Россия телеканали Ўзбекистонни Тожикистон билан адаштирди

Image caption Россия телеканаллари илгари ҳам бир неча марта бундай хатога йўл қўйишган.

Россия 1 телеканали Ўзбекистонни Тожикистон билан алиштириб қўйгани кузатилган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкентдаги йиғилишидаги иштироки ҳақида хабар қилган телеканал, ўз репортажини Тожикистондан кўрсатилаётганини илова қилган.

Россия телеканаллари учун бу биринчи тасодиф эмас. Сочида бўлиб ўтган 2014 Олимпияда ўйинларида, Россия 2 телеканали Ўзбекистон миллий терма жамоасини Тожикистон терма жамоаси деб аташи билан ўзбек спорт мухлисларини дарғазаб этганди.

Россия 1 телеканалининг бу галги хатоси ҳам ўзбек ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида жуда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Бу тасодифни ҳар хил қабул қилган Facebook фаоллари ўзбек маҳаллий оммавий ахборот воситаларини танқид остига олишгача боришган.

Баъзилар бу қилмишни Россия телеканали атайин қилганини таъкидлашган. “Бундай ҳолат бир ё икки марта содир бўлгани йўқ. Худди атайин қилгандек,” дейди “Gulmira Alimbekova”.

Бу шунчаки хато эканлигини ва бу “халқаро миқёсдаги фожиа эмас”лигини таъкидлаган “Пётр Арсеньев”, Facebook фаолларидан қуйидаги жавобларни олган.

“Бу Россия федерал канали, бу ахир Кремлнинг матбуот жарчиси,” дея норозилик билдирган “Fariz Arslanov”.

“Shukhrat Amanov” – “Албатта бу фожиа эмас, бироқ бундай қилиш бир ёки икки марта мумкиндир, лекин мен Россия телеканаллари Тожикистон ва Ўзбекистонни адаштираётганини айниқса кейинги икки йил ичида бир неча бор кузаттим… Бу қандайдур, мамлакатлар устидан кулишга ўхшайди”. Ушбу ижтимоий тармоқ фойдланувчисига жавобан “Кирилл Купцов” шундай деган: “Сиз яхшиси АҚШ ОАВига боқинг. Улар бизни бунданда фожиали равишда Қирғизбекистон дея адаштиришади”. “У АҚШ! Биздан узоқдаги халқ… Биз эса атиги 20 йилча олдин бирга яшаган халқлармиз,” деб жавоб ёзган “Shukhrat Amanov”.

“Бахтияр Юлдашев” Россия телеканали хатосини шундай изоҳлаган: “Бундай сурункали хатолар тасодифан бўлмайди. Бу Кремлнинг рухсати билан амалга оширилади. Бу Россияпараст ғоя ва ташвиқотнинг бир қисми”.

Шундан кейин “Андрей Курницкий” номи остидаги Facebook фаоли “қўшиқ ва ўйиндан бошқа ҳеч нарса кўрсатмайдиган” маҳаллий телеканалларни кўришга чақирган. “Пётр Арсеньев” эса ўзбек телеканаллари халқаро янгиликларда муҳим аҳамиятга молик бўлмаган воқеалар ҳақида хабар беришини айтган. “Андрей Курницкий” ҳатто Ўзбекистонда ер қимирлаши ҳақидаги хабарни Россия ОАВидан олишини билдирган.

“Бахтияр Юлдашев” ўзбек маҳаллий ОАВлари танқидига аксил ўлароқ ўз фикрини шундай изоҳлаган: “Мен ҳечам ўзбек телевидениесини ёқламайман, лекин Россия телеканаллари хали жуда ривожлангани йўқ. Шунчаки улар кенг миқёсда ҳаракат қилмоқдалар. Бизнинг телеканалларнинг фарқи шундаки, бизнинг телеканаллар Европа ва АҚШни, Украина ва Туркияни танқид қилмайди. Одамлар бошини айлантирмайди”.

“Бахтияр Юлдашев” Россия телеканалларини қоралашда давом этиб, Россия телеканали хатосини шовинизм сарқити эканлигини айтган. “Бу Россия телеканалларининг уқувсизлиги эмас, балки бу маълум мақсадга қаратилган иш ва ташвиқот. Бу рус халқининг бошқа халқлар устидан ҳукмрон эканлигини кўрсатиш учун қилинган иш. Бу ҳақиқий шовинизм ғояси”.

“Неля Енилеева” Facebook фойдаланувчиси эса шундай дейди: “Бу ахир федерал каналку! Нима улар ўз ташқи ишлар вазирларини қаерда эканлигидан бехабармилар? Профессионал маҳорат қани?”

“Бу атайин қилинган. Бу Ўзбекистоннинг Тожикистон билан бўлган муносабатларига путур етказишга қаратилган олов пуркашдир,” деб қўшимча қилган “Рисолат Каюмова”.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг