Тошкентдан мактублар: Ҳожатхонага паспорт билан

Бундан бир неча йиллар аввал америкалик киноижодкорлар томонидан яратилган “Сен уйқудалигингда” деган филмни кўрган эдим.

Воқеа қаҳрамони (актриса Сандра Баллок) йигит билан гаплашаётиб, “Доим чўнтагимда паспортимни олиб юраман. Чунки кимдир Италия саёҳатига таклиф қилиб қолса, паспорт олиш учун уйга бориб вақт йўқотмаслик учун”, дейди.

Бугун Ўзбекистонда ҳам ҳамма паспортини чўнтагига солиб юради. Йўқ,сиз ўйламанг, ўзбекистонликларнинг ҳаммаси осонгина саёҳатга учиб кетади ёки ўзбеклар ҳам Сандра Баллок каби хаёлпараст экан, деб.

Аслида гап бошқа ёқда.

Нима учунлигини билмайман, аммо бир вилоятдан иккинчи вилоят ҳудудига ўтиш, давлат ташкилотларига кириш, метрога тушиш учун ҳам паспортингиз бўлиши керак. Бу қонун-қоидани ким, қачон, нима учун чиқарганлигини ҳеч ким билмайди, аммо банк эшиги тагида турган милиция формасидаги хизматчилар ҳам, вилоятдан вилоятга ўтиш жойидаги “постлар”да турган аскар кийимидаги йигитлар ҳам паспортингизни албатта текширишади.

Мени ҳайрон қолдирадиган бир жиҳат улар паспорт эгасининг кимлигига мутлақо қизиқмаслиги. Паспортнинг расми бор жойини бир кўриб қўйса бўлди.

Ё уларнинг хотираси фотохотира ё-да миллионта одамдан биттасида учрайдиган, яна исм фамилияларни сониялар ичида ёд олиш қобилиятига эга аллақандай фавқулодда истеъдод соҳиби улар.

Тошкентда-ку, яшаб бўлмай қолди. Худони берган куни паспорт текшириш, прописка текшириш. Уйига келган меҳмонлар ҳақида соатлаб тушунтириш бериш ва тушунтириш хати ёзиб ўтириш кўпчиликнинг асабини эговлаётганига ҳам кўп вақт бўлиб қолди.

- Уй хўжайинимнинг номида, - дейди тошкентлик аёллардан бири,- 35 йиллар аввал вилоятдан кўчиб келганмиз. Шу кунгача турмуш ўртоғимнинг ва менинг укаларим, сингилларим, жиянларим, амма- холаларимизнинг фарзандларидан кўплари Тошкентда ўқиб, бизнинг уйида яшаб кетишди. Сўнги уч-тўрт йилдан буён ўқиш учун келган жиянларимга ҳам, бизга ҳам кун йўқ. Ҳар куни эшик қўнғироғи жиринглаган, маҳалла фаоллари келган, мен уларга тушунтириш хати ёзиб берган. Жиянимни ётоқхонага чиқиб кет, деёлмайман. Акам, опам, қайнопам, қайноғам хафа бўлади “битта мени болам уйингга сиғмай қолдими”, деб. Паспорт сумкамиздан тушмайди. Қаерга борсак, биринчи паспорт кўрсатишимиз керак. Билмадим, бу туришда яқин беш-олти ойда жамоат ҳожатхоналарига ҳам паспорт кўрсатиб кирамизми?..

Яқинда жияним Фарғонадаги ёшларнинг энг катта байрами - “Универсиада”дан қайтиб келди.

Унинг айтишича, 20 минг томошабин сиғадиган стадионда спорт мусобақасининг очилиш маросими ўтказилибди.

20 минг фарғоналик ўша куни қўлларида паспорт ва таклифнома билан битта-битта текширилиб, кейин стадионга қўйилибди.

Тошкент ҳақида гапирмай қўяқолай. Айниқса, ҳозир. Айниқса, Шанхай саммити олдидан.

Пойтахтдан "келгиндилар" тугул, у ерда вақтинча пропискаси бор талабалар ҳам апил-тапил имтиҳонлар топширилиб, нон шаҳридан бадарға қилинди.

Аллақачон паспорт шаҳрига ҳам айланиб улгурган Тошкентимиздан.

Адолат Тошканбой қизи.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.