"Тошкентда куйдирги тарқалгани ёлғон"ми?

Би-би-сига юборилган хабар ва аудио ёзувларга кўра, Тошкентда куйдирги ёки "сибирская язва" юқумли касаллиги пайдо бўлгани тахмин қилинмоқда.

Суратларда беморнинг қўли шишиб, пуфаксимон тошмалар тошгани ва қорайиб кетгани кўринади.

Ушбу хабарни овозли тарзда юборган кишининг сўзларига қараганда, беморга касаллик зарарланган мол гўштидан юққан бўлиши эҳтимоли айтилмоқда. Хабарда мол гўшти сотиб олишдан эҳтиёт бўлишга чақирилади. Шунингдек, айни бемор Тошкентдаги юқумли касалликлар шифохонасида экани қайд этилади.

Би-би-си ушбу хабарни аниқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган юқумли касалликлар шифохонасига қўнғироқ қилди.

Телефон қўнғироғига жавоб берган навбатчи шифокорнинг билдиришича, "касалхонага олиб келинган бемор куйдирги касаллигини юқтиргани дастлаб тахмин қилинган. Чунки медицинада ҳар доим шубҳа билан қаралади ва текширилади. Текширишлар шуни кўрсатдики, бемор аёлдаги касаллик куйдирги эмас, сарамас касаллиги эканлиги аниқланди. Беморнинг куйдирги касаллиги билан оғригани ҳақида тахминлар бутунлай тарқалди", деб айтди шифокор Би-би-сига.

( Сарамас -тери, шиллиқ пардалар ва тери лимфа томирларининг яллиғланиши, ўткир юқумли касаллик )

Бироқ ижтимоий тармоқларда турли ваҳимали суратлар тарқалиши давом этмоқда.

Би-би-си гаплашган бошқа шифокорга кўра, бемор танасидаги белгилар куйдирги касаллигига жуда ўхшаш. Илгари ҳам Сирдарёда бундай ҳолат рўй берган. Бироқ Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги куйдирги касаллиги учрагани ҳақидаги хабарни тасдиқламайди, дейди манбаъ.

Би-би-сига юборилган яна бир хабарда айтилишича, 1 июл куни Бош вазир Шавкат Мирзиёев шахсан вазирликда мажлис ўтказган ва касалликни олдини олиш бўйича топшириқлар берган.

Айни пайтда Тошкентда мол гўшти билан савдо қиладиган дўконлар, озиқ-овқат шаҳобчалари текширилаётгани айтилмоқда.

Жорий йилнинг июн ойи охирида қўшни Қозоғистонда ҳам куйдирги касаллиги пайдо бўлгани хабарлари тарқалди.

Қозоғистон ҳукуматининг махсус мажлисида Бош вазир Карим Масимов куйдирги касаллиги тарқалиши олдини олиш учун ветеринария назоратини ҳамда ва куйдиргини юқтириб ўлган қорамол кўмилган жойларни қўриқлашни кучайтиришни буюрган.

Қозоқ расмийлари Қарағанда вилоятида 8 инсон куйдиргини юқтиргани, уларнинг икки нафари ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар тарқатмоқдалар.

Қозоғистон Миллий иқтисодиёти вазирлигининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тарқатган хабарга кўра, 19-20 июнь кунлари Қарағанда вилоятининг "Эркиндик" қишлоғининг 9 яшовчиси куйдирги хасталигини юқтирган деган гумон билан шифохонага ётқизилганлар.

Улар орасида 10 ёшли бола ҳам бўлган.

Куйдирги

Фото муаллифлик ҳуқуқи Scott Camazine Alamy

Куйдирги – ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига кирувчи, одамлар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам бирдек хатарли бўлган хасталик ҳисобланади.

Касалликни куйдирги таёқчаси қўзғатади.

У ташқи муҳитда спора ҳолида учрайди, сув ва тупроқда 10 йилгача яшаш қобилиятига эга.

Касалликнинг манбаи асосан касалланган уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва чўчқа ҳисобланади.

Касал ҳайвонларда куйдирги таёқчаси ҳайвоннинг ҳамма органларига кириб боради ва пешоби, нажаси билан ташқи муҳитга чиқиб, тупроқ, ем-хашак, сув ҳавзасини ифлос қилиб, касаллик тарқалишига сабаб бўлади.

Одамга эса, ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаганда ва яхши пиширмай, истеъмол қилган пайтда юқиши мумкин.

Касаллик асосан ёз-куз фаслларида учрайди ва одамга юққандан кейин бир неча соатдан то 14 кунгача яширин даври бўлиб, бунда беморлар шикоят қилмайдилар.

Касалликнинг қайси йўл билан юқишига қараб, тери, ўпка, ичак ва септик (қонда) турлари мавжуд бўлиб, асосан, 95-98 фоиз тери шакли учрайди.

Куйдиргининг, айниқса, ўпка тури одамларда ниҳоятда оғир кечади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ