"Ўзбекистон мустақиллик ва мустабидлик йилларида"

Ўтган ҳафтада Тошкентда нашр этиладиган рўзномалар қай мавзуларни долзарб топдилар?

"Ишчан, ташаббускор ва фаол" ("Халқ сўзи", 14 июнь)

Мамлакат бўйлаб, халқ орасида "қулоқ" ёки "посбон" дея танилган маҳалла фаоллари, жумладан раислар ва уларнинг маслаҳатчиларининг сайловлари давом этаётгани хабар қилинмоқда.

"Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида номзодларнинг шахсий фазилатлари алоҳида ҳисобга олинаяпти," дея хабар қилади "Халқ сўзи".

Қашқадарё вилоятилик бир фаолнинг айтишича, ҳозир сайлов бўлиб ўтган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари органларини шакллантириш ишлари авжида. Бу жараёнда фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари кенгашлари, жамоатчилик ҳамда тафтиш комиссиялари ташкил этилмоқда.

"Ишчан, ташаббускор ва фаол" фуқаролар маҳалла кенгашлари ҳамда комиссияларига сайланаётганлари ёзилади мақолада.

"Лола дарахти юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда" ("Тошкент оқшоми", 13 июнь)

Ўзбекистон ҳукумати чинорларни лола дарахтлари билан алмаштиришни режалаштирган кўринади.

Мамлакатда 2009 йилдан бери экилиб келинайтган лола дарахти юртнинг "кўркига кўрк қўшаётгани" хабар қилинади.

"Маълумки, дунё жамоатчилиги азим пойтахтимизга турли даврларда турлича баҳо ва таърифлар берган. Масалан, "Тошкент - Шарқ дарвозаси", "Тошкент - нон шаҳри", "Тошкент - тинчлик ва дўстлик шаҳри", "Тошкент - ислом маданияти пойтахти" деган эътирофларнинг замирида ҳар бир даврнинг ўзига хос руҳи уфуриб турибди. Бугунги кунда бу гўзал таърифлар қаторига "Тошкент - яшил пойтахт" деган таъриф қўшилса, ҳеч қандай хато бўлмайди, деб ўйлаймиз," дейилади биология фанлари номзоди, Рустамжон Аллабердиевнинг "Тошкент оқшоми"да босилган мақоласида.

"Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида ўтган йилнинг ўзида ҳавога чиқарилаётган зарарли газ ва моддалар миқдори қарийб 9 минг тонна камайган. Бу, ҳеч шубҳасиз, ана шундай саъй-ҳаракатларнинг натижасидир," дейилади мақолада.

"Дунё уламолари мурожаати" (Ислом нури, 31 май)

Ироқ ва Суриядаги беқарорликларга қарши, умуман олганда, экстремизм ва терроризмга қарши бўлаётган тадбирлар доирасида ўзбек имомлар янги китоб тарғиботига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Мусулмонлар идорасининг диний-маърифий нашрига кўра, ушбу китобда дунёнинг бугунги кунда эътироф этилган забардаст уламолари томонидан ‎Ислом динининг мусаффолигини сақлаш, Ислом динини турли-туман туҳматлардан ва мутлақо алоқаси бўлмаган гап-сўзлардан ҳимоя қилиш ‎мақсадида берилган фатволари ва маърузаларидан намуналар келтирилган. "Ислом оламининг энг йирик намояндалари бўлмиш мазкур уламолар диний экстремизм, терроризм ва радикализмни буткул қоралайдилар, Ислом динини ниқоб қилиб олаётган, оқибати оғир бўлган бундай ҳаракатлардан мусулмонларни огоҳ бўлишга чақирадилар," дейилади нашрнинг китобга берилган изоҳида.

Янги нашр қилинган китобда, мусулмон киши тўғри йўлдан адашмаслиги, бузғунчи кучларнинг пуч ғояларига алданмаслиги учун зарур бўлган тавсиялар келтирилган. Баъзи ёшларнинг Интернет тармоғида ташкил этилган радикал ғоявий тарғибот таъсирига тушиб қолаётганини эътиборга олиб, уламолар томонидан берилган замонавий медиа воситалардан фойдаланиш одоблари баён этилган.

"Кийиниш шахсий ишми?" (Hurriyat, 15 июнь)

"Ҳуррият" мухбири Озод Хушназарзода мамлакатда Ғарб таъсири остида ўзгариб бораётган кийиниш маданияти ҳақида ўз мулоҳазаларини баён қилган.

Мақола муаллифи ўзбек қизларига атлас ва адрасдан тикилган либосларни кийишни тавсия қилади. "Ўзбек қизларига никоҳ кечаси фалон пулга ижарага олинадиган оврупача келин либоси - фата кийиш қачон расм бўлди? Бунинг ўрнига улар шундай айёмда атлас кўйлак ва лозимда бўлса қандай чиройли!" дейди муаллиф.

Йигирма-ўттиз йиллар аввал шаҳар ва қишлоқ аёлини ташқи кўринишидан фарқлаб олиш мумкин бўлган, бироқ ҳозирда қишлоқ қизлари шаҳар аёлларини ҳам ортда қолдириб кетгани айтилади. "Ҳатто Тошкентдай шаҳри азимда ҳам уларни бир-биридан тезда, агар шевасидан сезмасангиз ажратиш ўта мушкул" дейди муаллиф.

"Илгари ўттиздан ошган аёл сочини бўямаслиги оқибатида қарироқ кўринарди, ҳозир эса етмишдан ошган кампирлар ҳам сочларини турли рангга бўяб очилиб-сочилиб юрибдилар," деб қўшимча қилинади мақолада.

"Ўзбекистон мустақиллик ва мустабидлик йилларида, Андижон: бугун ва кеча" (O'zbekiston ovozi, 16 июнь)

Бугун ва кеча туркумидан берилаётган рангли ва рангсиз, яъни "Ўзбекситон мустақиллик ва мустабидлик йилларида" суратлар нигоҳида бу сафар Андижон акс эттирилган.

Рўзнома аввал олинган оқ-қора расмлар қаторида чоп қилинган рангли суратларда Андижондаги "кеча ва бугун"ни таққослайди.

Жумладан, мақолада "кеча Андижон аҳолиси бор умидини ерга тиккан, пахта яккаҳокимлигидан эзилган эди", бугун Андижон "миллий автосаноатимиз таянчидир" дейилади.

"Виртуал оламнинг алдамчи жозибаси" (Xabar, 17 июнь)

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг фойдаланиладиган "Одноклассники" ижтимоий тармоғи танқид остида.

"Сайтда рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг каттагина қисмини мактаб ўқувчилари ташкил этиши инобатга олинса, унда аксарият ҳолларда ахлоқсизликни очиқ-ойдин тарғиб қилувчи сурат ва видео маълумотларнинг учраши кишида жиддий хавотир уйғотади. Қолаверса, сайтда кераксиз ахборотнинг кўплигидан бош айланади. Ҳар қадамда пулли хизматлар эълонлари 'нафас олиш'га қўймайди..." дейди "Хабар" рўзномасидаги мақолада Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази 1-тоифали мутахассиси, Жавоҳир Қудратов.

"Ушбу ижтимоий тармоқда '18+' белгиси билан ахлоқсизлик тегирмонига сув қуйиб келаётган бир талай 'гуруҳча'лар мавжудки, уларга аъзо бўлиш учун 18 ёшга тўлган бўлиш шарт эмас. Аммо 18 ёшдан юқори бўлган кишининг ҳам интернетда айнан ана шундай мазмундаги маълумотларни ахтариб кирмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ," деб қўшимча қилади муаллиф.

"Саробга талпинганлар" (Тошкент ҳақиқати, 18 июнь)

Сўнги кунларда шов-шувга сабаб бўлган Аҳмадбой можароси - чинозлик тадбиркор Аҳмаджон Турсунбоевнинг қўлга олиниши ҳодисаси ҳам рўзномалар назаридан четда қолмаган.

Тошкент вилоят ҳокимлиги нашри "Тошкент ҳақиқати"даги мақолада муаллиф Зариф Зокиров Аҳмадбойни Маугли ҳақидаги фильмдаги "Каа" лақабли улкан илон, Аҳмадбой билан иш кўрган ўзбекистонликларни эса илонниг ўлжаларига қиёс қилади. Ҳалигача турли хил фирибгарликларга алданиб кетадиган фуқароларнинг борлиги ачинарли холат, деб ёзилади мақолада.

Мақолада Аҳмадбой республиканинг турли бурчакларидан келган фуқароларга йилига камида 100 фоизлик дивиденд бериш ваъдасини бериб, омонатларини олганлиги ва "молиявий пирамида" қурганлиги айтилади.

Аҳмадбой "гуруҳи аъзолари офиси ва уйида тинтув ўтказиш чоғида 8 миллион АҚШ доллари ҳамда 13 миллиард сўм миқдоридаги жуда катта нақд пул," топилгани айтилади. Огоҳликка чақира туриб, мақолада Аҳмадбойнинг фаолиятига ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан чек қўйилгани ёзилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ