Ўзбекистон матбуотида нималар ёзиляпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўтган ҳафта рўзномалари Амир Темур кўприги реконструкциясига бағишланган мақолаларга бой бўлди.

Мамлакатда атоқли рус шоири А. С. Пушкин таваллуди ўтган йилларга нисбатан кенг нишонланганлиги саҳифаларда ажратилган ранг-баранг мақолалардан ҳам маълум бўлади.

Янги ижтимоий тармоқлари қаторида Davra.uzнинг ташкил қилиниши, саломлашиш маданияти, Навоий ҳақида китоб, маҳалла институтига сайловлар ва бошқалар ўтган ҳафта рўзномалардаги мавзулар бўлди.

Мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида, бошқа ватанпарварлик шиорлари қаторида, Ўзбекистон рўзномалари ушбу шиорни кенг ишлата бошлаганлар: "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!"

"Бунёдкорлик, ободлик ва азму шижоат ифодаси" (Халқ сўзи, 7 июн)

"Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида Қарши шаҳридаги қадимий Амир Темур кўприги мукаммал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди," дея хабар қилади кунлик рўзнома. Кўприк атрофида кўркам хиёбон ҳам барпо этилган.

Тантанали маросим иштирокчилари "президент раҳнамолиги"да олиб борилаётган ишларнинг "турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги ўзига хос ҳиссаси ҳақида" алоҳида тўхталиб ўтганлари хабар қилинади.

Хиёбонга дам олувчилар учун 51 катамаран, иккита сайёҳлик катери ва тўртта аттракцион келтирилгани ва бошқа ободонлаштириш ҳамда қурилиш ишлари ҳақида сўз кетади мақолада.

Ўзбекистонда кенг нишонланган Пушкин таваллуди 271 йиллигига Turkiston рўзномаси бир саҳифани ажратган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Умумбашарий туйғулар куйчиси" (Turkiston, 8 июн)

"'Kamolot'да меҳмонда" лойиҳаси доирасида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Пушкин ижодига бағишланган онлайн мулоқот бўлиб ўтгани айтилади хабарда. Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид ва шоир Рустам Мирвоҳид каби адабиётшунослар Пушкин ижоди ва ҳаёти ҳақидаги талабалар саволларига жавоб берганлари айтилади.

Hurriyat рўзномаси янги жорий қилинган миллий ижтимоий тармоқ Davra.uz ҳақида сўз юритади.

"'Davra'ни кенгроқ олинг!" (Hurriyat, 8 июн)

Холида Файзиева ўз мақоласида Tas-ix ҳудудида жойлашган ва ҳозирда 2200 дан ортиқ фойдаланувчиларга эга янги Davra.uz ижтимоий тармоғи ҳақида сўз юритади. Бу миллий ижтимоий тармоқ тақдимот маросимини ўтказган UZINFOCOM маркази бўлим бошлиғи Бахтиёр Носировга кўра, "Одноклассники"дан мамлакат аҳолисининг уч миллиони, "Вконтакте"дан бир миллиони ва "Facebook"дан 500 минг киши фойдаланар экан.

"Янги дўстлар билан танишиш ва мулоқот учун яхши жой" дея таърифланаётган ушбу тармоқ интерфейси рус ва ўзбек тилларида эканлиги айтилади мақолада. Мақола муаллифи Узнетда 37 та ижтимоий тармоқлар рўйхатдан ўтганлигига қарамасдан, уларнинг аксарияти фаолият юритмаётганлигига урғу беради.

"Оммавий маданиятнинг қуролига айланган аксарият ижтимоий тармоқлардан кўра, қадриятларимиз, урф-одатларимиз нафаси сезилиб турадиган ўз тармоғимизнинг яратилиши фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта," деб қўшимча қилади муаллиф.

"Оммавий маданият"га қарши кураш давом этаётгани жойларда бўлаётган тадбирлардан маълум бўлади.

"Ёшлар, 'оммавий маданият' ва интернет" (Голос Узбекистана, 10 июн)

Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси Кегейли туман кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлими ҳамкорликда ёшлар ўртасида юқоридаги мавзу остида танлов ўтказди. Унда асосий эътибор соғлом оилани шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўқувчи-ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва "оммавий маданият"нинг салбий оқибатларига қарши кураш масалаларига қаратилди.

"Вояга етмаган ёшларни бузғунчи ёт ғоялардан, диний экстремистик ҳаракатлар ва одам савдоси таъсиридан ҳимоя қилиш - долзарб вазифа. Шунинг учун, биз ўғил-қизларимизга замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш бўйича йўл-йўриқ бериб боришимиз лозим ", дейди партиянинг Кегейли туман кенгаши раиси Иқласбой Исметуллаев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистонда кенг тарқалган саломлашиш услуби танқид остида.

"Нега шундай кўришамиз?..." (Mahalla, 7 июн)

Тошкент ирригация ва мелиорация институти қошидаги академик лицей ўқитувчиси, Шоҳжаҳон Каримов, ёшлар орасида "саломлашиш одобига зид баъзи бир одатлар", жумладан, "калла уриштириб" кўришишни танқид қилади. Муаллиф катталар орасида бир-бирлари билан ўпишиб кўришиш ҳам ёшлар орасидаги муомала маданиятига салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини таъкидлайди.

Шоҳжаҳон Каримов катталарни ёшларга ўрнак бўлишга чақиради.

Ўзбек тили мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳақида битилган китоб тақдимоти ҳам матбуотта кенг ёритилди.

"'Алишер Навоий: қомусий луғат' китобининг тақдимоти" (Ўзбекистон овози, 7 июн)

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр этилган "Алишер Навоий: қомусий луғат" китобининг тақдимоти бўлиб ўтган. Китобда Алишер Навоий ҳаёти, асарлари, поэтикаси, образлар олами, устозлари, замондошлари ва шогирдлари ҳақида навоийшуносликнинг илмий натижалари асосида мухтасар маълумотлар берилган.

Тақдимотда олимлар, адабиётшунослар, тилшунослар, тарихчилар, турли нашриётлар вакиллари ва талабалар иштирок этди.

Аслида халқ эътиборидан четда бўлган, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари "демократик тамойиллар асосида" ўтказилаётгани хабар қилинади.

"Истиқболга қуёшнинг безавол нурлари билан" (Qishloq hayoti, 9 июн)

Пойтахтда "Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш қонунчилиги ва амалиёти: миллий ва хорижий тажриба" мавзуси остида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтган. Тадбирда мамлакатда қайта тикланувчи, яъни қуёш, шамол, биогаз энергиясидан фойдаланиш ҳақида фикрлар билдирилган.

Мамлакат ялпи қуёш энергиясининг йиллик салоҳияти 51 миллиард тоннадан ортиқ нефть эквивалентига тенг эканлиги айтилади хабарда.

Ўзбекистон ДАН ҳодимлари ҳайдовчиларни жазолашнинг янги турини жорий қилган кўринадилар.

"Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилади" (Postda, 11 июн)

Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича бош бошқармаси ўзига хос суратларни вазирлик нашрида чоп қилган.

Суратларда, юзларида "розилик" аломатлари бор ҳайдовчилар ДАН ҳодимлари буйруғига бўйсунмасдан ҳаракатланганликлари айтилади.

Улар тегишли чоралар кўрилганлиги огоҳлантириш ўлароқ маълум қилинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.