ШҲТ 20 йилда нималарга эришди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тошкентда 23-24 июн кунлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотнинг юбилей саммити режаланган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти деярли 20 йиллик тарихга эга.

1996 йили дастлаб "Шанхай бешлиги", дея ном олган сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорликни назарда тутувчи гуруҳ Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ўртасида тузилганди.

2001 йили Ўзбекистоннинг гуруҳга кириши билан Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, дея номи ўзгартирилди.

Ҳиндистон ва Покистон кузатувчи давлат сифатида қабул қилинган.

Ташкилот ўзининг 20 йиллик тарихида нималарга эришган? Минтақадаги ўрни не қадар ва кузатувчи давлатларни ташкилотга нималар жалб этмоқда.

Сингапур Миллий Университетидан тадқиқотчи Амитенду Палитнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти уникал ташкилот.

Амитенду Палит: Бу ташкилотга аъзо давлатларнинг биронтаси, Россиядан ташқари, бирон йирик, қудратли бошқа ташкилот аъзоси эмас. Ҳиндистон, Хитой ва Россиядан ташқари давлатларни оладиган бўлсак, жаҳоннинг ҳар томонлама, мутлақ қудратли бўлган мамлакатларидан эмаслар. Лекин улар қудратли давлатлар билан бирга бир ташкилотда бўлишга қарши эмаслар. Уларнинг ташқи сиёсат стратегиялари ана шу бир интилиш асосида ишлаб чиқилган. Шунинг учун Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти улар учун бунга эришиш йўлида, яъни ҳозирда мавжуд бўлган мавқеъларидан қудратлироқ мавқеъга эришиш йўлида, умумий бир потенциал билан ишлашга имкон яратади. Иккинчидан, бу мамлакатлар иқтисодлари анчайин йирик ва кенг қамровли. Улардан баъзиларининг ҳарбий ва мудофаа салоҳиятлари ҳам анча қудратли. Бундан ташқари, улар жаҳоннинг анчайин муаммоли бўлган минтақасида қўшни бўлган мамлакатлардир. Бу минтақа сиёсий, стратегик, жуғрофий, этник жиҳатдан муаммоларга юз тутиб келадиган минтақа. Ана шулардан келиб чиқиб бу ташкилот, минтақавий назардан қаралса, анчайин мисли кўрилмагандир. Агарда улар ҳақиқатан ҳам биргаликда ишлашга муваффақ бўлсалар, анча қудратли ташкилотга айланиши мумкин, лекин ҳозирга қадар бунга эришилганича йўқ.

Би-би-си: Бундан ташқари, ҳозирча ташкилот ўзининг асосий вазифаси сифатида терроризмга қарши курашни танлагандек, яъни ҳарбий ҳамкорлик. Бошқа турдаги ҳамкорлик, дейлик, иқтисодий ҳамкорлик каби соҳаларни анча оқсамоқда, шундайми?

Амитенду Палит: Ҳатто хавфсизлик соҳасида ҳам ташкилот узоқ муддатни кўзловчи, аниқ бир кун тартибини ишлаб чиқа олди, деб ўйламайман. Иқтисодий ҳамкорлик масаласига келсак. Келинг бу соҳада бир қадар муваффақиятли ҳамкорликка эришган минтақавий ташкилотларга назар ташлайлик. Масалан, Оврўпо Иттифоқи, Жанубий Осиё Давлатлари Иттифоқи ва хатто Шимолий Америка озод савдо уюшмаси каби ташкилотлар. Уларга аъзо давлатлар орасида сиёсий қарама-қаршиликлар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Лекин шунга қарамай, улар биргаликда ишлашга муваффақ бўлган мамлакатлардир. Чунки улар умумий иқтисодий мақсадга эга эдилар. Ана шу умумий иқтисодий мақсад уларга сиёсий қарама-қаршиликларини енгиб ўтишга ёрдам берган. Ана шу нарса уларнинг ташкилот сифатида муваффақиятли бўлишларига олиб келган.

Би-би-си: Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти аъзолари ана шундай умумий иқтисодий мақсадга эгаларми?

Амитенду Палит: Йўқ, менимча Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти бу каби гуруҳ даражасида биргаликда фикрлаш даражасига чиқа олганлари йўқ. Лекин дастлаб бу ҳақда гаплар бўлганди. Масалан, энергия соҳасидаги битим борасида. Аммо биз иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирганимизда, асосан улар ўртасидаги савдо-сотиқ, сармоялар ва умумий иқтисодий дастурни ишлаб чиқиш қобилиятини назарда тутамиз. Улар ҳамма аъзо давлатлар учун жозибадор ва фойдали бўлган иқтисодий дастурни ишлаб чиқишлари керак. Ана шунда ҳаммалари ўз имкониятларини бир саватга ташлаб, ўша дастурни илгари силжитишга ҳаракат қилган бўлардилар. Лекин ҳозирга қадар бу мамлакатлар бир гуруҳ сифатида фикр юритиш қобилиятини намойиш қилганлари йўқ.

Би-би-си: Аъзо мамлакатлар ўртасида ҳануз кенг қамровли инфратузилманинг мавжуд эмаслиги, сиз айтаётган самарали иқтисодий ҳамкорликни юритиш йўлида тўсиқ бўлаётган омиллардан бири, шундай эмасми?

Амитенду Палит: Биласизми, улар умумий бир иқтисодий мақсадни ишлаб чиққан тақдиргина бу каби инфратузилмалар муҳимлигини англаб етадилар. Бу инфратузилма уларнинг нафақат ташқи жаҳон билан, балки ўзаро ҳам яқинроқ боғлаб, иқтисодий манфаат келтиради. Бу инфратузилма маҳсулотларни бир ердан бошқа ерга ташиш, одамларнинг қатновини енгиллаштириш ва яна кўплаб нарсаларнинг ҳаракатига ёрдам беради. Шунингдек, иқтисодий имкониятларни туғдиради. Мана қаранг, бу ташкилотга ҳозирга қадар улкан иқтисодий салоҳиятга эга Хитой, Ҳиндистон, Россия каби давлатлар кирган. Улар жаҳоннинг йирик йигирматалиги қаторидаги давлатлардир. Бундан ташқари, Покистон ва яна қатор давлатлар каби иқтисодий салоҳиятга эга ва қудратли иқтисодга айланиши мумкин бўлган давлатлар бор. Шунинг учун фикримча, улар айнан иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқишга кўпроқ аҳамият беришлари керак.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.