссаси, яъни 286 875 сўм закот чиқариш тўғрисидаги хулосаси маъқулланди.

2. Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 кг. буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланди. Масалан 2016 йилда Тошкент шаҳар бозорида 1 кг. буғдойнинг нарҳи ўртача 2000 сўм бўлса, демак 2 кг. буғдой нархи 4000 сўм бўлади.

3. Бу йилги фидя миқдори бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 10 000 сўм деб белгиланди", дейилади диний идора Уламолар Кенгаши қарорида.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистон "қора бозорларида" 1 АҚШ долларини сотиб олиш баҳоси 6080 сўм, сотиш нархи 6100 сўм бўлиб турипти.

11 миллион 475 минг сўм қора бозор курси бўйича 1887 долларни, 286875 сўм 47 долларни ташкил этади.

Диний идора 2015 йили закот нисобини 7 140 000 сўм, фитр садақасини 3200 сўм, фидя миқдорини 10000 сўм этиб белгилаган.

Ўтган йили ҳам Ўзбекистонда 10000 сўм бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати деб кўрилган.

Ўзбекистонда бир одам неча пулга тўяди?

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги "истеъмол савати" қанчани ташкил этиши ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни афзал кўради.

"Истеъмол савати" содда қилиб айтганда бир оиланинг бир ойлик харажатларини англатади.

2015 йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи ойига 130240 сўм, ёшга доир пенсия 254730 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа 254730 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 156310 сўм этиб белгиланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ