Ўзбекистон Исломий ҳаракати парчаландими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларидан ИШИД дан мустақил янги гуруҳ алоҳида ажралиб чиққан.

Ҳаракат ўтган йил август ойида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман тўлиғича байъат келтирганди.

Бу ҳақда “The Long War Journal” интернет нашри хабар тарқатган.

Нашрнинг ёзишича, янги пайдо бўлган гуруҳ аллақачон ўзининг “ал-Қоида” тармоғи, Толибон ҳаракати ва йилларки, минтақада фаолият юритиб келган бошқа жиҳодий гуруҳларга мойил эканига ишора қилган.

Худди шу нуқтада эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аввалбошда Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳозирда марҳум асосчиси ва илк лидери Мулла Муҳаммад Умарга байъат келтирган.

Ҳаракат 2000-йиллар бошларида Афғонистонда фаол бўлган “ал-Қоида” тармоғининг ҳам яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан Афғонистондан қочиб, Покистондан паноҳ топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ва унинг халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришидан қисқа вақт ўтмай эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати яна тўлиғича Афғонистонга қайтганликларини расман баён қилганди.

Янги баёнот

Интернет нашрининг хабаридан маълум бўлишича, ўзини Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб аташда давом этган янги гуруҳ бу ҳақда 10 июн куни Twitter ва Telegram орқали маълум қилган.

Гуруҳнинг инглиз ва араб тилларида битилган баёноти тафсилотларига таянилса, ҳаракат сафларидаги парчаланиш лидери Усмон Ғозийнинг айнан ИШИДга байъат келтириш қарори ортидан, 2015 йилда юз берган.

ИШИДга байъат келтириб, унинг Афғонистондаги Хуросон қанотига қўшилишидан сўнг Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг, айниқса, жанубий Зобул ва шарқий Ғазний вилоятларида анчайин фаол бўлган.

Ҳаракат шов-шувли одам ўғирлаш ҳолларига қўл урган, улардан бирининг бошини танасидан жуда этгани акс этган видеолавҳасини ошкор қилиши ортидан, шундоққина Марказий Осиёнинг биқинидаги Афғонистонга Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг шафқатсиз жанг олиб бориш усуллари кириб келаётганига оид жиддий хавотирларга ҳам асос берганди.

Бунинг ортидан, афғон ҳукумати уларга қарши кенг кўламли қатор ҳарбий амалиётларга қўл урган, орада Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Толибон ўртасида қақшатқич жанглар кечганига оид хабарлар ҳам олинганди.

“The Long War Journal”нинг ёзишича, лидерининг минтақадаги анъанавий иттифоқчиларидан воз кечиш қарори унинг тарафдорлари учун ҳалокатли бўлган.

"Айнан толиблар билан жанубий Зобул вилоятида кечган жангларда улар мағлубиятга учраган, Ғозийнинг аксарият издошлари ўлдирилган, ўзининг тақдири эса, номаълум: айрим гап-сўзларга кўра, у жанглар маҳали ўлдирилган ва ёки асирга олинган”, деб ёзади нашр.

ИШИДга қарши

Бу интернет нашрининг ёзишича, янги Ўзбекистон Исломий ҳаракати “ал-Қоида” тармоғи ва Толибон ҳаракатининг ИШИД ва унинг амири, халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга қарши қаратилган танқидларига ҳам қўшилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp getty

Улар ҳам “Абу Бакр ал-Бағдодий барча мусулмонлар эмас, биргина ИШИД гуруҳининг амири” эканини айтишган.

Аён бўлишича, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳали-ҳануз Толибон ва “ал-Қоида”га тарафдорлик қилаётган ўзаги Афғонистонда фаолиятини тўхтатмаган.

Аммо, “The Long War Journal”нинг ёзишича, ИШИДпараст қаноти расмий матбуотини назорат қилгани боис, ҳаракат сафларидаги бўлиниш шу пайтга қадар юзага чиқмаган.

Янги Ўзбекистон Исломий ҳаракати баёнотидан маълум бўлишича, “аввалгидек кўламда бўлмаса-да, ҳануз фаолиятдан тўхташмаган”.

“Фақат аъзолари бир-биридан узоқ жабҳаларга тарқалиб кетишгани, ҳаракатнинг расмий матбуоти ўз аъзолари қўлларида бўлмагани ва бошқа мушкулотлар боис шу пайтга қадар саслари чиқмай келаётгани”ни айтиб, бунинг учун “узр” ҳам “сўрашган”.

Уларнинг баёнотида айтилишича, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ИШИДга қарши қаноти яна одатдагидек ўз фаолиятини давом этдиради.

“Афғонистондаги мусулмон биродарлари билан елкама-елка туради”.

Интернет нашрининг ёзишича, бу билан ҳаракат Толибонга ишора қилган.

Янги Ўзбекистон Исломий ҳаракати, ўз ўрнида, Афғонистондаги бошқа жиҳодий гуруҳлар билан ҳам ўз ҳамкорлигини давом этдириш ва улар билан “қўшилиш” истагини ҳам баён қилган.

Аммо, “The Long War Journal”нинг ёзишича, бу гуруҳ ўзининг янги лидери номини ошкор қилмаган.

Нашр наздида бунга хавфсизлик билан боғлиқ омиллар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Янги Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ўзи эса, баёнотининг якунида бундан аввалги икки амирлари: Тоҳир Йўлдошев ва Усмон Одил “салбчи рақибларининг учувчисиз учоғи томонидан хиёнаткорона ҳужумга тутилиб”, ўлдирилганини айтган.

Вазият

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги ойларда олинаётган хабарлардан эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистон шимолидан тортиб, жанубига қадар фаоллашишга муваффақ бўлишаётгани айтилади.

Афғонистонлик масъуллар ўтган йил ўрталарида биргина Зобул ва Ғазнийдаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бўлган аксарияти марказий осиёлик жангарилар оилалар сонининг ўзи олти юзлар атрофида эканини тахмин этишганди.

Масъулларга кўра, бу жангариларнинг аёллари ҳам жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллашган, бундан ташқари, улар турли портловчи моддалар ясаш, жосуслик маълумотлари йиғиш ва маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиш билан ҳам шуғулланишади.

Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида ўтган йил ёзидан буён олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ортидан, ҳаракат аъзоларининг бугунги сони маълум эмас.

Аммо афғонистонлик масъулларнинг сўнгги ойлардаги чиқишларидан улар жангариларининг сони юзлаб экани англашилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.

Ўтган аксарияти марказий осиёлик катта сондаги хорижий жангарилар Толибон сафларида Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида илк бор кенг кўламли ҳужумларга қўл уришган, бундан ташқари, уларнинг толибларни янада йирик ва замонавий урушларга тайёрлашаётгани ҳам маълум бўлганди.

Афғонистонлик масъуллар эса, аксарияти марказий осиёлик бўлган бу хорижий жангариларни ўшанда ИШИД гуруҳи аъзоларига нисбат беришганди.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, биргина Қундузнинг мисоли Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Афғонистондаги унга алоқадор гуруҳларнинг қанчалик жиддий таҳдидга айланишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб қўйган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ