Тошкент халқаро аэропорти нима қилмоқчи?

Ўзбекистондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ўтган тунги терактга қарамай, Истанбулга рейслар бекор қилинмаган ва Тошкент халқаро аэропорти одатий тартибда ўз фаолиятини давом этдиради.

Россия “Спутник” интернет нашрининг маҳаллий масъулларга таняиб хабар беришича, Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропортида амалга оширилган портлашлар сабаб, Ўзбекистоннинг бош аэропортида бирор бир қўшимча хавфсизлик чоралари ҳам кўрилмайди.

Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” миллий авиаширкатининг Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича бугун эрталабки рейси ҳам бекор қилинмаган.

Бироз кечикиш билан бўлса-да, йўловчи учоғи Тошкент халқаро аэропортидан Истанбулга учиб кетган.

Аммо

Белгия пойтахти Брюсселда шу йил 22 март куни юз берган портлашлардан сўнг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Тошкент аэропортида хавфсизлик чораларини янада кучайтиргани хабар қилинганди.

Брюсселдаги ҳодисада икки нафар худкуш ҳужумчи ўзларини “Завентем” аэропортининг учиб кетиш залида портлатиб юборишганди.

Аэропорт ходимларидан бири ўшанда Sputnik нашри мухбирига Ўзбек аэропортлари хавфсизлик даражаси бўйича дунёда биринчиларидан саналишини айтиш баробарида террорчи ва жиноятчиларни аниқлашга қаратилган бир неча босқичдан иборат хавфсизлик тизимининг янада мукаммаллаштирилганини билдирганди.

Унинг сўзларидан учиб келаётган ёки жўнаб кетаётган йўловчилар ўзлари ва юкларининг синчковлик билан бир неча жойда текширилаётгани, аэропорт ҳудудига яқинлашаётган автомобиллар эса, бирма-бир кўздан кечирилаётгани маълум бўлганди.

Таъкидлаш жоиз, бундай хавфсизликни кучайтириш чоралари Ўзбекистон аэропортларидан фойдаланувчи йўловчилар учун одатий тус олиб қолган.

Жумладан, ўтган йили ИШИД гуруҳи таҳдидларига қарши Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан мамлакатнинг барча ҳаво қўналғаларида “ИШИД-контрол”, деб номланган текширув тадбиқ қилингани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди.

Отатурк халқаро аэропорти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Ўзбекистон Ҳаво йўллари” миллий авиаширкати эса, ўз парвозларини айнан Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропорти орқали амалга ошириб келади.

Бу аэропорт кеча тунда қатор портлашлар ва отишмаларга саҳна бўлган.

Туркиялик масъулларга кўра, бу – худкуш ҳужумчиларнинг иши бўлган.

Ҳужумчилар аввалига автоматларидан ўт очиб, сўнгра ўзларини портлатиб юборишган.

Истанбулдаги мухбиримизга кўра, бу ҳужумлар аввалдан пухта режаланган бўлган.

Қонли ҳодисалар ортиданоқ, Отатурк халқаро аэропортидан барча парвозлар бекор қилинган, йўловчилар эса, маҳаллий меҳмонхоналарга жойлаштирилганди.

Истанбулдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, парвозлар бугун кун аввалида қайта йўлга қўйилган, аммо қарийб учдан бири бекор қилинган ва ёки кечикишлар билан амалга оширилмоқда.

Россиялик масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, улар ҳам Истанбулдаги ҳужумлар ортидан ўз ҳаво ширкатларига Туркияга одатий рейсларини бекор қилишни тавсия қилишмаган.

Аммо, шунга қарамай, “Аэрофлот” дохил аксарият ширкатлари Истанбулга парвозларини тўхтатиб туришган.

Энг гавжум, аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Отатурк ўтган йили Лондоннинг “Ҳитроу” ва Парижнинг Шарль де Голли қаторида дунёнинг энг гавжум учта халқаро аэропортидан биттаси, деб топилганди.

Агар, расмий рақамларга таянилса, худди ўша йили бу халқаро аэропортнинг хизматидан 61 миллиондан ортиқ киши фойдаланган.

Аммо, Туркиядаги мухбиримизга кўра, Отатурк халқаро аэропорти узоқ йиллардан бери бу каби ҳужумлар қаршисида ожиз, деб кўриб келинган.

Яъни, терминалга киришда йўловчилар металл детекторлар орқали текширилишса-да, машиналар учун бу қадар хавфсизлик чоралари кўзда тутилмаган.

Ўз учоғининг уриб туширилишига жавобан Россия томонидан ўтган йили эълон қилинган бойкот эса, шундоқ ҳам Туркиянинг сайёҳлик соҳасига жиддий зарба берган.

Истанбулдаги сўнгги ҳужум ортидан АҚШ Давлат департаменти ҳам Туркияга сафар қилаётган фуқароларига қайта огоҳлик билан чиққан.

Уларни жамоатчилик жойлари, айниқса, сайёҳлар билан гавжум сатҳларда уларни ўта ҳушёр бўлишга даъват қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ