Ўзбекистон фуқаролиги "бир тийинга қиммат"ми?

Жаҳон бўйлаб фуқаролик масалаларини тадқиқ этувчи The Henley & Partners ширкати Нидерландия Университети профессори Димитрий Коченов билан ҳамкорликда илк бор турли мамлакатлар фуқаролиги "сифати"ни ўрганиб чиқиб, мамлакатлар ўз фуқаролари учун берадиган имкониятлари ва чекловлари миқёси бўйича рўйхат тузишган.

Бу ҳисоботда айтилишича, давлатнинг қудратли экани - бу мамлакат фуқаролигининг ҳам "қудратли" деганини англатмайди.

Тадқиқот жараёнида ҳар бир мамлакат фуқаролиги асосида одамлар мамлакат ташқарисида ва ичкарисида эга бўлган имтиёзлари назарга олинган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, афсуски, кўп ҳолларда фуқаролик инсон учун имкониятилар ва интилишлар йўлида турли чекловларни яратади.

Ушбу рўйхатда 161 мамлакат ўртасида Ўзбекистон фуқаролиги 111-нчи ўринга қўйилган.

Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон фуқаролиги ўзбек паспорти эгасига нималар беради, деган саволни Ижтимоий тармоқлардаги "минбаримиз" иштирокчиларига бергандик.

Қолдирилган шарҳларнинг мажмуини бу гал "Одноклассники" тармоғида қолдирилган фикрлардан бошлсак.

Аноним бир фойдаланувчининг фикрича, Ўзбекистон фуқаролиги қиймати "Бир тийинга қиммат".

Яна бир фойдаланувчи фикрича, мамлакатнинг унга берган фуқаролиги "Копейка".

Клара Курбанованинг ёзишича, "Ҳамма қочиб кетяпти Ўзбекистондан. Кўчада бемалол юролмасанг".

Image caption Москвадаги Ўзбекистон консуллиги ўнгида паспорт алиштириш учун навбат.

"Одноклассники"нинг яна бир фойдаланувчиси қуйидаги саволни берган: "Sizlarga bitta savolim bor mamlakat nega fuqaroligi yo'q shaxslarga (FBSH) 25 yildan beri fuqarolik berish haqida nega mamlakat vakillari shu haqida o'ylamaydi. Konstitutsiya moddalarida yozib ko'rsatilishicha O'zbekiston hududida 5 yil va undan ortiq yashagan fuqaro O'zb fuqarosi hisoblanadi. shunday emasmi?".

Temur Bek эса Ўзбекистон фуқаролигининг унга яратувчи имтиёзлари ҳақида ёзган: "Мен Gмuz да ишлайман. Бизни давлатимиз ижтимоий ва моддий ҳимоя килади. Бир йилда кўпи билан 160 кун ишлайман. Даромадим ҳам шунга яраша - 20 милион сўм атрофида. Касал бўлсам даволанишим учун пул беради. 48 кунгача меҳнат таътили беради. Байрам кунлари дам оламан"

Лекин САРДОР исмли фойдаланувчига кўра, "Bizga oxshagan Dangasalarni esa hech kim muhofaza qilmagan".

Merry Gold нинг фикрича: "To'g'ri kamchiliklar ko'p. Lekin men bitta narsa uchun davlatdan minnatdorman. Termizda shundoqqina Аfg'onistonni yonida tinch hotirjam yashay olayotganimizdan va yana jinoyatchilikka, mafiyabozlikka, qarshi olib borayotgan kurashiga. Hozir hech qayerning noqonuniy egalari yo'q. Hech kim kimgadir zug'um qilolmaydi. Ko'cha kuydayam istalgan vaqtda bemalol yurolasiz. Bezorilarni hujum qilishidan qo'rqmaysiz. Bilamizki hatto eng rivojlangan davlatlardayam jamoatchilikda tartib bu darajada taminlanolmayapdi".

Mardon Bek нинг ёзишича эса, ўзбекистонликлар ўз ҳақларини талаб қилиш имконига эга эмаслар: "O'zbekiston davlatidan hech nima talab qib bo'lmaydi. Talab qilsang seni vatan dushmaniga chiqaradi".

Facebookdagi шарҳлардан:

Фахриддин Соли: "Қонун устуворлиги фуқароликнинг сифатини оширади. Ҳар бир фуқаро қонунни бузмасликка ҳаракат қилиши керак. Анархия фуқароликка катта зарар етказади. Бунга Украина ва Сирия давлатлари мисол бўлади. У ерда фуқароларнинг ҳеч қандай ҳуқуқлари ҳимояланмаган".

Sardor G'aybullayev нинг ёзишича Ўзбекистонда ноҳақликлар кўп. Бу ҳақда у бутун бошли эссе ёзган. У қолдирган шарҳлардан бир парча:

"Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаган десак бўлаверади. Нега? Банкдан Кредит оласан 6-миллион олсанг сенга 5-миллион тегади. Чунки "шапка" бор ҳамма жойда. 1 миллион бермасанг, кредит бериш чўзилаверади. Ўзбекистон фуқаролиги ўзбек паспорт эгасига нималар беради? 1- Россияга бориб мардикорлик килишни. 2- Россиядан депорт бўлиб Туркияга бориб, сўкишини эшитиб, ҳам ишлашни 3- Президентига керак бўлмаган халк Россияда ишлаб пул топиб, ҳам камига "Дангаса" деб ном олган халкни қандай қилиб фуқаролигининг сифатини яхшилаш мумкин? Инсонинг энг арзони ўзбек миллати бўлса керак. Бир рус бошлиғимнинг гапини эшитиб қолгандим. "Ўзбек копейкага ишлайди", дегани ёдимда ҳали ҳам".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ