Оливер Кан: ‘Акрам ака ўлимидан чуқур қайғудаман’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Andreas RentzBongartsGetty Images

Жаҳоннинг афсонавий дарвозабони ўзи ва олмон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун 2006 йилги жаҳон чемпионати чоғида Олмонияга велосипедда борган марғилонлик ашаддий футбол ишқибози марҳум Акрам ака Маъруфжоновни ана шундай сўзлар билан хотирлади.

“У киши ўз олдига қўйган мақсадига эришиш учун ўз жонини ҳам аямайдиган, ҳеч бир машаққатдан қўрқмайдиган инсон эди”, - деди Олмония миллий терма жамоаси ва “Бавария” клуби собиқ дарвозабони Оливер Кан Би-би-си Ўзбек Хизматига.

“2008 йилда мени шахсан қўллаб-қувватлаш мақсадида қилган шунча ғайратлари учун Акрамжон акага ҳурматим ниҳоятда баланд. У кишининг менга кўрсатган дастаклари эса, биргина совға қилган ўзбекча чопонлари билан чекланмайди”, - дейди Оливер Кан.

Жаҳон, Оврўпонинг тўрт карра ва ўтган чорак асрнинг энг зўр дарвозабони Акрамжон аканинг оиласига ўзининг самимий ҳамдардлигини изҳор этиш баробарида уларга энг эзгу тилакларини тилаб қолишини ҳам айтади.

Жорий пайтда Оливер Кан етакчи олмон телевизион каналларининг бирида бошловчилик қилади, Бундеслига ва Олмония миллий терма жамоасининг учрашувларини шарҳлайди.

Ўтган йил ноябр ойида кутилмаганда 65 ёшида ҳаётдан кўз юмган Акрам ака эса, Олмония миллий терма жамоаси ва энг етакчи олмон клубидан биттаси бўлган “Бавария”нинг ўзбекистонлик ашаддий ишқибозларидан бири эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

У киши 2006 йилги жаҳон чемпионатида севимли миллий терма жамоасини стадионнинг ўзидан туриб қўллаб-қувватлаш учун Олмонияга велосипедда борган ва катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Орадан икки йил ўтиб эса, Акрам ака Маъруфжонов ўз оиласи билан бирга айнан Олмония миллий терма жамоаси ва Мюнхеннинг “Бавария”си собиқ дарвозабони Оливер Каннинг хайрлашув кечасида иштирок этади.

Улар икковлон бўлиб, афсонавий олмон дарвозабонига ўз қўллари билан бухорача зарбоф тўн ва дўппи кийдиришади.

Марғилонга эса, ўзлари ва қолган оила аъзолари каби “Бавария” клубининг ашаддий ишқибози бўлган тўнғич набиралари Абдумажид учун шахсан Оливер Каннинг дастхати битилган спорт либосини эсдалик ўлароқ олиб қайтишади.

“Совға-салом, футболка,..ҳаммасига Оливер Каннинг ўзи дастхат битганди. Қолган учта ўғил набирамга ҳам Оливер Кандан кепкалар, ҳадялар олиб қайтганмиз ўшанда...Ҳаммаси энди...тасаввур қилиш қийин...жудаям хурсанд бўлиб, йиғлаб, қувонч кўз ёшлари билан бу совғаларни қабул қилишганди. Жудаям кутилмаган иш бўлганди-да, энди. Боболари энди жудаям нима қилиб, бу ҳадяларни орзу-ҳавас билан олиб келгандилар”, - дейди марҳум Акрамжон аканинг аёли Мунаввар опа Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

“Оливер Кан совға қилган футболка бизникида, ҳозир ҳам сақлашаяпти яхши ният билан, ўзларида турибди”, - дейди у киши.

Мюнхендаги хайрлашув кечасини ёдга оларкан, Мунаввар опа турмуш ўртоқлари Акрам ака билан бирга Ўзбекистондан олиб борган ҳадялари ҳам Оливер Канга жуда ёққанини айтади.

“Ўшанда бизни Олмония телевизион каналлари тасвирларга олишди, ҳамма журнал-газеталарига чиқаришди, интервьюлар олишди...Энди, биз ҳам Бухорода зарчопон тиктириб, орқасига Оливер Кан, деб ёздириб олиб боргандик. Кейин, ўзбекларнинг удуми, деб қинли пичоқ, атлас белбоғ, яктак, дўппиларни кийдирдик. Энди-ии, унинг хурсанд бўлганини қўяверасиз. Айниқса, зарчопонни кийганида бутун жамоасига шунчалик хурсанд бўлиб гапираяптики, энди, қўяверасиз”, - дейди у киши.

“Мен аввал Оливер Канни Акрамжон ака олиб келганларида, бирга тушган расмларида кўрувдим. У ерга боргач эса, бизни олмон телеканалларидан бирига таклиф қилишди. Бир 15 дақиқача кутасизлар, ҳозир Оливер Кан келади дейишди ва бизни бир хонага олиб кириб қўйишди. Кейин биз у хонада ўтирсак, узоқдан ҳалиги расмда кўрган кишим келаяпти. Бўйлари узу-уун экан. Кейин немисчада бизларни унга таништиришди. Бундай кулиб турувди, олдин Акрамжон акам билан кўришди, кейин мен билан. Бағримизга босамиз, деб гавдасининг остида қолиб кетдик, иккаламизнинг ҳам бўйимиз пастлигидан. Ўнг томонида биттамиз, чап томонида биттамиз...”.

Ашаддий футбол ишқибози

Акрамжон ака Олмониядаги футбол бўйича жаҳон чемпионати ортидан Жанубий Африка мезбонлик қилган 2010 йилдагисига ҳам бормоқчи бўлади.

Аммо у кишининг ўша пайтда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбати тафсилотларидан маълум бўлишича, қонларида шакар миқдори бироз баланд бўлгани учун тиббий текширувдан ўта олмайди.

Орадан тўрт йил ўтиб эса, асосий ҳомийси билан боғлиқ муаммолар сабаб, Акрамжон аканинг велосипедда Бразилиядаги жаҳон чемпионатига бориш орзуси ҳам амалга ошмай қолади.

Асл касби дурадгор бўлган футболсевар суҳбатдошимиз ўшанда биз билан суҳбатида яна ўз велосипедида Бразилияга бориб, Пеле ва Криштиану Рональду билан кўришмоқчи, ўзи ишқибозлик қилувчи Олмония миллий терма жамоасининг жаҳон чемпиони бўлишини кўриш ниятида эканини айтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff.com

У киши бора олмаган Бразилиядаги сўнгги жаҳон чемпионатида эса, айнан Олмония миллий терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлганди.

Аммо Акрам ака сўнгги биринчилик ортидан 2018 йил Россияда бўлиб ўтиши кутилаётган навбатдаги жаҳон чемпионатига нима қилиб бўлмасин бориш режасида эканини билдирган, “Бораман, менга ҳомий керак эмас. Пул, маблағ ҳам керак эмас. Лекин мен Аллоҳга таваккал қиламан. Аллоҳ ҳамиша йўлимни очиқ қилади”, - деб айтган.

Агар, ўша йилги жаҳон чемпионатига Олмония қатори Ўзбекистон ҳам чиқиб қолса, албатта, ўз миллий терма жамоасига ишқибозлик қилишини қўшимча қилишни ҳам унутмаганди.

“Барибир, Ўзбекистон миллий терма жамоасига мухлислик қиламан. Нимагаки, Амир Тимур авлодларининг нимага қодирликларини бир дунё кўрсин”, - деганди Акрам ака.

“Ўзлари ўз оёқлари билан кириб келганлар федерацияга. Биринчи сўраган нарсам, “Акрамжон ака, велосипедингизни битта кўрай”, деган илтимос бўлган”, - дейди ўтган 10 йилча вақт давомида у киши билан кўришиб, суҳбатлашиб, режалари билан танишиб юрган Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

“Шу кўрсангиз, оддий бир велосипед. Ҳеч бир қўшимча бир мотор ёки қўшимча бир кучли нарсалари йўқ. Оддий бир велосипед. Агар, вазни оғирроқ бир одам устига чиқиб ўтирса, балким, синиб ҳам кетар. Унақа бир хорижники эмас...”, - дейди суҳбатдошимиз.

“Акрамжон ака ўша набиралари орқали футболга янаям меҳр қўйдилар. Айнан набиралари учун Олмонияга бориб келдилар десам ҳам хато қилмаган бўламан. Ҳам ўзлари ҳам саргўзаштни яхши кўрадиган одам эдилар. Чунки футболдан ташқарида, шунчаки Тошкентга келадиган бўлсалар, водий орқали велосипедда келардилар. Шу ёшда...ҳатто, ёзнинг иссиқ кунларига қарамасдан”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи twitter
Image caption Санжар Ризаев - Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби

Санжар сўзларида давом этаркан, мана, ҳозирги кунда футбол ишқибозлари орасида фанатизм анча кучайиб кетган. Акрамжон ака эса, бунақа фанатизмдан узоқроқ юрардилар, дейди.

“Ҳақиқий, бир холис ишқибоз, жудаям ҳамма орзу қиладиган, ҳамма ҳавас қиладиган ишқибоз эдилар”.

“Бунчалик куч, бунчалик ғайрат, футболга бунчалик меҳр...билмадим, ҳеч кимдан ёрдам сўрамасдан-да...Мана, қаранг, Олмонияга борганларида ҳам, уёғда анча-мунча қийинчиликларга дуч келганлар. Йўлда уларнинг велосипедларини ўғирлаб қўйган ҳолатлар ҳам бўлган. Менимча, жудаям иродали инсон бўлганлар. Ўша мақсад сари интилувчанлик ҳиссиёти кучли бўлган бўлса керак”.

“Яна бир нарсаки, нафақат биз катта бир футбол ишқибозидан, балки, таъкидлаш керакки, менимча, бутун дунёга ўрнак бўла оладиган ҳақиқий саргузаштчи инсондан ҳам айрилиб қолдик, деб ўйлайман”, - дейди суҳбатимиз якунида Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Рафиқалари Мунаввар опанинг энг сўнггида айтишича, Акрам ака Олмонияга миниб борган, Олмония миллий терма жамоасига ишқибозлик қилиш учун Жанубий Африка, Бразилия ва Россиядаги жаҳон чемпионатларига бормоқчи бўлган велосипедларини яхши ниятлар билан ўша тўнғич набиралари Абдумажид Абдумажидзода асраб қўйган.

“Набиралари ҳам бобосидан изидан бориб, у кишининг ўринлари, номларини йўқотмаслик, руҳларини шод қилиш учун яхши ният билан ҳаракат қилаяпти”, - дейди Мунаввар опа.

Акрамжон ака бутун оиласи билан бирга ишқибозлик қилган Олмония миллий терма жамоаси эса, тўртинчи бор Оврўпо чемпионлиги учун курашини давом этдириб, 7 июл куни иккинчи ярим финал беллашувида мезбон Францияга қарши майдонга тушади.

Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги ўйин британ вақти билан кеч соат 20:00 да бошланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар