"Аҳмадбой"га пул ва мулк берганларнинг маблағи қайтариладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи screenshot
Image caption Пуллар қайтариладими?

Ўзбекистон телевизионида берилган махсус дастурларда бир неча 10 минг одамни чув туширгани айтилаётган Аҳмаджон Турсунбоев мижозларининг пуллари эгаларига қайтарилиши борасида ҳеч нарса дейилмаяпти.

Ўзбекистон марказий телеканаллари 16 июнь куни чинозлик Аҳмадбой номи билан таниш тадбиркор Аҳмаджон Турсунбоев ҳақидаги 6 дақиқалик кўрсатувни қайта қайта намойиш қилди.

Унда аён бўлишича, “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятларнинг муассиси Аҳмаджон Турсунбоев одамлардан бир йилда икки баробар қилиб қайтариш шарти билан катта маблағларни ноқонуний равишда олиб келган.

Аҳмадбойга тегишли эканлиги айтилаётган 12 миллион доллардан ортиқ пул ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Аммо Аҳмаджон Турсунбоевнинг ўзига нисбатан қандай чора қўлланилгани борасида ҳеч нарса айтилмади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, тадбиркор қўлга олинган ва Тошкент шаҳридаги вақтинчалик сақловчи тергов изоляторларнинг бирида ушлаб турилибди.

ТВдаги долларлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи screen
Image caption ТВдаги лавҳадан

Аҳмадбойнинг бизнесини ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари босиши ва унинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан тадбиркорга пул ва мулкини берган 100 дан ошиқ одам унинг уйи атрофига йиғилган.

Аҳмаджон Турсунбоевнинг уйи милиция томонидан ўраб олингани хабар берилмоқда.

Қайта-қайта намойиш қилинаётган кўрсатувда халқ орасида Аҳмадбой дея танилган 38 ёшли тадбиркорга пул берган ва олган одамларнинг сони бир неча ўн мингга етгани айтилди.

У олинган пулларнинг бир қисмини 40 фоизлик устама тўлаш шарти билан одамларга хорижий валютада қарз берган.

Ундан ташқари Аҳмадбой аҳолидан қимматбаҳо тақинчоқлар ва автомашиналарни ноқонуний равишда қабул қилиб олгани билдирилди.

Ушбу мол мулк давлат идораларида расмийлаширилмаган ва шунчаки ёзув дафтарларига қайд қилиб борилган.

Тасвирларда токчаларда турган 100 дан ортиқ қалин умумий дафтарлар акс эттирилди.

Кўрсатувда Аҳмаджон Турсунбоев гапирмаган, фақат сўроқ бераётганга ўхшаш тасвирлар билан чекланилган. Унинг ҳисобчиси ва ғазначиси ушбу тизимнинг қандай ишлаши борасида тушунтириш берган.

Ҳукумат ҳозиргача қаерга қаради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи screenshot
Image caption Аҳмаджон Турсунбоев

Аҳмадбойнинг қўлида ғазначи лавозимида ишлаган Олмос Қўчқоров бир кунда 3-4 миллиард сўм ҳамда бир миллион АҚШ доллари айланишини айтди.

Довруғи бутун Ўзбекистон бўйлаб кетган Аҳмадбой одамлардан пул маблағларини олишда ҳеч қандай кафолат хати бермаган.

Қизиқ жиҳати ўзига бирор кор- ҳол бўлса, болалари ва қариндош уруғларидан берилган маблағга даъвогарлик қилмаслик шартини қўйгани айтилади.

Шундай бўлса-да, у одамлар орасида жуда оммалашиб кетган ва унга маблағ ҳамда мулкини олиб келиб берувчилар сони кундан кунга ортаверган.

Тадбиркорнинг ғазначиси Олмос Қўчқоровнинг айтишича, одамлар берган пуллар кейинги келган мижознинг пули эвазига қопланган.

“Масалан,бугун бир одам 10 минг доллар олиб келса, бир ой олдин келган 10 одам шу 10 минг долларни минг доллардан бўлиб олиб кетади”, - дейди Ўзбекистон телевизиони билан суҳбатда Олмос Қўчқоров.

Аҳмаджон Турсунбоев ушбу фаолият билан 4-5 йилдан бери шуғуллангани айтилди. Бироқ агар унинг фаолияти ноқонуний бўлса, нима учун шунча вақт давомида қонуний чора кўрилмагани борасида ҳеч нарса дейилмади.

Бу эса аҳоли орасида Аҳмаджон Турсунбоевнинг ҳукуматдаги юқори лавозимли мулозимлар ҳам дастаклангани ҳақида миш-мишларни урчитиб юборган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида Аҳмадбой ва унинг яқинларига тегишли уйлардан 13 миллиард 139 миллион сўм (4 миллион 400 минг доллар) ва 8 миллион долларга яқин маблағ далилий ашё сифатида олинган.

Кўрсатувда ушбу ҳолат юзасидан тергов суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилади.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.