'Аҳмадбойдан банклар ҳам жабр кўрди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи screenshot
Image caption Аҳмад Турсунбоевнинг Тошкентдаги вақтинчалик тергов ҳибсхонасида сақланаётгани айтилади

Би-би-сига маълум бўлишича, ноқонуний молиявий пирамидани бошқарганликда айбланаётган Аҳмад Турсунбоевдан жабр чекканлар орасида фақат жисмоний шахслар эмас, балки маҳаллий банклар ҳам бор.

Тошкентдаги Hamkorbank бошқарувига яқин манбаънинг сўзларига кўра, шу кунларда Аҳмадбой пирамидасидан зарар кўрган банкнинг Чиноздаги шўъбасини тафтишчилар босган.

Улар банкдан кредит олиб, фоиз ишлаш учун Аҳмадбойга берган мижозларнинг ҳисобларини ўрганишмоқда.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, "Ҳамкорбанк" кўрган зарарнинг аниқ миқдори ҳозирча маълум эмас, аммо бу зарарни қандай қоплаш борасида банк раҳбариятига аллақачон кўрсатма берилган.

"Энди банк ходимлари кечаси билан уйма-уй юриб, кредит олган одамлардан пулни қайтаришга ёки етказилган зарарни мулк билан қоплашга мажбурлашаяпти", деди Би-би-сининг Тошкентдаги манбаъси.

Унинг сўзларига кўра, хатто банк ходимлари орасида ҳам кредит олиб, Аҳмадбойга берган ёки шахсий маблағларини пирамидага тиккан ҳоллар аниқланган.

15 июн куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Аҳмадбой номи билан танилган чинозлик Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олган.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

'Аҳмадбой васвасаси'

Чоршанба куни Ўзбекистон давлат телеканаллари 30 июн куни Аҳмад Турсунбоевнинг ноқонуний фаолиятига доир янги кўрсатув намойиш этилиши ҳақидаги эълонни берган.

"Аҳмад васвасаси" деб номланган кўрсатувда унинг ўзининг иқрорликлари ҳам янграши айтилган.

Бундан аввал, 16 июн куни эфирга узатилган илк кўрсатувда Аҳмадбойдан куйиб қолгани айтилган мижозларнинг кўрсатмалари янграганди.

Image caption Hamkorbank нинг Чиноздаги идорасини тафтишчилар босган

Уларнинг сўзларига кўра, Аҳмад Турсунбоевга тегишли “Чиноз Авто Ҳамкор” ширкати бир йил муддат ичида икки баробар қилиб қайтариш ваъдаси билан минглаб омонатчиларнинг маблағларини айлантириб келган.

Мижозлар орасида ҳовли-жойлари ва машиналарини сотиб берганлар ҳам борлиги айтилади.

Давлат телевидениеси намойиш этган 6 дақиқалик кўрсатувда 12 миллион доллардан ортиқ пулларнинг ашёвий далил сифатида олингани айтилган.

Аҳмадбойнинг ҳибсга олиниши ҳақидаги хабар ортидан юзлаб мижозлар унинг Чиноздаги уйини қуршаб олганлари ва маблағларини қайтаришни талаб қилганлари айтилган.

Аҳмадбойга нисбатан қандай эҳтиёт чораси қўллангани маълум эмас, айрим хабарларга кўра, у Тошкентдаги вақтинчалик тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ҳозирда кредиторларнинг мол-мулки ва нақд пуллари уларга қайтарилиши ё қайтарилмаслиги борасида бирон расмий маълумот йўқ.

Расмийлар Аҳмадбой пирамидасидан жабр кўрган мижозлар тегишли тартибда мурожаат қилганлари тақдирда, уларнинг аризалари кўриб чиқилишини айтишган.

Чинозлик суҳбатдошларнинг Би-би-сига айтишларича, Аҳмад Турсунбоевининг уйи ва мол-мулки маҳаллий милициянинг назорати остида қолмоқда.

"Одамлар пулларини, машиналарини талаб қилиб боришяпти, лекин ҳатто кўчасига киритилмаяпти экан", - дейди чинозликлардан бири.

'Халқ банки'

Аҳмадбой пирамидасининг қулаши интернетнинг ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинган мавзуга айланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи screenshot
Image caption Аҳмадбойдан жабр кўрган мижозларнинг пуллари қайратилиш-қайтарилмаслиги номаълум

Аҳмад Турсунбоевнинг шахси ва фаолиятига турлича баҳо берган ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг аксари нега расмийлар бир неча йил давомида маҳаллий тадбиркорнинг ноқонуний фаолиятига кўз юмиб келгани ҳақидаги саволларни ҳам беришган.

Аҳмадбойнинг фаолиятидан хабардор бўлганларнинг айтишларича, у ўз мижозларидан пул-маблағларни қабул қилиб олиш чоғида форс-мажор ҳолатида маблағларга даъво қилмаслик ҳақида тилхат ёздириб олган.

Оддий халқ орасида Аҳмадбой одамларни рози қилиб келгани, етим-есир ва камбағалларга ёрдамини аямагани ҳақидаги фикрлар ҳам кенг тарқалган.

Таҳлилчиларга кўра, Аҳмадбой молиявий пирамидасининг ривожланишида аҳолининг Ўзбекистондаги банк тизимига ишончсизлиги катта рол ўйнаган.

Иқтисодчи Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, фуқаролар ўз жамғармаларидан фойда олиши мумкин бўлган муқобил қонуний йўллар ишламаяпти.

"Одамларнинг болалари юборган пуллари бор, хурмачада турган пулларини қаергадир қўйиб, 5-10 фоиз ундан фойда олиш, агар тўғри йўлда қилинса, ҳалол-ку. Шунга халқ интилади. Халқнинг қондирилмаган эҳтиёжини ўша халқнинг орасидан чиққан инсон - Аҳмадбой қондирган", - дейди у.

Анвар Ҳусаиновга кўра, Аҳмадбойга пул берган мижозларнинг пулларини тўлиқ эгаларига қайтариш имконсиз.

Унинг фикрича, бу пулларнинг катта қисми четга олиб чиқиб кетилгани эҳтимоли катта.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.