Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов вафот этди

Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 30 май куни оғир хасталикдан сўнг 80 ёшида оламдан ўтган.

Эркин Воҳидовнинг вафот этгани ҳақидаги нохуш хабар тез тарқалди.

Фейсбукдаги саҳифасида тошкентлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов шундай ёзди:

"Халқимизнинг атоқли адиби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов оламдан ўтди. Бу ҳақда менга устоз журналист Шароф ака Убайдуллаев ҳозиргина қўнғироқ қилиб, у кишини ҳукуматга қарашли 1-стационардан олиб келишаётганини айтдилар. Дилбар шоиримиз, ажойиб инсон Эркин Воҳидовни Аллоҳ раҳматига олсин!"

Таниқли шоир ва журналист Фахриддин Низомов Фейсбукда таъзия билдирди:

"Аллоҳ раҳмат қилсин. Бундай миллатни улуғлаган ва унга хизмат қилган шоирлар кам топилади".

Эркин Воҳидов 1936 йили Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган.

1960 йили Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг филология факултетида таҳсил олган.

Шоирнинг "Тонг нафаси"(1961), "Қўшиқларим сизга"(1962), "Юрак ва ақл"(1963), "Менинг юлдузим"(1964), "Муҳаббат"(1976), "Келажакка мактуб"(1983), "Куй авжида узилмасин тор"(1991), "Яхшидир аччиқ ҳақиқат"(1992) каби шеърий тўпламлари, "Муҳаббатнома" ва Садоқатнома" сайланмалари нашр этилган.

Эркин Воҳидов истеъдодли драматург сифатида ҳам танилган, "Олтин девор" ўзбек халқининг севимли спектаклига айланган.

Эркин Воҳидов "Ёш гвардия" нашриёти, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда етакчи лавозимларда ишлаган, "Ёшлик" журналига асос солинган 1982 йилдан 1985 йилгача ёшлар журналини бошқарганди.

1980-йиллар иккинчи ярмида Горбачёвнинг "қайта қуриш" замонида Ўзбек халқининг долзарб муаммоларига бағишланган публицистик чиқишлари кўпчиликнинг ёдида.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Эркин Воҳидов Олий Мажлис қўмиталарини бошқарди.

Эркин Воҳидов 1983 йили Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 1997 йили "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган.

Мамлакатда "Ўзбекистон Қаҳрамони" фахрий унвони таъсис этилганидан кейин Эркин Воҳидов мукофотланган илк инсонлардан бири бўлганди.

Эркин Воҳидов деганда шеърият мухлислари "Ўзбегим" қасидасини тушунадилар.

Тарихингдир минг асрлар

Ичра пинҳон ўзбегим,

Сенга тенгдош Помиру

Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу

Сўйласин Ўрхун хати,

Кўҳна тарих шодасида

Битта маржон, ўзбегим.

Ал Беруний, Ал Хоразмий,

Ал Фароб авлодидан,

Асли насли балки Ўзлуқ,

Балки Тархон, ўзбегим.

Ўтдилар шўрлик бошингдан

Ўйнатиб шамширларин

Неча қон, неча султон,

Неча минг хон, ўзбегим.

Тоғларинг тегрангда гўё

Бўғма аждар бўлди-ю,

Икки дарё - икки чашминг,

Чашми гирён, ўзбегим.

Қайсари Рум найзасидан

Бағрида доғ узра доғ,

Чингизу Боту тиғига

Кўкси қалқон, ўзбегим.

Ёғди тўрт ёндин асрлар

Бошингга тийри камон,

Умри қурбон, мулки торож,

Юрти вайрон, ўзбегим.

Давр зулмига ва лекин

Бир умр бош эгмадинг,

Сен - Муқанна, сарбадор - сен,

Эрксевар қон, ўзбегим.

Сен на зардушт, сен на буддий,

Сенга на оташ, санам,

Одамийлик дини бирла

Тоза имон, ўзбегим.

Маърифатнинг шуъласига

Толпиниб зулмат аро,

Кўзларингдан оқди тунлар

Кавкабистон, ўзбегим.

Туздию Мирзо Улуғбек

Кўрагоний жадвалин,

Сирли осмон тоқига илк -

Қўйди Нарвон, ўзбегим.

Мир Алишер наърасига

Акс-садо берди жаҳон,

Шеърият мулкида бўлди

Шоҳу султон, ўзбегим.

Илму шеърда шоҳу султон,

Лек тақдирига қул,

Ўз элида чекди ғурбат,

Зору нолон, ўзбегим.

Мирзо Бобур - сен, фиғонинг

Солди олам узра ўт,

Шоҳ Машраб қони сенда

Урди туғён, ўзбегим.

Шеъриятнинг гулшанида

Сўлди маҳзун Нодира,

Сийм танни ювди кўз ёш,

Кўмди армон, ўзбегим.

Йиғлади фурқатда Фурқат

Ҳам муқимликда Муқийм,

Нолишингдан Ҳинду Афғон

Қилди афғон, ўзбегим.

Тарихинг битмакка, халқим,

Мингта Фирдавсий керак,

Чунки бир бор чеккан оҳинг

Мингта достон, ўзбегим.

Ортда қолди қўҳна тарих,

Ортда қолди дард, ситам,

Кетди ваҳминг, битди заҳминг,

Топди дармон, ўзбегим.

Бўлди осмонинг чароғон

Толе хуршиди билан,

Бўлди асрий тийра шоминг

Шуълаафшон, ўзбегим.

Мен Ватанни боғ деб айтсам,

Сенсан унда битта гул,

Мен Ватанни кўз деб айтсам,

Битта мужгон ўзбегим.

Фахр етарман, она халқим,

Кўкрагимни тоғ қилиб,

Кўкрагида тоғ кўтарган

Танти деҳқон, ўзбегим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга

Не учун мадҳ этмайин!

Ўзлигим билмоққа даврим

Берди имкон, ўзбегим.

Мен буюк юрт ўғлидурман,

Мен башар фарзандиман,

Лекин аввал сенга бўлсам

Содиқ ўғлон, ўзбегим.

Менга Пушкин бир жаҳону

Менга Байрон бир жаҳон,

Лек Навоийдек бобом бор,

Кўксим осмон, ўзбегим.

Қайга бормай, бошда дўппим,

Шуҳратим, қадрим буюк,

Олам узра номи кетган

Ўзбекистон, ўзбегим.

Бу қасидам сенга, халқим,

Оқ суту туз ҳурмати,

Эркин ўғлингман, қабул эт,

Ўзбегим, жон ўзбегим.

Би-би-си Ўзбек хизмати Эркин Воҳидовнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг