Walk Free Foundation: Россияда 1 миллиондан ортиқ қул бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Walk Free Foundation ташкилоти навбатдаги Глобал қуллик индексини эълон қилган.

Янги ҳисоботга кўра, Россияда у ёки бу шаклдаги қулликда 1 миллиондан ортиқ инсон сақланмоқда.

Walk Free Foundation жамғармаси ҳисоб-китобларига қараганда, дунё бўйлаб 45 миллион 800 минг киши қулликда қолмоқда ва уларнинг 58 фоизи Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Бангладеш ва Ўзбекистондадир.

Жамғарма ўзининг янги ҳисоботи расмий статистик маълумотлар, ноҳукумат ташкилотларининг ҳисоботлари ҳамда замонавий қуллик қурбонига айланган инсонлар билан интервьюлар асосида тузилган.

Экспертлар замонавий қул деб бирор бир фаолият тури билан шуғулланишга мажбур этилган, ўзи ихтиёрига қарши иш қилиши учун таҳдид қилинган, жисмоний зўрлик қўлланган ва ёки бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланилган инсонларни тушунадилар.

Шунингдек, уйдаги қуллик ёки ўз ихтиёрига қарши турмуш қуриш ҳам замонавий қуллик шакли деб кўрилади.

Ҳисобот муаллифлари замонавий қуллар барча ҳуқуқларидан маҳрум этилишларини айтадилар.

Бунга мисол қилиб Россия ёки бошқа мамлакатда тушиб қолган кўплаб ўзбекистонликлар тақдирини келтириш мумкин: бошқа мамлакатга келган инсоннинг паспортини олиб қўядилар, ўзига таҳдид қилиб ишлашга мажбур этадилар.

Walk Free Foundation жамғармасига кўра, Россиядаги қулларнинг сони аҳоли сонига солиштирганда унча кўп эмас: ташкилот бу рақамни 0,7 фоиз деб ҳисоблайди.

Аҳолисининг сонига қиёсланган рўйхатда Walk Free Foundation Ўзбекистонни Шимолий Кореядан кейинги 2-ўринга қўйган.

Ташкилот Ўзбекистон аҳолисини 31 миллион 125 минг деб олган ва жами аҳолининг 3,9 фоизи замонавий қуллик қурбонига айланган деб кўради.

Бу 1 миллион 236600 ўзбекистонлик замонавий қулликда қолмоқда деганидир.

Walk Free Foundation Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Украинани фуқароларининг ижтимоий муҳофазаси паст мамлакатлар қаторига киритган.

Бу дегани бу мамлакатлар фуқароларининг қулликка тушиб қолиш эҳтимоли каттадир.

Бундан олдинги йилларда ҳам Ўзбекистон ҳукумати ўз халқини қул қилаётгани хабар қилинган эди.

"Ўзбекистон ўз халқини қул қилмоқда"

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда мажбурий меҳнатга қарши курашга киришилганини таъкидлаб келади, бироқ сўнгги йиллардаги пахта йиғим-терим мавсумлари ҳамон давлат ўз фуқароларини пахта хомашёсини териб олишга мажбурлаётганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда қуллик пахта ишлаб чиқаришда кенг тарқалган, деб ҳисоблайди Walk Free Foundation.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, яна давлат бюджетидан молияланадиган идора-ташкилотларнинг ходимлари ғўза чопиғига мажбурланмоқдалар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас