"Валюта чекловидан зарар кўрадиган яна оддий халқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хабарларга кўра, Ўзбекистондаги банклар хориж валютаси билан хизмат кўрсатиш амалиётларига вақтинчалик чекловлар киритган.

Ўзгаришлар июл ойининг бошидан жорий этилган.

Айтилишича, банкнинг бир мижози банкомат ёки кассадан ойига атиги 300 АҚШ доллари олишга имконли.

Бир кунлик лимит эса аввалгидек 100 долларни ташкил қилади.

Ўхшаш чекловлар шу йилнинг январ ойида ҳам киритилганди. Ўзбекистон ҳукумати бу билан жиноий даромадларни қонунийлаштириш ва пул маблағларини нақд қилишга қарши курашни кучайтиришга қарор қилгани айтилганди.

Таҳлилчилар фикрича, 2016 йил июл ойида кучга кирган ўзгариш валюта билан муомала қилиш соҳасини назорат қилишни режалаштирган.

Шунингдек, ҳукумат банк ҳисобларидаги маблағларни заҳирада сақлашга ҳаракат қилмоқда. Боиси, банк секторини қувватлашга давлатнинг маблағи етишмайди.

Банклардаги валюта маблағларини сақлаб республика молия масъуллари мамлакат ичида валютани сақлаяптилар ва четга чиқишининг олдини олишга уринмоқдалар, дейди улар.

Ўзбекистондан иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаиновнинг Би-би-сига айтишича, ҳукуматнинг бундай йўл тутаётганининг яна бир объектив сабаби, мамлакатга меҳнат муҳожирлари юбориб келган валюта миқдори кескин камайганида.

Шу боисдан мамлакатда валюта етишмовчилиги сезилиб қолган.

Икки йил олдин меҳнат муҳожирлари Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан миллиардлаб доллар юборишган бўлса, айни вақтда бу рақам иқтисодий инқироз ҳамда меҳнат бозоридаги рақобат туфайли бир неча баробарга пасайиб кетган.

Банкларнинг валюта квотасидан яна аҳолининг камбағал қатлами зарар кўради албатта, дейди таҳлилчи.

Бироқ унинг камайганидан зарар кўрадиганларнинг сони унча ҳам катта эмас.

Боиси, четга чиқиш учун давлат берадиган имтиёзлардан фойдаланганлар кўп бўлмаган.

Чунки бу имтиёзлардан фойдаланиш ҳам осон эмас, елиб-югуриб банкдан давлат нархида валюта олганлар саноқли. Менинг ачинган томоним, ҳозир кўп ўзбекистонликлар даволаниш учун Ҳиндистонга кетишяпти. Улар пулларини йиғиб-териб, озгина бўлса ҳам енгил бўлсин деб давлат нархида валюта олишга ҳаракат қилишган. Ана шулар бу имтиёздан ҳам маҳрум бўлишмоқда.

Шу тариқа одамлар муаммоларини яна "қора бозор" орқали ҳал қилишга мажбур, дейди Анвар Ҳусаинов.

Аҳвол бундай қолар экан, Ўзбекистонда валютанинг "қора бозор"и ҳали-бери йўқолмайди.Ўзбекистон ҳам валюта сотиб олишнинг бутун дунёда мавжуд эркин йўлига ўтиши керак. Шунда рақобатга бардошлик синалади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар