Ўзбекистонлик мажбурий меҳнат қурбони Жаҳон банки устидан шикоят қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи uznews.net

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат қурбонига айланганини айтган шахс ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Халқаро Молия корпорацияси(ХМК) устидан шикоят қилганлар.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти хабар тарқатишича, номи ошкор этилмаётган мажбурий меҳнат қурбони, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Елена Урлаева ва Дмитрий Тихоновлар Жаҳон Банки таркибидаги тузилма - Халқаро Молия корпорацияси устидан Жаҳон банкининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига шикоят билан мурожаат этганлар.

Бу шикоятда Ўзбекистондаги Indorama Kokand Textile ширкатига Халқаро Молия корпорацияси берган 40 миллион долларлик кредит юзасидан текширув ўтказиш талаб қилинади.

Шикоятчиларга кўра, Indorama Kokand Textile Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланиб терилган пахтадан фойда кўрмоқда.

Шикоятчилар ўзларининг ушбу даъволарини исботловчи далилларни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга тақдим этганлари ҳақида хабар қилади Human Rights Watch.

"Халқаро Молия корпорацияси Ўзбекистонда ҳукуматнинг пахта ишлаб чиқаришдаги мажбурий меҳнат тизимини сақлашга хизмат қиладиган лойиҳаларни эмас, деҳқончиликнинг барқарор тараққиётига кўмаклашиши лозим. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Халқаро Молия корпорациясининг Индорамага берган кредитини ўрганиб чиқиши лозим, биз Индорама халқаро ҳуқуқ ҳамда (ХМК)нинг мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича сиёсатини бузаяпти, деб ҳисоблаймиз", деб айтган Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган фаол Дмитрий Тихонов.

Ўзбекистонлик ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Жаҳон Банкини Ўзбекистон ҳукуматига кўмак бермасликка чақириб келадилар, Жаҳон Банкининг молиявий ёрдамлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўз халқини қул қилиб ишлатишга йўналтирилади, дея огоҳлантириб келадилар.

Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммосининг мавжудлигини тасдиқлагани, АҚШ ҳукумати "пахта секторида мажбурий меҳнат мавжудлиги сабабли" кредит ажратилишига қарши чиққанига қарамасдан, 2015 йил декабрида Жаҳон Банки Ўзбекистон ҳукуматига кредит бериш қарорини маъқуллаган.

Human Rights Watch ўтган ҳафта АҚШ ҳукумати Одам Савдоси ҳақидаги янги ҳисоботида Ўзбекистоннинг даражасини энг қуйи даражага туширганини эслатади, бунинг сабаби эса шундай изоҳланган: "йиллик пахта йиғим-терими пайтида катта одамларнинг давлат томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилиши кенг тарқалганича қолмоқда".

Халқаро танқидчилар Ўзбекистон ҳукуматининг пахта етиштиришни эркинлаштиришни истамаётгани билан бирга ҳар йили 1 миллиондан ортиқ инсонни пахта теришга мажбурлашдан воз кечишни хоҳламаётганини танқид қилиб келадилар.

Ўтган йили пахта далаларидаги мажбурий меҳнат ҳолатларини мониторинг қилмоқчи бўлган фаолларга шафқатсиз, таҳқиромуз муносабатлар қилингани хабарлари тарқалган.

Ўзбекистон матбуоти хабар қилишича, Indorama Kokand Textile 2011 йили фаолиятини бошлаган Сингапур ширкатидир.

У Сингапурнинг Indorama Industry ва Ўзбекистон Миллий банки билан ҳамкорликда ташкил этилган, пахта толасидан йигирилган ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас