Куйдирги боис чегарада ветеринар назорат кучайтирилган

Ўзбекистон расмийлари Қозоғистонда куйдирги ҳолатлари аниқлангани муносабати билан Ўзбек-Қозоқ чегарасида ветеринария назоратини кучайтирганларини айтмоқдалар.

Қозоғистон расмийлари июн ойи ўрталарида Қарағанда вилоятида 8 инсон куйдиргини юқтиргани, уларнинг икки нафари ҳаётдан кўз юмганини тасдиқлаганлар.

19-20 июнь кунлари Қарағанда вилоятининг "Эркиндик" қишлоғининг 9 яшовчиси куйдирги хасталигини юқтирган деган гумон билан шифохонага ётқизилганлар.

Улар орасида 10 ёшли бола ҳам бўлган.

Июн ойи бошида Олма-Ота вилоятининг Қирбулоқ туманида ҳам уч куйдирги ҳолати аниқлангани ҳақида Олма-Ота вилояти Соғликни сақлаш бошқармаси 5 июл куни хабар тарқатган.

Ўзбекистон тиббиёт расмийлари Қозоғистоннинг Ўзбекистонга қўшни Жанубий Қозоғистон вилоятида ҳам инсонларнинг ҳалокатли касалликни юқтиргани ҳақидаги хабарлар тарқалгани ортидан икки мамлакат чегарасида назоратни кучайтиришга қарор қилганларини айтганлар.

Ўзбекистоннинг ўзида ҳам куйдирги ҳолатлари аниқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Шундай хабарлардан бири Тошкент шаҳрининг Учтепа туман юқумли касалликлар шифохонаси билан боғлиқ бўлган.

Би-би-си билан суҳбатда шифохона навбатчи врачи ётқизилган аёл куйдиргини юқтирган деб гумон қилингани, бироқ бу гумон тасдиқланмаганини айтган.

"Текширишлар шуни кўрсатдики, бемор аёлдаги касаллик куйдирги эмас, сарамас касаллиги эканлиги аниқланди. Беморнинг куйдирги касаллиги билан оғригани ҳақида тахминлар бутунлай тарқалди", деб айтди шифокор Би-би-сига.

( Сарамас -тери, шиллиқ пардалар ва тери лимфа томирларининг яллиғланиши, ўткир юқумли касаллик )

Бироқ ижтимоий тармоқларда турли ваҳимали суратлар тарқалган.

Би-би-сига юборилган бир хабарда айтилишича, 1 июл куни Бош вазир Шавкат Мирзиёев шахсан вазирликда мажлис ўтказган ва куйдирги олдини олиш бўйича топшириқлар берган.

Айни пайтда Тошкентда мол гўшти билан савдо қиладиган дўконлар, озиқ-овқат шохобчалари текширилаётгани айтилмоқда.

Куйдирги

Куйдирги – ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига кирувчи, одамлар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам бирдек хатарли бўлган хасталик ҳисобланади.

Касалликни куйдирги таёқчаси қўзғатади.

У ташқи муҳитда спора ҳолида учрайди, сув ва тупроқда 10 йилгача яшаш қобилиятига эга.

Касалликнинг манбаи асосан касалланган уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва чўчқа ҳисобланади.

Касал ҳайвонларда куйдирги таёқчаси ҳайвоннинг ҳамма органларига кириб боради ва пешоби, нажаси билан ташқи муҳитга чиқиб, тупроқ, ем-хашак, сув ҳавзасини ифлос қилиб, касаллик тарқалишига сабаб бўлади.

Одамга эса, ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаганда ва яхши пиширмай, истеъмол қилган пайтда юқиши мумкин.

Касаллик асосан ёз-куз фаслларида учрайди ва одамга юққандан кейин бир неча соатдан то 14 кунгача яширин даври бўлиб, бунда беморлар шикоят қилмайдилар.

Касалликнинг қайси йўл билан юқишига қараб, тери, ўпка, ичак ва септик (қонда) турлари мавжуд бўлиб, асосан, 95-98 фоиз тери шакли учрайди.

Куйдиргининг, айниқса, ўпка тури одамларда ниҳоятда оғир кечади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ