Эрдўғон: 'Суриялик қочқинларга фуқаролик берамиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўғон Туркия суриялик қочқинларнинг ҳам уйлари эканини айтган

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатда вақтинча паноҳ топган суриялик қочқинларга турк ватандошлигини беришга тайёр эканликларини айтган.

Бу ҳақда жаноб Эрдўғон Туркия жануби-шарқидаги Килис шаҳрида Қизил Ой жамияти берган ифторлик чоғида гапирган.

"Мен бу оқшом, бу ерда қардошларимга бир мужда бермоқчиман. Уларнинг орасида Туркия жумҳурияти ватандошлигини олишни истаганлар бор. Бизнинг ички ишлар вазирлигимиз бу йўналишда иш олиб бораяпти. Туркия - сизнинг ҳам уйингиз", деган Президент Эрдўғон.

Сурия билан чегарадаги Килис шаҳрида қочқинлар сони маҳаллий аҳоли сонидан кўпроқ.

Президентнинг айтишича, фуқаролик бериш масаласи билан махсус ташкил этилган ИИВ идоралари шуғулланади.

Бу борадаги давлат дастури тафсилотларини расмийлар келаётган кунларда эълон этишлари кутилмоқда.

'Қочқин эмас, меҳмон'

Британияда чоп этиладиган Financial Times рўзномаси жаноб Эрдўғоннинг баёноти Оврўпо Иттифоқи билан Туркия ўртасидаги муҳожирлик битими манзарасида янграганига эътибор қаратади.

Нашрнинг ёзишича, баёнот Туркиядаги мухолифат партиялари ҳамда оддий фуқаролар томонидан турлича қабул қилиниши мумкин.

Президентнинг сўзлари ижтимоий тармоқларда фаол баҳсу мунозараларни уйғотган.

Кўпгина турклар суриялик қочқинларга фуқаролик бериш яхши ғоя эмаслигини айтишмоқда.

Расмий Анқара аввалроқ суриялик қочқинларни "меҳмон" деб атаб, уларга қочқин мақомини беришдан бош тортган эди.

Қочқинларнинг кичик бир гуруҳига яшаш ва ишлашга рухсат берилган.

Ҳозирда Туркияда 2,7 миллион суриялик ва 300 минг ироқлик қочқинлар бор.

Бирлашган Миллатларга кўра, Суриядаги уруш бошидан буён 250 минг инсон ҳалок бўлган, 10 миллиондан ортиқ одам уйларини ташлаб чиққан.

Зиддият 4 миллиондан ортиқ сурияликларни ватанларидан ташқарида бошпана излашга мажбур қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.