'Ўзбекистонда коррупцияга қарши кампания танловли'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Халқаро Транспаренси ташкилоти Ўзбекистонни энг коррупцияга ботган ва коррупцияни йўқ қилиш учун ҳеч қандай чора кўрмаётган мамлакат деб таърифлаб келади.

“Очиқ жамият" жамғармаси "Ўзбекистондаги коррупция” даражаси борасида хисобот чиқарган.

Ўзбекистонда кузатилаётган айрим ҳодисалар ҳукуматнинг коррупцияга қарши кураши сифатида тақдим этилмоқда.

Бироқ, хисобот муалифларининг фикрича, мамлакатдаги қудратли гуруҳлар шу йўл билан ўзига рақиб гуруҳдан қутулиш, ўзининг йўлидан четга суриб қўйиш, кучсизлантиришга интиладилар

Ўзбекистондаги коррупция миқёси борасида аниқ тассавурга эга бўлиш мумкинми?

Хисобот муалифларидан бири, Экзетер университети тадқиқотчиси Девид Льюис.

Девид Льюис: Ўзбекистондаги коррупция борасида аниқ бир тасаввурга эга бўлиш жуда қийин. Чунки коррупция ҳақида гапирганимизда, уни турли қисмларга ажратишимиз керак бўлади. Яъни офшор банк хисобларини ўз ичига олган юқори лавозимлилар ичида коррупция мавжуд, миллионлаб долларли коррупция ҳоллари ва ГАИ ходимига пора бериш каби майда ҳолатлар -буларнинг бари коррупциянинг ранг-баранг жиҳатлари деб аташ мумкин. Бошқа томондан, ушбу ҳолатларни ёритмоқчи бўлган қатор журналистлар ва фаоллар қаттиқ босимга дуч келганлари боис биз Ўзбекистондан мукаммал маълумотларни ололганимиз йўқ. Ҳукумат ҳам етарлича шаффофлик билан ёндашмаяпти. Албатта, биз ўз хисоботимизда ҳар томонлама таҳлил беришга уринганмиз, бироқ, ҳукумат бу соҳада биз билан ҳамкорлик қилмаган.

Би-би-си: Коррупция дунё бўйлаб маълум даражада тарқалган, Ўзбекистондаги коррупциянинг ўзига хослиги нимадан иборат?

Девид Льюис: Ҳа, тўғри, биз ҳам фақат хисоботимизда коррупция Ўзбекистонга таалуқли деб айтмаганмиз, биз Ўзбекистон рол ўйнаётган глобал миқёсдаги коррупцияни таҳлил қилганмиз. Оврўпонинг офшор тизимларидан бошлаб Шимолий Америкагача барча ўйинчилар дунё бўйлаб коррупцион тизимга аралашганлар. Бироқ Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни жорий этиш бўйича энг орқада қолиб кетган мамлакатлардан бири бўлиб, бу мамлакатда коррупция гуллаб-яшнашига йўл қўйувчи маълум бир система шаклланиб бўлган. Бунинг устига, мавҳум қонунлар тадбиркорликнинг ривожланишига ҳамда чегара оша савдога оид чекловларнинг жорий этилиши мамлакат ичида коррупцион сиёсий-иқтисодий тизимнинг яратилишига хисса қўшган.

Би-би-си: Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати ўтмишда ва бугунги кунда коррупцияга қарши уруш эълон қилган ва қилмоқда, мисол учун телеком соҳасидаги коррупция учун жавобгар бўлган шахсларни жазолаган. Бунга нима дейсиз?

Девид Льюис: Тўғри, хозирда ҳукумат ишлаб чиққан анти-коррупцион режа амалга оширилмоқда ва бу ижобий натижа беришига биз фақат умид қилишимиз мумкин. Техник нуқтаи назардан кичик натижаларга эришилган. Бироқ, мазкур кампания кўпроқ сиёсий тус олган. Коррупция билан кураш шиори остида ҳукумат номақбул шахсларни жазолашга ҳаракат қилмоқда. Натижада бутун система ўзгармасдан қолаётир. Яъни, келажакда бошқа шахсларнинг иштирокида худди шунга ўхшаш муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Ўзбекистон мунтазам ва муттасил ислоҳотларга муҳтож.

Би-би-си: Яъни, сиз Ўзбекистонда мазкур кампания селекцион яъни танловли ёндашувни амалга оширмоқда демоқчимисиз?

Девид Льюис: Худди шундай, танлаб ёда айрича ёндашувда қонунга риоя қилинмасдан, баъзи шахсларни нишонга олишади. Булар орасида, сиёсий хайрихоҳликдан маҳрум бўлган ёда рақиб бизнес гуруҳлари томонидан нишонга олинганлардир. Яъни коррупцияга қарши кампанияни Ўзбекистон ичидаги турли сиёсий элиталар ўртасида ўзаро ички кураш деб таърифлаш мумкин. Бу ҳаракатларни - коррупцияни ўзбек жамиятида таг-туги билан йўқотишга қаратилган ҳаракатлар деб айтиб бўлмайди. Энг тепадан бошлаб бутун тизимни ўзгартирадиган ислоҳотлар амалга оширилиши керак. Биз эса фақат айрим маҳкама жаарёнларига гувоҳ бўлаяпмиз, холос.

Би-би-си: Сиз бошида милиция ходимига пора берилаётгани ҳақида айтиб ўтдингиз. Баъзи қарашларга кўра, камбағал мамлакатларда порахўрлик давлат муассасаларига сингиб кетган воқеъликдир. Бу каби қараш Ўзбекистонга қанчалик таалуқли?

Девид Льюис: Дарҳақиқат, полиция ёки милиция ходимлари кам маош олаётганлари сабаб зўрға ҳаёт кечираётганлари мумкин. Кўп ҳолларда қийин вазиятдан чиқиш учун инсон ифодалаб бўлмайдиган чора кўришга яъни пора беришга мажбур бўлади. Аксар одамлар учун порахурлик уларни эзадиган ва зулм қиладиган давлатни четлаб ўтишнинг ягона йўли бўлиб қолди. Ўз ишларини битириш учун, мисол учун, ҳужжатларини ўз вақтида олиш ёки бирор нарсага эришиш мақсадида одамлар пора беришга ўрганиб қолганлар ва буни тушунса бўлади. Бу даражадаги порахўрлик юқори даражада содир этилаётган коррупциядан фарқ қилади. Ўзбекистонда сиёсий қудратга эга бўлган бизнес элиталарда биз мисли кўрилмаган коррупцияга гувоҳ бўлаяпмиз. Албатта порахўрликни барча поғоналарда йўқ қилиш керак. Токи иқтисод тикланмагунча, давлат органлари маошлари етарли бўлмаганга қадар паст даражадаги коррупцияни ҳам енгиб бўлмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар