Шерали Жўраев "Аҳмадбойни танимаган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube
Image caption Шерали Жўраев 'Аҳмадбой пирамидасининг абонентларидан' бўлгани иддао қилинган

Ўзбекистон Халқ Артисти Шерали Жўраевнинг вакили унинг "Аҳмадбой пирамидаси"га асос солган чинозлик Аҳмад Турсунбоевнинг мижозлари орасида бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этди.

Таниқли ҳофизнинг ҳозирда Ўзбекистон ташқарисида, дам олишда эканини айтган вакилнинг сўзларига кўра, улар пайшанба куни Ўзбекистон давлат телеканаллари орқали намойиш этилган "Аҳмад васвасаси" номли ҳужжатли филмда янграган иддаолардан таажжубга тушганлар.

Би-би-си суҳбатлашган ҳофизнинг яқинлари ҳам унинг Аҳмад Турсунбоевни танимагани ва у билан ҳеч қандай муомаласи бўлмаганини урғулашмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, "Шерали Жўраевни яқиндан билган инсонлар унинг ҳеч қачон бу каби ишга аралашмаслигини яхши билишади".

'Ёш бола'

Айни пайтда ҳофизнинг яқинлари унинг Аҳмад Турсунбоевнинг тадбирида иштирок этганини тасдиқлашди.

"Ўртоқлари айтганди, бориб, бирпасда қайтиб келдилар. "Тушунмадим, детдомгами, аллакимга ёрдам бериб юрган бир ёш бола экан", деб айтдилар дейди Шерали Жўраевнинг яқинларидан бири.

Шерали Жўраевнинг вакили ЎзТВ да намойиш этилган ҳужжатли филм юзасидан ўз юристлари билан маслахат қилишгани ва қандай жавоб бериш масаласини муҳокама этаётганларини билдирди.

Пайшанба куни кечки пайт давлат телеканаллари орқали намойиш этилган кўрсатувда "Chinoz Avto Hamkor" ширкатининг юристи деб таништирилган О.И. исмли гувоҳ Аҳмад Турсунбоев бошқарган молиявий пирамида мижозлари орасида катта -катта лавозимдаги шахслар ва "катта-катта артистлар" ҳам бўлганини айтиб, Ўзбекистон Халқ Артисти Шерали Жўраев ҳамда қизиқчи Мирзабек Ҳолмедовлар номини тилга олган.

Филмда Шерали Жўраев Аҳмад Турсунбоев уюштиргани англашилган тадбирда қўшиқ айтаётган, шунингдек, бошқа бир санъаткор, қизиқчи Обид Асомов қадаҳ кўтариб турган саҳналар намойиш этилган.

15 июн куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари чинозлик 38 ёшли тадбиркор Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олган.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

'Мени кечиринглар'

30 июн куни эфирга узатилган кўрсатув, хали тергов жараёни давом этаётганига қарамай, фош этувчи оҳангда тайёрланган.

Бошловчининг овози айбномадек янграган филмда ўнлаб гувоҳлар билан бир қаторда, Аҳмад Турсунбоевнинг ўзи ҳам пайдо бўлади ва ўзини банкрот деб эълон қилади.

"Уникини бунга, буникини унга, шунақа қилиб, кириб кетганман. Тўғриси, энди банкротга учрадим. Пул етказиб беролмадим. Секин-секин, машанақа қилиб, кўпайиб кетди. Ҳозир, данний момент қанча одамлигини билмайман", - дейди айбланувчи сифатида таништирилган Аҳмад Турсунбоев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи screenshot
Image caption "Банкрот бўлдим. Пушаймонман..."

Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олиш чоғида унинг уйидан 13 миллиард 139 миллион сўм ва 12 миллион АҚШ доллари мусодара қилингани айтилган.

Филмда Аҳмадбойнинг "бир неча ой ичида қад кўтарган вилласи", унга тегишли экани айтилган қимматбаҳо машиналар намойиш этилган.

Бошловчи Аҳмадбойнинг бир неча 100 миллион турадиган Cadillac русумли машинада шаҳар кезишни ёқтирганини ҳам айтади.

Филмнинг кулминациясида Аҳмад Турсунбоев мижозларидан узр сўрайди.

"Мен аҳолидан узримни сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман", дейди у.

Аммо на унинг ўзи ва на филм муаллифлари ҳибсга олиш чоғида мусодара қилинган миллионлаб маблағларнинг тақдири нима бўлиши, аҳолининг омонатлари қайтарилиб-қайтарилмаслиги ҳақида ҳеч нарса дейишмайди.

Филм бошловчиси агар фирибгарлик "ўз вақтида фош этилмаганида, яна минглаб одамлар жабр кўриши мумкин эди", дейди.

Аммо...

Халқ орасида Аҳмадбой номини олган Аҳмад Турсунбоевнинг молиявий пирамидаси фош этилгунича 4-5 йил фаолият олиб борган ва ўн минглаб мижозларга хизмат кўрсатган.

Филмда "Chinoz Avto Hamkor" масъулияти чекланган жамиятнинг ҳисобчи ва қоровуллари деб таништирилган шахсларнинг гувоҳлик беришича, Аҳмад Турсунбоевнинг олдига кунига 500-600 нафаргача одамлар келишган.

"Вазият шу даражага бориб етдики, одамлар пул топшириш учун Аҳмаднинг эшигида икки кунлаб навбат кутадиган бўлишди", дейилади филмда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи screenshot
Image caption Мусодара қилинган пулларнинг эгаларига қайтарилиши ҳақида гап-сўз йўқ

"Шундай муҳит яратилганки, бу ерга келган мижоз ўзини банкка омонат қўйгани келгандай ҳис қилади. Эшик олдида 4-5 нафар қоровул, ҳар томонда кузатув камералари, ҳужжат орқали ичкарига киритилган. Ичкарида эса банкларда бўлгани каби саҳналар мижозда ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди".

Филм муаллифларининг айтишича, Аҳмад Турсунбоев аввал ҳамма ишни бир ўзи бошқарган, кейин эса мижозлар сони кўпайиб боргани баробарида яқин қариндошлари ва маҳаллий аҳоли вакилларини ёллаган.

Жумладан, унинг ёнида аввал катта-катта давлат идораларида ишлаган собиқ мулозимлар, хусусан, солиқ ва милициядан чиққан одамлар пайдо бўлишади.

Филмда улардан икки нафари- Чиноз туман ҳокимининг собиқ ёрдамчиси ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги собиқ юқори мартабали зобити гувоҳлик беришган.

Уларнинг иккаласи ҳам Аҳмад Турсунбоевнинг "жиноий шериклари" сифатида айбланаётганлари айтилган.

Виждонсиз раҳбарлар

Филмда маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари шаънига ҳозирга қадар эшитилмаган танқидий фикрлар янграган.

Жумладан, касби ўқитувчи бўлган аёл "Ҳоким, ички ишлар ҳозиргача Аҳмадбойни нега текширмади? Оддий халқ перашка сотса, солиқчи югуриб келади, нега Аҳмадбойни ҳеч ким ушламади ҳозиргача?" деган саволларни беради.

"Мен виждонсиз мансабдор шахсларни айблайман", дейди В.В. исмли аёл.

Аммо филмда "виждонсиз мансабдор шахслар" кўрсатилмайди.

Бошловчи бу саволларни расмийларга ҳавола қилиш ўрнига уларни риторик бир шаклда қайтариш билан кифояланади, холос.

Филмда бу ва бошқа, хусусан, аҳолининг пулларига нима бўлади, деган асосий саволга жавоб йўқ.

Аммо филм маҳаллий мансабдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларини фирибгарлик ва жиноий амалларга нафақат кўз юмиб келганлик, балки шерикликда ҳам айблайди.

'Аччиқ сабоқ'

Аҳмад Турсунбоевнинг жияни деб таништирилган шахснинг айтишича, одамлар жуда катта риск қилишаётгани ва бир кун келиб "ҳаммаси шундай тугашини билишарди".

"Одамлар хали ишинглар яхшими, яна пул топширсак бўладими, деб сўрашарди. Шундай бўлишини ҳамма аҳоли биларди", дейди "Chinoz Avto Hamkor"нинг собиқ ходими.

Image caption Аҳмадбойнинг пирамидасидан банклар ҳам жабр кўргани айтилмоқда

Филмда Аҳмадбойга шогирд тушиб "бири икки бўлган Юнусали"нинг ҳикояси берилган.

Айтилишича, "молбозорда даллоллик қилган Юнусали" Аҳмадбойга шогирд тушгач, мисли кўрилмаган даражада бойиб кетган.

"Ўртамиёна ҳаёт кечирган Юнусали 1-2 йил ичида данғиллама ҳовли қуриб, янги автомашиналар олиб, тўкин ҳаёт кечиргани осмондан тушган бахт эмаслиги кундай равшан", дейди бошловчи.

Филмда жиноий суриштирув ва тергов ишлари давом этаётгани, Аҳмад Турсунбоев ва жиноий шериклари қилмиши учун жазо олиши урғуланади.

"Аммо алданганлар, жабрланганлар-чи?" деб сўрайди бошловчи ва улар учун бу "аччиқ бир сабоқ" бўлишини айтади.

Филмда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур Аҳмад Турсунбоевнинг фаолиятини судхўрлик дея баҳолаган.

Уламонинг сўзларига кўра, Ислом динида бу "Оллоҳ ва унинг Пайғамбарига уруш эълон қилиш"га тенглаштирилади.

Тафтиш

Би-би-сига маълум бўлишича, Ўзбекистон тарихида энг йирик молиявий пирамидани бошқаргани айтилаётган Аҳмад Турсунбоевдан жабр чекканлар орасида фақат жисмоний шахслар эмас, балки маҳаллий банклар ҳам бор.

Тошкентдаги Hamkorbank бошқарувига яқин манбаънинг сўзларига кўра, шу кунларда Аҳмадбой пирамидасидан зарар кўрган банкнинг Чиноздаги шўъбасини тафтишчилар босган.

Улар банкдан кредит олиб, фоиз ишлаш учун Аҳмадбойга берган мижозларнинг ҳисобларини ўрганишмоқда.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, "Ҳамкорбанк" кўрган зарарнинг аниқ миқдори ҳозирча маълум эмас, аммо бу зарарни қандай қоплаш борасида банк раҳбариятига аллақачон кўрсатма берилган.

"Энди банк ходимлари кечаси билан уйма-уй юриб, кредит олган одамлардан пулни қайтаришга ёки етказилган зарарни мулк билан қоплашга мажбурлашаяпти", деди Би-би-сининг Тошкентдаги манбаъси.

Унинг сўзларига кўра, хатто банк ходимлари орасида ҳам кредит олиб, Аҳмадбойга берган ёки шахсий маблағларини пирамидага тиккан ҳоллар аниқланган.

Молиявий пирамидалар 1990-йиллар бошида, Совет Иттифоқининг қулаши баробарида аҳолининг оммавий қашшоқлашуви ва банк-молия тизимининг фалажланиши манзарасида пайдо бўлган феномен сифатида билинади.

Таҳлилчиларга кўра, Аҳмадбой молиявий пирамидасининг пайдо бўлиши ва ривожланишида аҳолининг Ўзбекистондаги банк тизими ва умумият-ла, молиявий ва иқтисодий институтларга ишончсизлиги катта рол ўйнаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.