Путин Алишер Усмоновни тақдирлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи interfax.ru

Хабарларга кўра, Россия президенти яна икки россиялик миллиардер қаторида Алишер Усмоновни ҳам "Хайр-саховати" учун медали билан тақдирлашга қарор қилган.

Президент Путин аллақачон имзо чеккан фармойишдан яна Виктор Вексельберг ва Алексей Мордашовларнинг исм-шарифлари ўрин олган.

Россия раҳбари бу учовлоннинг қилган ҳимматларини алоҳида таъкидлаб ўтган.

"Хайрия ва жамоатчилик ишларига қўшган катта ҳиссалари" учун уларнинг бу мукофотга лойиқ, деб кўрилганликлари айтилган.

Бу учовлон Россиянинг энг бой одамлари юқори ўнлигига кирувчи миллиардерлар саналишади.

Бундан ташқари, Bloomberg яқинда жаҳоннинг 200 та энг бадавлат инсонлари рўйхатига киритган 15 та миллиардер сафида бўлишади.

Bloomberg Алишер Усмоновнинг умумий бойлигини $ 11.3 миллиард долларга баҳолаган ва ўз рўйхатида 92-ўринга қўйганди.

Американинг бошқа бир нуфузли нашри бўлган "Форбс" эса, Алишер Усмоновни шу йил бошида Россиянинг энг бой учта миллиардеридан биттаси, деб топганди.

Йилнинг меценати

Россиянинг худди шу номдаги ташкилий қўмитаси ўтган йил охирида асли ўзбекистонлик миллиардерни йилнинг маданият ва санъатга ҳомийлик қилувчи бадавлат одами, деб топганди.

Ўз қарори сабабини изоҳларкан, ташкилий қўмита "Маданият, илм-фан ва спорт" хайрия жамғармаси асосчисининг кўплаб лойиҳаларини алоҳида қайд этиб ўтганди.

Уларнинг сирасида улуғ рус шоири Лермонтовнинг болалиги кечган "Тархани" музей-қўриқхонасининг қайта таъмирдан чиқарилиши, таниқли рассомлар ижод намуналарининг қўлга киритилиши ва жамғарма томонидан уюштирилган қатор кўргазмаларни тилга олганди.

Бундан ташқари, жамғарманинг айрим машҳур театрлар фаолиятини дастаклаш, Россия Тинчлик жамғармаси билан ҳамкорликда қатор таниқли шахслар хотирасига ҳайкаллар барпо этишда қўшган ҳиссасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтганди.

Россиянинг қатор нашрлари, ўз ўрнида, Алишер Усмоновнинг хайрияпарварликка оид сўзларидан иқтибос келтиришни ҳам унутишмаганди.

"Хайрияпарварлик тушунчасини мен каби бутун жамият учун ҳам бир жумлада ўз ифодасини топади, у ҳам бўлса - инсонлар яқинларини худди ўзлари каби севишлари керак", - деб айтганди асли ўзбекистонлик миллиардер ўшанда.

Ушбу мукофотни таъсис этишдан мақсад эса, Россиядаги муассаса, корхона, ташкилот, жисмоний шахсларни маданият ва санъат соҳасида кўпроқ хайрияпарварлик ва ҳомийлик қилишга ундаш бўлган.

Алишер Усмонов

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Жаноб Усмонов, йилларки, турли халқаро нуфузли нашрлар таснифида Россия, Британия ва дунёдаги энг бой одамлардан бири саналиб келинади.

Миллиардер мобил алоқа, медиа ва интернет соҳасидан ташқари Англиянинг етакчи футбол жамоаларидан бири - "Арсенал"нинг ҳам анчагина фоиз ҳиссаларига эгалик қилади.

Алишер Усмонов яқинда америкалик биолог олим Жеймс Уотсоннинг Christie's кимошди савдосига қўйилган Нобел мукофоти медалини 4,8 миллион долларга сотиб олиб, катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Россиялик миллиардер медални ўз соҳибига қайтаришга қарор қилганди.

Британиянинг "Independent" газетаси ўшанда америкалик олимнинг медалини бунчалик йирик баҳода харид қилиб, жаноб Усмонов ўзига хос рекорд ўрнатганини алоҳида қайд этиб ўтганди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бу хабар анчагина баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Бир қанча фойдаланувчилар Усмонов Нобел мукофоти медалини сотиб олгунча, ўша пулларни Россияда юрган муҳожирларга сарфласа яхши эмасми, деган фикрни ҳам билдиришганди.

Бошқа бирлари шундай саховатли инсоннинг ўзбек эканлигидан фахрланишлари ҳақида ёзишганди.

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов бундан аввал ҳам кўплаб хомийлик тадбирларига бош қўшган.

Жаноб Усмонов матбуот хизмати маълумотларига қараганда, миллиардернинг ширкатлари Россия ва қисман Ўзбекистондаги спорт, илм-фан, тиббиёт, маданият ишларига 700 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ