"Ўзбекистон ҳукумати бюджетчиларни яна чопиққа мажбурламоқда"

Ўзбекистон-Олмония Инсон Ҳуқуқлари Форуми мамлакатдаги баҳорги дала ишларига одамларни мажбуран жалб этилиши ҳолатларини ўрганиб янги ҳисобот эълон қилган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати бу йил ҳам давлат бюджетидан молияланадиган идора-ташкилотларнинг ходимларини ўз ихтиёрларига зид равишда ғўза чопиғига жалб этмоқда.

Жумладан, ўқитувчи ва шифокорлар далаларга олиб чиқилган, ҳисобот муаллифлари тахминича, улар ушбу ижтимоий қатламнинг 10-20 фоизини ташкил этади.

30 май куни эълон қилган ҳужжатга кўра, пахта далаларида чопиқ ишлари апрел ойи охирида бошлангани ва июн ойи охирига қадар давом этиши айтилган. Ташкилот Ўзбекистон ҳукумати томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалларини мамлакатнинг олти вилоятида мониторинг қилганини таъкидлаган.

Ташкилот аъзолари билан бўлган суҳбатларда ишчилар далага чиқиб ишлашдан кўра мардикор ёллаб, масалани ҳал қилишни маъқул кўрганларини айтганлар. Ҳисоботга кўра, бир тадбиркор, ишчи ёки хизматчи учун бу тадбир 10-30 АҚШ долларига тушган. Нақд пул бериб одам ёллаш учун ишчи ва хизматчилар пластик карталаридаги пулларнинг 10-15 фоизидан воз кечиб, нақд пул - “обналичка” қилишга мажбур бўлганлар.

Ҳисоботда Сирдарё вилоятининг "Оқ олтин", Мирзаобод, Боёвут ва Пахтаобод туманларида ўқитувчи ва мактаб ишчиларининг ҳукумат вакиллари томонидан ғўза чопиғига юборилгани айтилган. Ташкилот экспертлари билан интервьюларда сирдарёлик ўқитувчилар чопиқ ишларидан нолиганлар.

Жумладан, номи ошкор этилмаган Сирдарё вилоятидаги ўрта мактаблардан бирининг ўқитувчиси шундай дейди: “15 май дам олиш куни бўлишига қарамасдан, бизнинг мактабдан ҳамма ўқитувчилар чопиққа чиқишлари кераклиги айтилди. Бизга ҳафта ичида бир кунгина дам олишга ҳам рухсат йўқ. Ҳамма тўловларни ўзимизнинг ёнимиздан тўлашимиз керак. Далага қатнайдиган автобуслар текин, бироқ биз далага эрталаб азонда боришимиз учун таксига ўтиришимиз керак. Умуман олганда, даладаги чопиқ ишлари мен учун ҳар томонлама қўшимча тўлов ва қўшимча иш демакдир.”

Гулистон шаҳридаги мактаб ва касалхоналар 25 фоиз ишчиларини жалб қилинганлари айтилган ҳисоботда. Ўқитувчилардан бири шундай дейди: “22 май дам олиш куни бўлиши керак эди. Мен “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танловида иштирок этиб келаётган эдим. Мен ҳамма керакли ҳужжатларни вилоят Халқ Таълими бошқармасига топширишга тайёрлаб қўйгандим. Мактаб директори танловда қатнашишимни тақиқлади. Таълим сифати ва ўқитувчиларнинг ютуқлари улар учун муҳим эмас. Ягона муҳим нарса бу пахта, ҳозир эса чопиқ…”

Тадбирдан бош тортган ёки етарлича хизмат кўрсатмаган ҳолларида ишчилар жаримага тортилишлари ёки ишдан бўшатилишлари ҳақида огоҳлантирилганларини айтганлар.

Фарғона вилоятидан олинган мониторинг хулосалари шуни кўрсатадики, май ойида амалдорлар ўқитувчилардан пахта далаларини тозалаш кампанияси учун 2000 сўмдан йиғиб олганлар. Бу пулларга фермерлар кунига 15000 сўмга мардикор ёллаганликлари айтилади.

Форумнинг Жиззах вилоятидаги кузатувларига кўра, ўқитувчилар чопиқ ишларига ҳамда қовоқ экишга жалб қилинганлар. Ўқитувчилар ва мактаб ишчилари кунига 3 соатлик танаффус билан 10 соат ишлашлари талаб қилинган.

Жиззах ва Сирдарёдаги амалдорлар мактаб ва шифохона раҳбарларидан чопиқ ишларини бошқаришни ва далаларни ғўза экишга тайёрлашни буюрганлари айтилади. Жиззахда амалдорлар фермерларни жарималар билан қўрқитиб, пахтадан бошқа экинларни экиш мумкин эмаслигидан огоҳлантиришган. Фермерлар эса пахта экишнинг "уловидан тушови қиммат" эканлигини таъкидлаганлар ва пахтадан фақат қарзга ботишларини айтганлар.

Ўзбекистон ҳукумати йиллар давомида пахта ва буғдой олди-соттисини назорат қилиб келади. Бу йилдан бошлаб эса ҳукумат мева ва сабзовот етиштиришга талабни кучайтиргани маҳаллий нашрларда хабар қилинди.

Маҳаллий матбуот хабар қилишича, ҳукумат ғўза майдонлариини қисқартириш ва мева-сабзавот экинларини кўпайтиришга қарор қилган.

Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳарчасидан ўқитувчилар 10 кунлик чопиқ ишларига жалб қилинганликлари ҳақида хабарлар тарқалган. Бундан ташқари, Нукус Педагогика Институти талабалари чопиқ ишларида қатнашганлар.

"Далалардаги мажбурий меҳнатга жалб қилиш Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 105-конвенциясига зиддир. Ўзбекистон иқтисодий ўсиш мақсадида фуқароларни мажбурий меҳнатга мажбурламасликни бўйнига олган ҳолда ушбу конвенцияга 1997 йилда қўшилган", дея эслатади Ўзбекистон-Олмония Инсон Ҳуқуқлари Форуми.

Шу кунларда Walk Free Foundation жамғармаси янги қуллик индексини эълон қилган ва Ўзбекистон ҳукуматининг ҳамон ўз халқини қуллардек эксплуатация қилаётганинитаъкидлаган.

Walk Free Foundationга кўра, Ўзбекистонда 1 миллион 236600 киши замонавий қулликда қолмоқда.

Бу жами аҳолининг 3,9 фоизи дея хомчўт қилади халқаро жамғарма.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ