'Бош вазир ўринбосари ҳибсга олинмаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи heydaraliyevfoundation.org
Image caption Улуғбек Рўзиқулов (чапда) Ўзбекистон автосаноатининг амалдаги раҳбаридир

Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Podrobno.uz нашрининг Бош прокуратура расмий хабаридан иқтибос келтиришича, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкати бошқарув раисининг жиноий жавобгарликка тортилгани ва унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллангани ҳақидаги хабарлар ҳақиқий воқеъликка тўғри келмайди".

"Ҳозирда Бош прокуратурада Рўзиқуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд эмас", дейилади хабарда.

Айни пайтда Бош прокуратуранинг расмий веб саҳифасида бу борада бирон хабар чоп этилмаган.

Би-би-сининг расмий раддия юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати қилган мурожаати натижа бермади.

Улуғбек Рўзиқулов номи "Ўзавтосаноат"нинг расмий веб саҳифасида ҳануз бошқарув раиси сифатида қайд этилган.

Ўтган ҳафта 'GM-Uzbekistan' раҳбариятдаги ҳибсга олишлар билан боғлиқ хабарларни рад этиб чиққанди.

Ширкат шунингдек, Ўзбекистонда GM автомобилларини реализация қилишнинг ноқонуний схемалари амал қилиши ҳақидаги даъволарни ҳам инкор этган.

Текширувлар

Рўзиқуловга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақидаги маълумот Ўзбекистон автосаноатида коррупцияга доир йирик текширувлар бошлангани ҳақидаги хабарлар ортидан пайдо бўлган.

Ўтган ой бошида 'GM-Uzbekistan' қўшма корхонаси бош директори Тохиржон Жалилов лавозимидан четлатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 'GM-Uzbekistan' тизимида коррупцияга доир йирик текширувлар бораётгани айтилади

Жалилов ширкатга тегишли 200 миллион АҚШ долларини ўзлаштиришда гумон қилинаётгани айтилган.

"Ўзавтосаноат" Би-би-сига Тоҳиржон Жалиловнинг ишдан олингани ҳақидаги хабарларни тасдиқламаган, аммо рад ҳам этмаган.

Ўзбекистоннинг ички бозорида сотиладиган атомобилларнинг 90 фоиздан кўпроғи "GM -Uzbekistan" ҳиссасига тўғри келади.

"General Motors" дунёнинг бошқа биронта бозорида бу каби йирик ҳиссага эга эмас.

'GM-Uzbekistan' ҳиссаларининг 75 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига тегишли.

Ўзбекистон ҳукумати хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларга йирик бож солиш орқали 'GM-Uzbekistan'нинг ички бозордаги мутлақ монополиясини муҳофаза қилиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг