Путин Эрдўғон билан телефонда гаплашади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бу икки давлат раҳбарининг охирги 6 ойдаги илк мулоқоти бўлади

Рейтер агентлигининг Кремлга иқтибосан хабар қилишича, чоршанба куни Россия Президенти Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон мулоқоти ўтказади.

Бу икки давлат раҳбарининг ўтган йил ноябрида Сурия билан чегарада рус қирувчи учоғининг уриб туширилишидан буён илк мулоқоти бўлиши кутилмоқда.

Телефон сўзлашувининг қайси томон ташаббуси билан амалга ошиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Душанба куни Туркия Президенти Президент Путинга бир мактуб йўллаб, ҳодиса учун узр сўрагани хабар қилинганди.

Айни пайтда мактубда Эрдўғоннинг "кечирим" сўзини ишлатмагани, балки учувчининг оиласига мурожаат қилиб, "кўнгилларига олмасинлар" ('kusura bakmasinlar') қабилида ҳамдардлик изҳор қилгани ўртага чиққан.

Жаноб Эрдўғоннинг ўзи мактубга изоҳ бера туриб, рус учувчисининг ўлимидан таассуф изҳор қилганини айтган.

Кремлнинг расмий хабарида айтилишича, Эрдўғон мактубда Туркия "ҳеч қачон Россия Федерациясига тегишли самолётни уриб тушириш нияти"га эга бўлмаганини таъкидлаган.

Мактубда, шунингдек, россиялик учувчининг ўлимига боғлиқликда кўрилаётган Туркия фуқаросига қарши жиноий тергов очилгани айтилган.

Хабарларга кўра, Туркиядаги маҳкама россиялик учувчининг ўлимида айбланаётган Алпарслон Челикни мамлакатдан чиқмаслик ҳақидаги тилхат эвазига озод қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Песков Туркия билан алоқаларни бир неча кунда тузатиш имконсиз эканини айтган

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги бир неча бор Челикнинг оғир жазога тортилишига чақирганди.

Ҳодиса ортидан Президент Эрдўғон уриб туширилган учоқнинг Россияга тегишли эканидан бехабар бўлганлари, буни билганларида бошқача ҳаракат қилишларини айтган.

Турк Ҳаво кучларига кўра, СУ-24 учоғи Туркия ҳаво ҳудудини бузиб киргани учун уриб туширилган.

Путин Туркиянинг амалини "орқадан пичоқ уриш" деб атаган.

Товон пули

Аввалроқ Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим "керак бўлса, уриб туширилган учоқ учун Россияга товон тўлашларини" айтгани хабар қилинганди.

'6 ойда бўлиб ўтганларни худди кўрмагандек, йўлимизда давом этамиз", деб айтган Туркия Бош вазири.

"Керак бўлса, товон тўлашимиз ва муносабатларнинг одатий ҳолга қайтишини истаётганимизни билдирдик".

Аммо кейинроқ Рейтер агентлиги Туркия Бош вазирининг товон пули масаласи муҳокама этилмагани ҳақидаги сўзларини келтирди.

Айни пайтда Кремл сўзчиси Дмитрий Песков Туркия билан алоқаларни бир неча кунда тузатиш имконсиз эканини айтган.

Душанба куни Россия Қишлоқ хўжалик вазири Александр Ткачев Туркия билан муносабатларнинг бундан кейин қай даражада бўлишига "Москва қарор бериши"ни айтган.

Ҳодиса ортидан Россия Туркиядан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортини тақиқлаб қўйганди.

Кремл шунингдек, россиялик сайёҳларга Туркияга бормасликни тавсия қилган.

Туркия Туризм вазирлиги сешанба куни эълон қилган рақамларга кўра, ўтган ой мамлакатга келган хорижлик сайёҳлар сони учдан бирга камайиб кетган.

Душанба куни Туркия Исроил билан ҳам алоқаларни нормаллаштириш юзасидан келишувга эришгани маълум бўлган.

2010 йилда Исроил махсус кучларининг Ғазога ёрдам олиб бораётган "Мовий Мармара" кемасига ҳужум қилиши икки давлат ўртасидаги инқирозга сабаб бўлган эди.

Туркия 9 нафар фуқароларининг ўлими учун товон талаб қилган.

Душанба кунги чиқишида Президент Эрдўғон Исроилдан расман кечирим сўрашни талаб қилгани ва 2013 йилда Исроил Бош вазири Президент Обама гувоҳлигида ундан шахсан кечирим сўраганини маълум қилган.

Туркия Бош вазири Йилдирим Анқара келаётган кунларда Миср билан ҳам алоқаларни яхшилаш сари қадамлар қўйишини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг