'Ўзбекистоннинг 18 тонна меваси яроқсиз'

Image caption Айтилишича, Ўзбекистон олхўриларида хавфли чечак касаллиги топилган.

Россиянинг Саратов вилоятида Ўзбекистондан келтирилган 18 тонна олхўрида хавфли чечак вируси топилган.

Касалланган меваларнинг ҳаммаси яксон қилиниши айтилган.

Саратов оммавий ахборот воситаларига кўра, Россельхознадзор бошқармаси ва Саратов божхона қўмитаси ходимлари Ўзбекистондан олиб келинган 18 тонна мевани божхона назорат пунктида ушлаб қолганлар.

Айтилишича, мева қутиларида зарур белгилар йўқлиги боис, олхўри намуналари зарарли касалликлар бўйича текширувга юборилганда мутахассислар донакли меваларда учрайдиган хавфли чечак касаллигини аниқлаганлар.

Мутахассисларга кўра, бу касаллик ташувчилари Оврўпо Иттифоқи ва Россия Федерациясининг озиқ-овқат бўйича тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган.

Хавфли чечак ўрик, олча, гилос, шафтоли, олхўри каби меваларга зарар етказиб, ҳосилга жиддий хавф туғдиради.

Зарарли таёқчалар ташқи таъсирга ўта чидамли бўлгани боис, касалланган дарахтларни яксон этишдан бошқа чораси йўқ.

Хабар қилинишича, касалланган олхўрилар 9 июнда Саратовнинг Энгелск майдонида йўқотилади.

Россияга Ўзбекистондан ҳар йил мавсумда тоннналаб мева ва сабзавотлар етказиб берилади.

Охирги пайтда Россия-Туркия муносабатлари ёмонлашиши ортидан, Россия бозорларига етказиладиган Туркия мева-сабзавотларининг ўрнига бошқа муқобилларни кўра бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Жумладан, Марказий Осиёдан келтириладиган мева-сабзавотларни кўпайтириш айтилган.

Москва ва Анқара муносабатлари бузилишига қадар Россия ички бозоридаги сабзавотларнинг қарийб 20 фоизи ва меванинг 25 фоизи Туркиядан келтирилган.

Президент Ислом Каримов ҳам апрел ойида Москва сафари чоғида Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот етказиб беришда Туркия ўрнини эгаллашга қодир эканлигига ишора этганди.

"Ўзбекистон 2016-йилда мева-сабзавот етиштиришни 4,5 миллион тоннага кўпайтирмоқчи. Агар бу шартнома узоқ муддатли бўлса, Россияни мева ва сабзавотлар билан таъминлашга етарли имкониятга эгамиз”, деган эди президент Ислом Каримов.

Бироқ, Ўзбекистон меваларининг Россияга киритилиши осон кечмаслиги аниқ.

Тадбиркорларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ташкилотга аъзо бўлмагани, ўзбек ишбилармонлари бизнесини анча қийинлаштирган.

Овроосиё иқтисодий иттифоқ ташкилотга аъзо давлатларнинг ўз маҳсулотларини Роосияга киритишда қатор имтиёзлар белгиланган.

Бундан олдин Би-би-си суҳбатлашган бир қанча тадбиркорлар Россияга олиб борган маҳсулотларининг катта қисми томонлар ўртасида тегишли келишувларнинг, имтиёзларнинг йўқлиги боис, нобуд бўлиб қолаётганини айтган эдилар.

Шунингдек, ўзбекистонлик ишбилармонларга кўра, мамлакатнинг ўзидан четга маҳсулот олиб чиқишнинг қийинлиги сабабли, қўшни давлатларга олиб бориладиган маҳсулотларни кўп ҳолларда ноқонуний йўллар, пора бериб ўтқазишга мажбур бўладилар.

Баъзи кузатувчилар фикрича, Россияда катта миқдордаги меваларнинг яроқсизга чиқарилиши бу соҳадаги рақобатчиларнинг иши бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ