Каримов Эрдўғонга таъзия билдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати билдирган.

Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропортида амалга оширилган сешанба кунги теракт қурбонлари орасида бир Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Айрим хабарларда ҳужумларда яраланган ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилса-да, ҳозирча, уларни расман тасдиқлашнинг имкони бўлгани йўқ.

"Мамлакатимиз раҳбари президенти ва қардош турк халқига чуқур таъзиларини изҳор қилади, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдарлик билдиради", - дейилади бу хусусдаги билдиришномада.

Бундан аввал қўшни Қозоғистон раҳбарияти Истанбулдаги ҳужумларни кескин қоралаб чиққан, уларга ўз ҳамдардликларини изҳор этганди.

Аммо қурбон бўлган ва ёки яраланган фуқаролари бор-йўқлиги хусусида бир сўз демаганди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман билдиришича эса, ҳодисада бирор бир фуқаролари қурбон бўлмаган.

Фақат бир нафар қирғизистонлик енгил яраланган.

Расмий Душанбега кўра, Отатурк халқаро аэропортидаги теракт ўз фуқаролари учун ҳеч бир зиён-заҳматсиз кечган.

Туркияда чоршанба - миллий мотам куни, деб эълон қилинган.

Қанча ўзбекистонлик?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасидан Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришларича, масъуллар ҳозир ушбу саволга ойдинлик киритиш ҳаракатида.

Аён бўлишича, бу иш билан шахсан Ўзбекистон Бош консули ва консули шуғулланмоқда.

Ўзбекистон Бош консулхонаси вакилига кўра, бу хусусдаги маълумотнинг ўзларига қачон имконли бўлиши маълум эмас.

Аммо, унинг айтишича, вазият ойдинлашиши билан энг сўнгги расмий маълумот Ўзбекистон Бош консуллиги расмий веб саҳифасида чоп этилади.

Туркиялик расмийларнинг ҳозирга келиб билдиришларича, қурбонлар орасида бир Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Аммо ҳозирча бу ўзбекистонликнинг ким экани тафсилотлари маълум эмас.

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Отатурк халқаро аэропортидаги портлашлар 29 июнга ўтар кечаси содир этилган.

Энг сўнгги хабарларга кўра, ҳодисада қирқ бир инсон қурбон бўлган. 239 инсон яраланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Туркиялик масъуллар аввалбошданоқ ҳужумларда талафот кўрганлар орасида чет элликлар ҳам борлигини айтишган.

Расмийлар эълон қилган энг сўнгги маълумотлардан аён бўлишича, қурбонлардан 13 таси хорижлик.

Улардан беш нафари Саудия Арабистони ва яна иккитаси ироқлик бўлишган.

Хитой, Иордания, Тунис, Ўзбекистон ва Украина эса, Истанбулдаги сўнгги ҳужумда биттадан фуқароларини бой беришган.

“Ўзбекистон Ҳаво йўллари” ширкати ўз парвозларини худди ана шу халқаро аэропорт орқали амалга ошириб келган.

Аён бўлишича, ҳужум юз берган соатларда Отатурк халқаро аэропортидан Истанбулдан Тошкентга NY 274 рейси (22:45) ҳам парвоз қилиши керак бўлган.

Ширкатнинг бугун чоршанба 29 июн куни расман билдиришича, туркиялик масъулларнинг Отатурк халқаро аэропортини вақтинчалик ёпиш қарори ортидан, Истанбул-Тошкент рейсининг санаси ва вақти ўзгартирилган.

Кеча сешанба кунига режаланган йўловчи учоғининг парвози бугун маҳаллий вақт билан кечки соат 20:00 да амалга оширилиши маълум қилинган.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айрим маҳаллий интернет нашрларининг хабар беришларича, Отатурк халқаро аэропортида амалга оширилган мувофиқлаштирилган ҳужумларда жабр кўрганлар орасида бир Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Жумладан, kun.uz сайтининг ёзишича, бу ҳақда Истанбулдаги шифохонага ётқизилган ўзбекистонлик аёлнинг ўзи маълум қилган.

Аммо, “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” ширкатининг Истанбулдаги ваколатхонасидан Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришларича, кеча сешанба кунига режаланган рейс йўловчилари орасида жабр кўрганлар умуман бўлмаган.

Ваколатхона вакили, ўз ўрнида, бошқа йўналишлар бўйича амалга оширилаётган парвозлардаги Ўзбекистон фуқаролари борасида ҳеч нарса дея олмаслигини билдирган.

Шу соатларда Отатурк халқаро аэропортидаги сўнгги ҳужумларда украиналик 56 ёшли аёлнинг қурбон бўлгани, яна бирининг яралангани расман тасдиқланган.

Имконли бўлган бошқа бир маълумотга кўра, ҳодисада бир россиялик ҳам тан жароҳати олган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман билдиришича, ҳодисада жабрланган Рифат Салимов(20 яшар) Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиққан.

Консуллика кўра, ҳозир уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларини аниқлаш устида иш олиб боришмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, Истанбулдаги сўнгги ҳужумни кескин қоралаб чиққан.

АҚШ ҳам бу хусусда расмий Остонага қўшилишган, Олмония Ташқи ишлар вазирлиги эса, Туркияга ўз ҳамдардлигини изҳор қилган.

Бу каби қонли ҳодисанинг мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида уюштирилганига алоҳида диққат қаратиб, ўзбекистонлик кўплаб интернет фойдаланувчилари ҳам бу каби танқидларга қўшилишган.

Туркия хавфсизлик кучларини бу каби ҳужумларнинг олдини ололмасликда ҳам айблашган.

Мисол тариқасида Тошкент халқаро аэропортидаги хавфсизлик чораларини тилга олишни ҳам унутишмаган.

Бу икки давлат ўртасида амалда бўлган визасиз режим шартларига мувофиқ, ўзбекистонликлар визасиз боришдан ташқари, Туркия ҳудудида бир ойгача қолишлари ҳам мумкин бўлади.

Туркия, йилларки, аксарият минтақа аҳолиси учун тижорат ва сайёҳлик маркази бўлиб келган.

Улардан кўпчилигининг тирикчилиги Туркиядан келтирилаётган турли хил товарлар савдоси орқасидан ўтади.

Устига устак, Туркия улар учун тил ва маданияти ўзларига жуда яқин бўлган дунёдаги саноқли давлатлардан бири саналади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Отатурк халқаро аэропортидаги сўнгги ҳодисага бирор бир гуруҳ расман масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган. Худкуш ҳужумчиларнинг мақсади ҳам ноаёнлигича қолмоқда.

Туркиялик расмийларнинг ўзлари эса, бу ишни Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳи баробарида курд жангариларига ҳам нисбат беришмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ