Аъзам Ўктам: “Сен қандоқ сиғяпсан ёруғ дунёга?..”

Аъзам Ўктам 42 ёшида оламдан ўтган эди. Фарғона водийси таваллуд топган шоирнинг шеърларидан замондошларидан бири айтмиш “самимий ибодат” насими келарди. У 2002 йил ҳаётдан кўз юмди. Бир неча китоб нашр эттиришга улгурди. «Кузда кулган чечаклар» (1989), «Кузатиш» (1990), «Зиёрат» (1992), «Тараддуд» (1993), «Икки дунё саодати» (1998), «Қирқинчи баҳор» (2000) шеърий тўпламлари адабиёт мухлисларига мерос бўлиб қолди.

Шоирнинг қуйидаги шеърлари ziyo.uz саҳифасидан олинди.

ИБОДАТ

  • Тоғлар сомеъ бўлиб ўтиришар жим,
  • Такбир айтган чоғи гулдураб само.
  • У янглиғ муножот қила олур ким,
  • Ёмғир бу пичирлаб қилинган дуо.
  • Ел йиғлар ер тирнаб. тупроқ сесканар,
  • Майсалар қалтираб қилурлар сажда.
  • Дуолар ижобат бўлган саначар,
  • Кун нурлари бундан келтирар мужда.

СЎРОҚ

  • Талпиндинг, йиғладинг - елдинг дунёга,
  • Сўйлагил, сен нечун келдинг дунёга,
  • Бузилди, айт, нима қилдинг дунёга,
  • Ўзингни ким дея билдинг дунёга?
  • Тилингни тиймайсан - бешарм сўйлар,
  • Кўзингни тиймайсан - бузукқа бўйлар,
  • Ўзингни тиймайсан - неларни ўйлар,
  • Ҳеч жазо йўқмикан бундай зинога?
  • Маломатнинг тоши тегмаган бошинг,
  • Мағрур тутмоқликдан тиймаган бошинг,
  • Ҳаттоки онангга эгмаган бошинг –
  • Бердинг бу ҳавойи, пучак сафога.
  • Тенгсиз таърифларни ўқиган кўзинг,
  • Улуғ тарихларни ўқиган кўзинг,
  • Қутлуғ ҳарфларни ўқиган кўзинг –
  • Не учун тикдинг бу юзи қарога?
  • Қишда қушларга дон сочган қўлингни,
  • Нопок луқмалардан қочган қўлингни,
  • Оллоҳ, деб дуога очган қўлингни –
  • Узатдинг ейиши, иши ҳаромга.
  • Тўйдириб ўт, қонга тўйган юракни,
  • Ўлдириб ҳақ дея тўлган юракни,
  • Сўлдириб ишқ ила кулган юракни,
  • Сен қандоқ сиғяпсан ёруғ дунёга?

-----------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ