"Мен у ерга бошқа қадам босмайман!"

Image caption Тошкент аэропортида келган хорижий йўловчилар учун рўйхатдан ўтиш борасида маълумот йўқ

Ўзбекистонга сафар қилаётган чет эл фуқаролари уч кун муддат ичида вақтинча рўйхатдан ўтишлари керак.

Ички ишлар вазирлиги Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг қоидаларига кўра: “Хорижий фуқаролар вақтинча бўлиш жойига келишгач Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида вақтинча рўйхатдан ўтишлари ёки меҳмонхоналарда ҳисобга туришлари шарт.”

“Чет эл фуқaросининг Ўзбекистондa бўлиш қоидaлaрини бузиши, яъни ... вaқтинчa ёки доимий пропискa юзaсидaн белгилaнгaн тaртибгa риоя этмaслиги” ва шунингдек бошқа қатор қоида бузишлари “энг кaм иш ҳaқининг эллик бaрaвaридaн юз бaрaвaригaчa миқдордa жaримa солишгa сaбaб бўлaди”, деб қайд этилган Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида.

Бу- регистрациядан ўтмагани учун белгиланган жарима 1300-1500 АҚШ долларигачани ташкил қилади, деганидир.

Ўзбекистонда туғилган Россия фуқароларининг баъзилари бу қоидалардан бехабарлар.

Улар Ўзбекистонга борганларида меҳмонхонада эмас балки кўпроқ қариндошларининг уйларида тўхтайдилар.

Кўплаб Россия фуқароларининг айтишларича, Тошкент аэропортида рўйхатга туриш борасида бирор-бир маълумот берилмайди.

Чегара ва божхона ходимлари келган йўловчиларни огоҳлантириб қўймайдилар ва уларга божхона қоғози билан бирга рўйхатдан ўтиш борасидаги маълумот етказилмайди.

Яқинда Россия фуқароларидан бири йигирма беш йилдан сўнг ўз ватанига қайтди.

Тошкентда ўз вақтида вақтинча яшаш жойида рўйхатга турмагани сабаб, катта миқдордаги жарима тўлашга мажбур бўлган.

Аёл, Ўзбекистондаги қариндошларини ўйлаб, ўз исми-шарифини эълон этмасликни сўради.

Image caption “Регистрациядан ўтмагани учун жарима миқдори энг кам ойликнинг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақи бор”

Аёл: Мен Тошкентга 25 йилдан бери бормагандим. Ўзим Тошкентда туғилиб ўсганман. Россияга кетгач, анчадан бери ўз қариндошларимдан узилиб қолгандим. Мен учун шу 25 йиллик муддат худди мавжуд бўлмагандек. Май байрамлари муносабати билан, ишхонамдан 10 кунга таътил сўраб, Тошкентга бориб келмоқчи эдим. У ерда раҳматли отам ва икки бувимнинг қабрларини зиёрат қилиб, қолган қўшни-қариндошларим билан дийдорлашишни умид қилгандим. Май ойи эди, Ғалаба куни, мен шундай хурсандчилик билан, шундай самимий ҳислар билан у ерга бордим. Чипта сотиб олишдан олдин, мен виза тартибини суриштирдим. Интернетда қарасам, Россия фуқароларига виза керак эмас, деб ёзилган. Мен янада хурсанд бўлиб, ўз ватанимга қайтаяпман, деб ўйлагандим. Тошкентда мени жуда яхши кутиб олишди, хамма жойга олиб боришди, ҳамма ерда байрамона кайфият, мен жуда ҳам мазза қилдим. Менга “сен регистрациядан ўтишинг керак,“ деб ҳеч ким ҳеч нарса демаганди.

Би-би-си: Лекин сиз борди-келди қилиб юрган ўзбекистонлик одамлар билан мулоқотда бўлгансиздир, улардан эшитишингиз мумкин эди-ку?

Аёл: Мен фақат телефонда гаплашиб турардим ва ўзимнинг яқинларимнинг ҳаммаси шу ерда. Энди онам баъзан ўз қариндошлари, қариб қолган холаларим билан гаплашиб туради.. Лекин улар ҳам бундай қоидалардан бехабар эдилар. Кейин мен Тошкентда туғилганлигимни инобатга олиб, демак, менга ўхшаганларни у ерга худди ўз ватанига қайтаётгандек қабул қилишади деб ўйлагандим. Хаёлимга сира ҳам кирмаган эди бу. Мен Тошкент аэропортига учиб борганимда ҳеч қаерда, ҳеч қандай эълон ёки огоҳни кўрганим йўқ. Божхона ходимлари ҳам Россия паспортимни кўра туриб, огоҳлантирмадилар.

Би-би-си: Лекин сиз шу регистрациядан ўтишингиз кераклиги ҳақида қачон билиб қолдингиз?

Аёл: Қайтишимга бир кун қолганда, мен телефонда бир танишим билан хайрлашиб гаплашганимда, у мендан рўйхатдан ўтдингми, акс ҳолда сени қамаб қўйишлари мумкин, деб айтди. Мен лол қолдим. Мен қариндошимникида турган эдим, ўша заҳоти қариндошим ОВИРми, билмадим, қаергадир югуриб борди ва паспортимни кўрсатди. Ундан паспортимни олиб қолишди. Эртаси куни мен ўша идорага бордим ва паспортимни олиб қолишганига ўз норозилигимни билдирдим. “Менинг паспортимни олиб қолишга ҳаққингиз йўқ”, деб айтдим, “мен шахарда қандай қилиб паспортсиз юраман? Биров тўхтатса-чи?“ “Ҳеч ким тўхтатмайди,” деган жавобни эшитдим. Мен жуда хафа бўлдим. “Айбим нима?” деб сўрасам, у ердаги ходим тумшуғимга Кодексни тиқиб, саҳифани кўрсатди. У ерда “регистрациядан ўтмагани учун жарима миқдори энг кам ойликнинг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақи бор” деб ёзилган экан. Ўзбекистонда минимал ойлик 130 минг сўм этиб белгиланган. Демак менга эллик бараварида жарима ёзишганини инобатга олсак, жарима миқдори олти миллион сўм бўлади. Долларда эса бу 1500 доллар бўлади. Мен улардан, “қаердан олдинглар бундай суммани”, деб сўрадим. Ким бундай нарсаларни ўйлаб чиқарган, сизнинг Думангиздаги мулозимлар бу рақамларни осмондан олишганми? Бизнинг Россиямизда бундай катта жарималар белгиланмайди. Ахир, мен ишлайдиган аёл бўлсам, бой интурист бўлмасам, қандай қилиб бундай маблағни тўлашим мумкин? Оддий одамлар бундай маблағни қаердан олишсин? Мен йигирма беш йил ишлаб Ўзбекистонга бориш учун ўз ойлигимдан жамғариб тежаб борганман. Кимда бунча пул бор?

Би-би-си: Эҳтимол, қонун бузган чет элликларнинг молиявий қобилиятига мослаштириб шундай жаримани белгилашгандир?

Аёл: Мен қонунни бузганим йўқ! Мени ҳеч ким огоҳлантирмади, мен ноқонуний ҳаракатларни амалга оширганим йўқ! Мен фақат паспорт режими қоидаларидан бехабар бўлиб, ўз вақтида регистрациядан ўтмаганман. Ахир, менинг Тошкентда туғилганимни, исмим, фамиялиям ўзбеклигини инобатга олишлари керак-ку. Ёки биринчи марта жаримани кичикроқ миқдорда белгилашлари керак, иккинча марта бузилса, жарима миқдорини кўтаришлари мумкин. Мисол учун, машина ҳайдовчилари учун йўл қоидасини бузганлари учун белгиланадиган жарималар каби. Бу ерда эса, тўсатдан, бошимга бир ярим минг доллар тўлашинг керак, деб ургандек бўлишди. Ахир, бу реал эмас-ку!

Би-би-си: Охир-оқибат муаммони қандай қилиб хал қилдингиз?

Аёл: Энди, нима десам бўлади? Қариндошларимнинг ёрдами билан бир амаллаб муаммони ҳал қилдим. Энг алам қиладигани шуки, Россияга қайтгач, мен суриштирдим, регистрациядан ўз вақтида ўтмаган Ўзбекистон фуқароларига қўйилажак жарималар миқдори анчайин паст экан. Яъни, 100 АҚШ долларидан ошмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ўзбекистонга сафар қилган саёҳлар мамлакатнинг ўта қаттиқ қоидаларидан шикоят қиладилар

Би-би-си: Ушбу машаққатлардан ўтиб, Ўзбекистонга қилган сафарингиз қандай таассурот қолдирди сизда?

Аёл: Энди пул нуқтаи-назаридан гапирсак, сафар тасасуротларимга унча салбий таъсир қилди деёлмайман. Чунки мен пул масаласига енгиллик билан қарашга ҳаракат қиламан. Бироқ, мени адолатсизлик жуда хафа қилди. Мен бундай адолатсизликни бошимдан кечириб, ўзимга ваъда бердимки, Ўзбекистонга ҳеч қачон бошқа бормайман деб! Тошкентга қўнишим билан, божхонадан ўтаяпман, ходимларга паспортимни бераяпман, уларга юрагимни очиб, мен йигирма беш йил бўлмадим, жуда ҳам хаяжонлаяпман, дедим.. Бутун самимият билан борганидим.

Би-би-си: Божхона ходимлари ёки чегара ходимлари сизга “қоидамиз бундай” деб тушунтириб, ёки паспортингизга қоғоз-варақ солиб қўйишмадими?

Аёл: Ҳеч ким, ҳеч нарса айтгани йўқ, қандай ўтган бўлсам, шундай ўтдим. Аэропортда маълумот бўлмаса, одамлар регистрациядан ўтиш борасидаги маълумотларни қаердан олишлари мумкин? Мен виза керак эмаслигини билганимдан кейин регистрациядан ўтиш хаёлимга ҳам келмаган. Ҳаттоки мен уйларида турган қариндошларим ҳам билишмаган. Уларни ҳам жаримага тортишди. Ҳафсалам пир бўлди. Улар олдида уятли бўлдим. Улар менга мезбонлик қилиб, мени айлантириб юришди, меҳрибончилик кўрсатдилар. Бунинг устига яна пул тўлашларига тўғри келди. Менимча, маълумотларнинг йўқлиги туфайли, одамлар мана шундай ҳолатга тушмоқдалар. Дорга осилсангиз ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун мен айтдим, мен у ерга бошқа қадам босмайман!

Би-би-си: Россияда сизга нисбатан маҳаллий аҳоли қандай муносабатда? Улар сизни “ўзимизники” дек қабул қилишадими?

Аёл: Ажойиб қабул қилишади. Мен 1985 йилдан бери шу ердаман. Оилам шу ерда, онам ҳам. Менга нисбатан маҳаллийларнинг муносабати яхши. Мен ўзим одамларни яхши кўраман, кўнглим очиқ, ҳаммага самимий муносабатда бўламан.

Би-би-си: Ўзлик ҳақида сўрасак, сиз ўзингизни россиялик деб ҳисоблайсизми ёки ҳамон ўзбекистонлик сифатида тақдим этасизми?

Аёл: Бошида кетганимда, мен ўзимни ажратмас эдим. Мен учун ўзлик қандайдир сунъий тушунча. Ўзимни шу пайтгача ҳам россиялик ва ҳам ўзбекистонлик деб ҳис қилардим. Лекин, Ўзбекистонга боргач, айнан ўша ерда ўзимни бегонадек сездим. Мен Ўзбекистонга чет эллик ва бегона бўлиб қолипман. Мени у ердагилар тўла қабул қилишмади. Яъни, қариндошларимни айтмаяпман, лекин шаҳар, бутун вазият мени ўзиники деб қабул қилмади. Одамларга бундай муносабатда бўлиш мутлақо мумкин эмас.

Сиз ҳам шундай ҳолатга тушганмисиз ёки шундай ҳолатга тушган инсонларни биласизми?Ўз фикр-мулоҳазаларингизниuzbek@bbc.co.ukэлектрон почтаси ёки BBC UZBEKнинг социал медиадаги саҳифалари орқали бўлашинг.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг