Ўзбек матбуоти ШҲТ ва СМСнинг зарари ҳақида

Хитой президентининг ташрифи ва Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ўтган ҳафта ўзбек матбуотининг асосий мавзулари бўлган.

Рўзномалар Хитой билан стратегик шерикликка урғу беришган.

Ангрен-Поп темир йўлининг очилиши ана шундай "стратегик ҳамкорликнинг юксак самараси" деб талқин этилган.

Матбуот ШҲТнинг юбилей саммитига мезбонлик қилган Президент Ислом Каримовнинг саммитга ташриф буюрган давлат раҳбарлари билан олиб борган музокараларини батафсил ёритган.

Аммо пойтахт аҳолиси учун ноқулайлик туғдирган фавқулодда хавфсизлик чоралари борасида лом-мим дейилмаган.

Афтидан, саммит ва у ҳақдаги лавҳалар хали узоқ вақт ўзбек матбуотининг бош мавзуларидан бири бўлиб қолади.

Олиймақом учрашув мустақиллик йилларида Ўзбекистон пойтахтида ўтказилган энг йирик сиёсий машваратга айланган.

Оммавий ахборот воситалари мустақилликнинг йигирма беш йиллигини сарҳисоб қилаётгани инобатга олинса, ШҲТ саммитига хали қайта-қайта мурожаат қилиниши табиий.

"Истеъмолчи савати нима ўзи?"

"Норма" газетасининг 21 июн кунги сонида ёзилишича, қўшма корхона бошлиғи деб кўрсатилган Р. Жумаматов ўз корхонасида янги коллектив шартномалар имзолаш вақти келганини маълум қилиб, Ўзбекистонда удумдан қолган, бироқ қонунчиликда кўрсатилган "истеъмолчи савати" ҳақида тушунча беришни сўраган.

Корхона бошлиғи ҳар қандай корхона ўз ишчилари билан шартнома тузаётганда "истеъмолчи савати" ўсиш фоизини ҳисобга олиши қонунда белгиланганлигини эслатиб ўтган.

"Норма" рўзномаси эксперти ушбу саволга жавоб бераркан, "истеъмолчи савати" нима эканлиги ҳақида тўхталиб ўтади.

Эксперт Тимур Мўминов Вазирлар махкамаси қарори остида 2002 йилда демография ва истеъмолчи бозорини ўрганиш учун махсус марказ ташкил этилганини айтиб, корхона бошлиғини шу марказга мурожаат қилишга чақирган.

"Қонун ва меъёрий хужжатларда истеъмолчи саватининг йиллик ўсиш фоизи белгиланмайди. Шунинг учун сизга бу кўрсатгичга қарагандан кўра, лекин бу қонунчиликда таъқиқланмаганига қарамасдан, ишчи шартномаларида энг кам ойлик иш ҳаққининг ўзгариш кўрсатгичларига асосланишни маслахат берамиз,"- деб жавоб беради Тимур Мўминов.

Халқаро меъёрларда қабул қилинган "истеъмолчи савати" тушунчасининг Ўзбекистонда қонун ва амалиёт томонидан таърифи берилмай келаётгани кузатилади.

'Обуначи додини ким эшитади?'

"Ҳуррият" рўзномасининг 22 июн сонидаги мақолада Жамила Эргашева ўз уйи ва почта идораси орасида бир чақирим масофа чиқиб-чиқмаслигини айтиб, ўзи обуна бўлган газета ва журналларнинг вақтида келмаётганидан шикоят қилади.

"Шу қичқирса, овоз эшитиладиган жойдан газета оломай, ҳафсалам пир бўлаверади," -дейди матбуотта 30 йилдан ортиқ вақтни қарийб 18 йилини муҳаррирликда ўтказган Эргашева.

"Қанча маблағ сарфлаб, не-не умидлар билан обуна бўлсанг-у, газета-журналларингни вақтида ололмай асабинг бузилса, почта ходимлари билан жиқиллашсанг," дейди мақола муаллифи.

Муаллиф ўзининг холидан келиб чиқиб почта идорасидан 30-40 чақирим узоқликдаги обуначиларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиши тайинлигини аятади.

"ИШИДчилар кимнинг халифалари?"

"Ислом нури" рўзномаси ўзининг 15 июн сонида ИШИД борасида навбатдаги танқидий мақолани чоп этган.

Мусулмонлар идорасининг диний-маърифий нашрида муаллиф, Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Баратов ИШИДни разолатга кетганликда айблайди. "

Сурияда неча юз минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмди. Яна қанчадан-қанчаси ўз юртларини тарк этиб, сарсон-саргардонликда юрибди", деб ёзади Баратов.

Мақолада болаларнинг ИШИД вакиллари томонидан таҳқирланиши айтилади.

Раҳм-шафқат борасида ҳадисларлан иқтибос келтирган муаллиф "бу ғаламисларнинг қалбида заррача ҳам раҳм-шафқат йўқ. Улар 'Ислом давлати қуриш' шиори остида ўзлари ёш гўдакларни етимларга айлантириб, кейин жирканч ишларни ўргатмоқдалар, аниқроғи, мажбурламоқдалар", деб ёзади.

Имомлар Telegram га қарши

Telegram каби мобил иловаларда тез-тез айланиб турадиган, палон сонли одамга шу номани тарқатсанг палон иш рўёбга чиқади, деган хабарларга қарши "Жамият" рўзномаси ўқувчиларни муҳокамага чорлайди.

"Асоссиз хабарларга алданманг!"; "Вақтимизу нақдимизни исроф қилмайлик"; "Эртага нима бўлишини фақат Ўзи билади" (Жамият, 24 июнь)

Юқорида зикр этилган бу уч мақола фуқароларни ижтимоий тармоқлар ҳамда СМС хизмати орқали тарқатилаётган асоссиз хабарлар қурбонига айланмасликка чақиради.

Биринчи мақолада Тошкент Ислом институти проректори Ибодулла Аҳроров шундай ёзади: "Жамиятда иғво урчитиш, одамларни фитнага бошлаш ва соғлом эътиқодидан чалғитиш Ислом динида қаттиқ қораланади. Шунинг учун ҳам, бундай СМСлар келганда уларнинг мазмунига эътибор бермай, ўчириб ташлаш тўғри бўлади".

Иккинчи мақолада Арофат Нодир қизи бундай "тутуриқсиз" СМСларни тарқатишнинг маънавий зарари ҳақида бош қотиради.

Учинчи мақолада эса Тошкент имомларидан бири Одилхон қори Юнусхон ўғли "бу нарсаларнинг динимизга умуман алоқаси йўқ"лигини уқтиради. Имом бу каби номалар орқали фирибгарлар тузоғига тушиб қолишдан огоҳлантиради.

'Таъқиб эмас, ҳушёрлик'

"Маҳалла" рўзномаси яна бир марта огоҳлик мавзусига эътибор қаратган.

"Вазифамиз кимнидир таъқиб қилиш ёки айбдорларни жазолаш эмас, аввало, аҳолини ҳушёрлик ва огоҳликка чақириб, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ўстириш, масъулият хиссини оширишдир," дейди Фарғона шаҳри Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси раҳбари Умиджон Парпиев.

Мақолада гиёҳвандлик ва диний экстремизмга қарши огоҳликка чақирувчи ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган тадбирлар ҳақида сўз боради.

"Дарҳақиқат, қаердаки ёшлар бандлиги таъминланса, ўша жойда тинчлик, фаровонлик бардавом бўлади," дея таъкидланади мақолада.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг