Ислом Каримовни Ғарб ўз "оғушига олаяптими"?

Image caption Ғарбнинг "конструктив мулоқот" истагидан Президент Каримов манфаатдор.

Сўнгги вақтларда Ғарб давлатлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор аҳволга кўз юмаётганлари ҳақида танқидий фикрлар билдирилмоқда.

Ғарб томонидан Ислом Каримовни яна ўз доирасига аста-секин қабул қилиш силжишлари юз бераяптими ёки бу ҳаракатларнинг ортида бошқа сабаблар борми?Би-би-си Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллис билан суҳбатлашди.

Жоанна Лиллис: Ғарбнинг сўнгги йилларда Президент Каримов билан иш олиб бориш стратегиясида кескин ўзгаришлар юз берди деб ўйламайман. Назаримда, Ғарб давлатлари Каримовга нисбатан, уларнинг ўзларининг таъбирича, “конструктив мулоқот” сиёсатини юрғизишни давом эттиришмоқда. Яъни уларга кўра, президент Каримовни олабўжи қилиб кўрсатиш ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қилмайди. Ғарб Каримов каби давлат раҳбарлари билан уларни ихоталаб қўйишдан кўра, доимий мулоқот ушлаб туришни афзал кўради. Мулоқот бор экан, демак, ўзгаришларга ҳам йўл очилади, деган маънода. Бироқ танқидий назар билан қараётганларга кўра, гарчи Ғарб раҳбарлари у билан мулоқотни ушлаб туришса ҳам Президент Каримов ҳеч қандай ён беришга боргани йўқ. Назаримда, мазкур “конструктив мулоқотни“ ушлаб туриш масаласи кун тартибида ҳамон қолмоқда. Бироқ омма кўзи ўнгидаги шахсий мулоқотлар ҳақида гапирадиган бўлсак, охирги йилларда Президент Каримов Ғарб мамлакатларига жуда кам сафар қилади. Биз, асосан, кўпроқ Ғарб сиёсатчиларининг Ўзбекистонга қилган ташрифларига гувоҳ бўлаяпмиз. Бундан ташқари, АҚШ Афғонистонда ўз ҳарбий амалиётлари миқёсини камайтиргани сайин Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти ҳам пасайиб бораётир.

Image caption Президент Каримов Ғарб мамлакатларига кам сафар қиладиган бўлиб қолган.
Би-би-си: Ислом Каримов режими танқидчиларининг айтишларича, Ғарб Каримовни тўлалигича реабилитация қилган. Сиз бунга нима дейсиз?

Жоанна Лиллис: Мен бунга шундай деган бўлардим: Бу танқидчилар маълум даражада тўғри гапиришяпти. Чунки сўнгги вақтда биз Ўзбекистондаги абгор инсон ҳуқуқлари вазиятига оид бирор-бир кучли қораловчи баёнотни эшитганимиз йўқ. Андижондаги тинч намойишчилар билан боғлиқ қирғинга ўтган йили 10 йил бўлди. Бироқ Ғарб раҳбарларидан қирғинни мустақил тергов қилиш борасида бирор-бир янги силжиш кўзга кўринмади. Инсон ҳуқуқлари фаоллари билан боғлиқ вазият кундан-кунга ёмонлашиб бораяпти. Ғарб учун бу мавзуларни кўтариш учун Андижон қирғинининг ўн йиллиги қулай имконият яратганди. Яъни улар ёпиқ эшик ортида Ўзбек мулозимлари билан мазкур масалаларни муҳокама қилишлари мумкин эди ёки омма олдида жавобгарликка тортишлари мумкин эди. Бироқ, бундай бўлмади. Бу жуда ҳам ачинарли. Андижон қирғинининг вақти ўтиб кетаяпти ва Ўзбекистон ҳамон жавобгарликка тортилгани йўқ.

Би-би-си: Ўзбекистонликлар ўз телевидение ва матбуотида Президент Каримовнинг ҳамиша Ғарб раҳбарлари билан кўришаётганини кўрмоқдалар. Улар, сиз айтганингиздек, “конструктив мулоқот” жиҳатларидан умуман бехабар. Уларнинг наздида, Ўзбекистон ҳеч кимга жавобгар эмас ва ҳамма нарса одатдагидек кетаяпти, шундай эмасми?
Image caption Андижон қирғини 10 йиллиги Ғарб матбуотида кенг ёритилган бўлса-да, Ғарб раҳбарлари мустақил тергов чақириқларини қайта кўтарганлари йўқ.

Жоанна Лиллис: Тўғри, худди шундай. Ғарб билан қандай учрашув бўлмасин, Ўзбек матбуоти Ўзбекистон расмийларининг мулоқотларини доимо ўзлари учун манфаатли қилиб намойиш этади ва айнан бу жиҳатдан ғарбдагилар бехабар. Бундай ташрифларни, хоҳ расмий даражада бўлсин, хоҳ норасмий, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мунтазам вa ҳаддан зиёд кўп ёритади. Ўзбекистон матбуотида бу каби ташрифлар ҳукуматни қўллаб-қувватловчи ва дастакловчи, Президент Каримов олиб бораётган сиёсатни тасдиқловчи далиллар сифатида намойиш этилади. Аслида эса бундай эмас. Ўзбекистон ичидаги одамларни расмий матбуот бундай янгиликлар билан "тўйдириб ташлайди". Ва бундай хабарлар нафақат Ғарбдан келган юқори лавозимли меҳмонларга тааллуқли. Мисол учун ўтган йили президентлик сайловларига борган қатор Ғарб кузатувчилар сайловларни ёритишган. Уларнинг ҳозирлиги ва улар қилган ёки қилмаган шарҳлар, сўзлари контекстдан суғуриб олинган бўлиши мумкин, биз буни аниқ билмаймиз - яъни уларнинг сўзлари ва ҳозирлиги сайловларни демократик бир жараёндек тақдим этиш учун истифода қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ғарб Ўзбекистоннинг Россия таъсирига тушмаслигини хоҳлайди.
Би-би-си: Демак, Президент Каримовнинг Ғарб ҳамжамиятига тобора қабул қилиб борилаётгани борасидаги фикрлар ҳақиқатга яқин деб айтишимиз мумкинми?

Жоанна Лиллис: Ўйлашимча, улар ҳақиқатга яқин. Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари бузилаётгани борасида сақлаётган сукути Тошкент томонидан "статус кво", яъни мавжуд ҳолатни қабул қилишдек талқин қилинмоқда. Расмий Тошкент айнан бу назарни мустаҳкам ушлаб турибди ва аксар инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам шундай фикрдалар. Уларнинг Ўзбек ҳукуматини жавобгарликка тортиш борасидаги тинмай қилаётган ҳаракатлари самара бермаяпти. Дарҳақиқат, Каримовни Ғарб ўз "бағрига" олаётгандек кўриниши мумкин, чунки бир жиҳатдан, Ўзбекистон йилларки стретегик шерик ролини ўйнаб келган ва ҳозирда ҳам, Россия билан рақобатчиликда Ғарб ўзбекларнинг кўнглини топишга уринмоқда. Хусусан, Украина можароси ортидан Оврўпо давлатлари ва АҚШ, собиқ Шўро мамлакатлари Россия таъсирига ўтмаслигини истаб, геосиёсий сабаблар туфайли ушбу мамлакатлар билан илиқ ва инсоний мулоқотни парваришлашга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзбекистон эса бундай вазиятдан фақат ютади, холос.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEKYou
  • Tube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ