Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Аксарият Каримовдан кейин нима бўлишини тасаввур қилмайди'

Би-би-си Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ички ва ташқи сиёсатига бағишланган дастурларни тайёрлаган.

Бундан олдин минтақавий масалалар бўйича таҳлилчи Жоаннна Лиллис билан Президент Каримовнинг Ғарб ва Россия билан муносабатларига назар ташланган эди.

Бу сафар эътибор мамлакат ичкарисида Президент Каримов шахсига муносабатга қаратилди.

Би-би-си мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов билан боғланиб, Ўзбекистон ичкарисида Президент Каримовга муносабат қандай? Каримовни ота-юртбоши сифатида кўришаяптими ёки муваққат раҳбардек?- деб сўради.

"Каримов ҳокимиятга келган вақтдан бери 25 йил вақт ўтди. Бу бир инсоннинг балоғатга етган ёши. Шу нуқтаи назардан, ўзбекистонликларнинг аксариятида Каримовга нисбатан Ўзбекистоннинг доимий раҳбари, юртбошиси деган фикр шаклланган. Лекин турли тоифадаги одамлар турлича қарашади. Масалан, мухолиф қарашдаги одамлар учун Каримов эртага кетса, сиёсий воқеалар нима бўлади, деган фикрлар бор".

Ўртада шунчалик катта вақт ўтди. Балки яна беш йил ўтар, ўн йил ўтар. Бироқ жуда кўпчиликнинг онгида президентдан кейин бўладиган воқеликнинг яққол тасаввури йўқ, дейди у.

Баъзан "Каримов кексайиб қолди ва бундан атрофдагилари фойдаланиб мамлакат манфаатига хизмат қилмайдиган ишларга қўл ураяптилар", деган гаплар эса соғлом фикрловчи одам учун асоссиздир, деб ҳисоблайди журналист. "Мана шундай ўйловчи одамлар президентни асл сабаблар, асл жавобгарликдан қутилтириш, таянч нуқтасини бошқа жойга кўчириш учун "Бу одамни алдашади-да, бу одамнинг хабари йўқ кўп нарсадан каби" ҳар хил афсоналар тўқиб чиқаришади. Бу айнан президент яратган сиёсат, президент яратган тузум. Шунинг учун уни масъулиятдан соқит қилиб бўлмайди".

Каримовдан кейин ким келиши одамларни қизиқтиради, лекин бу масала ошкора муҳокама қилинишга қўриқилади ёки истиҳола қилинади, дейди Ташанов. Чорак асрлик давр катта давр. Бу одамларнинг онгига ижтимоий даврни маълум даражада михлаб қўяди. Шу боисдан, ҳушидан кетаётган одам бўладику, асл вазиятни билиб туради, лекин унга таъсир қила олмайди. Халқ тили билан айтганда ижтимоий онгни, одамларнинг онгини бир фалажланган ҳолатда дейиш мумкин ҳозир.

Бундан ташқари журналист Каримов сиёсатига нисбатан шахсларнинг муносабатига тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, мухолифат ичида бўлган баъзилар уни тарк этиб, ҳукуматга яқинлашгани ёки аксинча Каримов атрофидаги бошқа шахсларнинг мухолифатга ўтиб кетган ҳолатлар ўша инсоннинг ўз феъл-атворидан келиб чиқиб қабул қилган қарор ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.