Каримов: 'Ўзбек олтинининг баҳосини билмасдим'

Image caption Каримов СССР даврида Ўзбекистоннинг молия вазири лавозимида ишлаган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шўро даврида Ўзбекистон ярим мустамлака республика бўлгани ва унинг ўзи молия вазири бўла туриб, олтин ва бошқа бойликларнинг баҳосидан бехабар бўлганини айтган.

Бу ҳақда жаноб Каримов 22 июн куни Хитой раҳбари Си Цзинпин билан бирга Ўзбекистон парламенти депутатлари қаршисида қилган нутқида гапирган.

Президент матбуот хизмати томонидан тарқатилган нутқида жаноб Каримов СССРдан Ўзбекистонга "асосан хомашё етказиб беришга мослашган заиф ва ночор иқтисодиёт мерос бўлиб қолгани"ни айтган.

"Пахтани ўзимиз етиштирар эдиг-у, лекин унинг нархи амалда қанча эканини билмас эдик... Тасаввур қиласизми, мен ўша пайтда республика молия вазири бўла туриб олтин қазиб олиш бўйича СССРда иккинчи ўринда турадиган Ўзбекистонда олтиннинг баҳоси қанча эканини аниқ билмас эдим. Юртимиз заминидан катта ҳажмда қазиб олинган турли нодир металлар, уран ва бошқа стратегик товарлар ҳақида ҳам бизда ҳеч қандай маълумот йўқ эди", деб айтган Ўзбекистон раҳбари.

АҚШ геология хизматининг маълумотларга кўра, 2014 йилда Ўзбекистонда 102 тонна олтин қазиб олинган.

Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича дунёда 7-ўринни эгаллаган.

Image caption Ўзбекистон жамоатчилиги ўзбек олтинининг баҳосини хали ҳам билмайди

Экспертларга кўра, Ўзбекистонда 63 та олтин кони мавжуд бўлиб, бу олтин конларидаги заҳира 2500 тоннани ташкил қилади.

Ҳукумат олтин ва бошқа ер ости бойликларидан келаётган даромадларни ошкор этмайди.

Расмийлар олтин ва бошқа табиий бойликлардан келаётган даромадларнинг қандай мақсадларга сарфланаётгани борасида ҳисобот бермайди

Ўтмишда ғарб матбуоти Ўзбекистон Швейцария ва Франция банкларига хорижий сармоялар учун гаров сифатида бир неча тонна олтинларни қўйгани ҳақида ёзган.

'Ярим мустамлака'

Президент Каримовнинг сўзларига кўра, "собиқ тузум даврида Ўзбекистон ярим мустамлака даражасидаги республика эди".

"Биз хатто солиқни қандай йиғиш, давлат хазинасини қандай тўлдириш, одамларни қандай боқиш кераклигини ҳам билмас эдик. Мустақиллик арафасида 20 миллиондан ортиқ аҳолимизни боқиш учун юртимизда бор-йўғи 15 кунга етадиган ун ва буғдой захираси қолган эди, холос. Буларнинг барчаси Ўзбекистон қандай оғир аҳволда, деярли жар ёқасига келиб қолганини кўрсатади", деган Президент Каримов.

У Хитой ана шундай оғир кунларда Ўзбекистонга ёрдам қўлини чўзганини айтган, аммо Хитойнинг ёрдами нимадан иборат бўлганини очиқламаган.

Жаноб Каримов "тилда бир гапни айтиб, дилида бошқа нарсани ўйлайдиган, амалда эса мутлақо бошқа ишни қиладиган" давлатлар ҳам борлигини айтган, аммо аниқ бирон давлатни атамаган.

Президентнинг нутқидан маълум бўлишича, Хитой Ўзбекистонга қўшма лойиҳалар учун 2.7 миллиард долларлик кредит тақдим қилади.

"Умумий ҳисобда 6,2 млрд долларлик объектлар қурилиши кўзда тутилмоқда", деб айтган жаноб Каримов.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.