Истанбулдаги ҳужумда яна бир ўзбекистонлик ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY

Туркиянинг Haberturk сайти хабар қилишича, 28 июнда Отатурк аэропортида содир этилган ҳужумда Наманган вилоятилик Аброржон Устабоев ҳам ҳалок бўлган.

Айтилишича, 22 ёшли Аброржон аэропортга келиб, таксидан тушган пайтда портлаш юз берган ва у олган жароҳати орқасидан ўша жойда ҳаётдан кўз юмган.

Анатолия ахборот агентлигига кўра, тадбиркорлик билан шуғулланиб келган Аброржон Туркиядан Ўзбекистонга 12 минг долларлик маҳсулотлар олиб кетаётган бўлган.

Аброржон Усмоновнинг яқин дўстининг мухбирга айтишича, портлашдан олдин у билан гаплашган. "У Туркияни севарди ва кўп орзулари бор эди. Терроризм иккаласини ҳам барбод қилди", деб айтган марҳумнинг дўсти.

Отатурк халқаро аэропортидаги портлаш ва отишма чоғида ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Бундан олдин Туркия Адлия вазирлиги қурбон бўлганлар орқасида 39 инсоннинг шахси аниқланганини билдирганди.

29 июнда эълон қилинган қурбонлар рўйхатида Самат Муҳитдинов исмли ўзбекистонлик борлиги айтилганди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳодисада жабрланган Рифат Салимов(20 яшар) Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиққан. Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, яраланганлар ичида тўрт ўзбекистонлик бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ходими кеча Би-би-си Ўзбек Хизматига қурбонлар ва жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги текширилаётгани, вазият ойдинлашгач, расмий маълумот Ўзбекистон Бош консуллиги расмий веб саҳифасида чоп этилишини айтганди. Бироқ бугун Истанбулдаги Ўзбекистон консуллиги билан боғланишнинг имкони бўлмади, телефон қўнғироғига ҳеч ким жавоб бермади.

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Отатурк халқаро аэропортидаги портлашлар 29 июнга ўтар кечаси содир этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳодисада қирқ уч инсон қурбон бўлган. 239 инсон яраланган. Қурбонларнинг аксарияти туркияликлар, 13 таси хорижлик, жумладан, Саудия, Ироқ, Эрон, Иордания, Фаластин, Тунис, Украина ва хитойлик фуқаролар бўлган.

Портлашга масъулиятни ҳозиргача бирор бир гуруҳ зиммасига олмаган.

Олдинроқ Туркия ҳукумати террористик ҳужумга "Исломий давлат" жангари гуруҳи, шунингдек rурд исёнчилари турган бўлиши ҳақидаги тахминларни айтганди.

Дунёдаги қатор давлат раҳбарлари дохил Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам Туркия халқига ва Президент Эрдўғонга таъзия билдирди.

Туркияда 29 июн, чоршанба - миллий мотам куни, деб эълон қилинди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ