Авакян+4 иши қайта кўриб чиқилиши керак!

Image caption Фаоллар Авакян+4 ишини қайта кўриб чиқишга чақирганлар.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи ва қатор ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон Президенти ҳамда халқаро идораларга мурожаат қилиб, Авакян+4 иши қонун меъёрлари асосида қайта кўриб чиқилишини талаб қилганлар.

2015 йил 4 сенябрда Миллий хавфсизлик хизматининг Жиззах вилоят бўлими ходимлари Пахтакор туман яшовчилари Арамаис Авакян, Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Аминов ва Акмал Маматмуродовларни ҳибсга олган, дейилади баёнотда.

40 кун давомида уларнинг қаерда эканлиги ҳақида оила аъзоларига хабар берилмаган.

Кейинроқ Авакян ва бошқа судланувчилар ўзларини 4 ой давомида иқрорлик кўрсатмаларини олиш учун босимлар ва қийноқларга тутилганларини айтганлар. Бироқ ҳакам уларнинг гапларини инобатга олмаган.

Бешовлон Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Терроризм, конституцион тузумга тажовуз, қўпорувчилик, ўғирлик, диний, экстремистик ташкилотлар тузиш ва иштирок этиш каби қатор оғир жиноятларда айбдор деб топилиб, 2016 йил 19 февралда йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилганлар.

Маҳкама Ўзбекистон Процессуал кодекси ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда ўтказилгани таъкидланади мурожаатда.

Жумладан, Арамаис Авакян насроний бўлиб, ислом фундаментализмига алоқаси йўқлиги, барча айбловлар унинг Жиззахдаги маҳаллий раҳбарлар билан келишмовчилиги орқасидан ва унинг бизнесини тортиб олиш мақсадида сохта ўйлаб чиқилгани айтилади.

Баёнотда келтирилишича, Авакян ва у билан бирга судланганларнинг ҳимоячилари босимлар остида ҳимоя қилишдан воз кечишларига тўғри келган.

Авакянни маҳкамада ҳимоя қилган Одил Қобиловга эса жиноий иш очилиб, 7 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

2016 йил феврал ойида ташкил қилинган Авакян+4 қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини ОИ чақириқларига қулоқ тутишга, Арамаис Авакян ва унинг дўстлари, шунингдек, ҳимоячиси Одил Қобиловнинг ишини республика ва халқаро қонун меъёрлари асосида кўриб чиқишга чақиради.

Президент Ислом Каримовга ҳамда БМТ, Оврўпо Иттифоқи, ОХҲТ, Human Rights Watch, Amnesty International, Freedom House каби ташкилотларга йўлланган баёнотга ҳуқуқ фаоллари Суръат Икромов, Вардан Арутюнян, Елена Урлаева, Умида Ниёзова, Виталий Пономарёв, Роза Акилбекова, Жанна Алексанянлар имзо чекканлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ