Елена Урлаева: "Мени калтаклашди"

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева Руҳий хасталиклар касалхонасидан чиқарилган.

Фаол касалхонага март ойида мажбуран ётқизилганди.

Елена Урлаеванинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Тошкентдаги бир қанча хорижий давлатлар элчихоналари ва қатор халқаро ташкилотлар аралашуви ортидан озодликка чиқишга муваффақ бўлган.

Елена Урлаева касалхонага олиб кетилишидан сал аввал Меҳнаткашлар Ҳуқуқлари халқаро мукофоти билан тақдирланганди.

Унинг айтишича, касалхонада унга нисбатан психотроп моддалар қўллангани ва беморлар томонидан калтаклангани туфайли ҳозирда аҳволи яхши эмас.

Елена Урлаева: Касалхонада эканим қарийб уч ой давомида менга психотроп воситалар қўллашди. Бошида касалхонадаги бошқа беморлар томонидан калтакланиш ҳолларига ҳам дуч келдим. Муносабат ҳам қўпол эди. Шу боис ҳам, ўзимни ҳозир яхши ҳис этаётганим йўқ.

Би-би-си: Сизни касалхонадан қўйиб юборишгани сабабини нима билан изоҳлашди?

Елена Урлаева: Менга бу хусусда бирор бир изоҳ беришгани йўқ. Назаримда, улар мени Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкент саммитидан кейин озод этишмоқчи эди. Шу боис ҳам, шу ой охиригача касалхонада тутиб туриш режасида эдилар. Аммо, менга аён бўлишича, Америка ва Олмония элчихоналари вакиллари аралашишган. Менимча, шундан сўнг мени муддатидан олдин, бирор бир изоҳсиз қўйиб юборишган.

Би-би-си: Касалхонада эканман, мени бошқа беморлар калтаклашди, менга қўпол муносабат қилишди, дедингиз...Бу каби ҳоллар юзасидан касалхона масъуллари, Бош шифокорга мурожаат қилмадингизми? Қилган бўлсангиз, уларнинг бунга муносабатлари қандай бўлди?

Елена Урлаева: Мен бу ҳақда Бош шифокорга ҳам, навбатчисига ҳам шикоят қилдим. Калтаклар натижасида лабим ёрилган, баданларим тирналиб кетганди. Аммо улардан бирор бир муносабат бўлмади. Касалхона ходимлари беморлар мени калтаклаётган пайтларида ҳам аралашишмасди. Деярли ҳимоя ҳам қилишмасди. Қайтанга мени жосус, ёмон деб, уларни гижгижлашарди. Мен буни шундай қолдирмоқчи эмасман. Шикоят қилмоқчиман.

Би-би-си: Бундан кейинги режаларингиз қандай? Ҳалиям инсон ҳуқуқлари фаоли сифатидаги фаолиятингизни давом эттирмоқчимисиз?

Елена Урлаева: Эртадан бошлаб ишга киришмоқчимиз. Қиладиган ишларимиз бирталай. Инсон ҳуқуқлари фаолияти сифатидаги ишимни бундан кейин ҳам давом эттирмоқчиман. Ҳозир пахта чопиғи бошланган. Далаларни кузатиб, пахтани ким чопиқ қилаётганини назорат қилишимиз керак. Бу катта муаммолардан биттаси. Шу боис ҳам, иш кўп. Ишлашимиз керак.

Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати ва яна қатор соҳаларда изчил мониторинглар олиб борган Елена Урлаева аввал ҳам бир неча маротаба ўз иродасига қарши Руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг