Ўзбек матбуотида нима гап?

Ўтган ҳафтада миллий матбуот "Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони таъсис этилиши ҳақидаги фармонни ёритиш билан ўз ишини бошлади. Бундан ташқари, мустақилликнинг 25 йиллиги олдидан матбуотда "Чорак асрда мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришилди" ва "Истиқлол бунёдкорлик ва фаровонлик омили" каби сарлавҳалар остида истиқлол йилларида эришилган марралар ҳақида сўзловчи мақолалар чоп этилди. Сиёсий партиялар ўз нашрларида парламент қуйи палатаси депутатлари жойларда электорат вакиллари билан юзма-юз мулоқотда бўлганларини хабар қилишган. Президент Каримов Рамазон Ҳайити муносабати билан турли мамлакатлар раҳбарлари ҳамда расмийларидан "самимий қутловлар" олаётгани матбуотда ёритилган.

"Мустақил ватанимиз ва ёруғ келажагимиз тимсоли" (Халқ сўзи, 5 июль)

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони ҳақидаги фармонни Президенти Ислом Каримов имзолагани хабар қилинади рўзномада. "... нишонда акс эттирилган Бахтиёр она ҳайкалини барча юртдошларимиз мустақил Ватанимиз, ёруғ келажагимиз тимсоли сифатида қабул қилади ва шундай нишонга эга бўлишни ўзи учун юксак шараф деб билади," дейилади Ўзбекистон Миллий агентлиги томонидан чоп қилинган мақолада.

Истиқлол йилларидаги ютуқлар мақталиб қуйидаги қўшимча қилинади: "Бир сўз билан айтганда, "Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони жаҳондаги ривожланган, демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида қатъият билан илгарилаб бораётган бугунги Ўзбекистоннинг рамзи сифатида минг-минглаб юртдошларимизнинг кўксида ярақлаб, уларни янги ютуқ ва марраларга илҳомлантирадиган юксак ишонч ва эътибор ифодаси бўлиб қолишига шубҳа йўқ".

"Ҳувайдо момонинг ҳавасли умри" (Qishloq Hayoti, 5 июль)

"Юздан ошган табарруклар" туркумидан берилаётган хабарларда Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи 121 ёшли Ҳувайдо момо Умарова ҳақида ахборот берилган. Момонинг кексалик гаштини суриб келаётгани айтилиб, "онахоннинг ёшлик йилларида куйлаган ўлан ва лапарларни ҳали ҳам маромига етказиб ижро этиши таҳсинга сазовор" эканлиги таъкидланади.

Мақола муаллифи Фотима Ўктамова айтишича, "Ҳувайдо момо бу тинч ва фаровон кунларга шукрона келтириб яшаш лозимлигини жигаргўшаларига ҳамиша уқтириб келади".

"Нимага автобуслар ёнғин остида қолмоқда?" (Даракчи, 7 июль)

Ушбу русчада чоп этилган итервьюда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, "Тошшаҳартрансхизмат" АК бошқаруви раиси Отабек Содиқов 'Даракчи' саволларига жавоб беради. Пойтахтда анъанага айланган Mersedes-Benz русумли автобусларда юзага келаётган ёнғинлар сабаблари ҳақида тўхталиб, Содиқов бу каби автобулар 10 йилдан бери ишлатилаётгани боис носозликлар вужудга келаётгани ҳамда мамлакатдаги иқлимнинг бундай автобусларга таъсири борлигини айтади.

Отабек Содиқов автобусларнинг мотор қисмида келиб чиқаётган бундай камчиликлар туфайли Mersedes-Benz conecto low floor русумидаги транспорт воситалари истеъмолдан секин-аста чиқарилаётганини таъкидлайди. Йўловчи ташувчи автобусларга кондиционерлар қўйиладими деган саволга Содиқов бундай қилишга қўшимча тўловлар туфайли режа йўқлигини айтади.

"Кўпхотинликнинг аянчли якуни" (Huquq, 7 июль)

Қарши шаҳар прокурорининг ўринбосари Санжар Нурматов қўшхотинлик туфайли бир шахснинг олти йилга қамалгани ҳақида хабар беради. Муаллифга кўра ушбу шахс биринча аёлидан бола бўлмагани боис иккинчи хотинга уйланган ва бу хотиндан икки фарзанд кўрган.

Иккала хотинини бир уйда яшашга кўндирган эр кейинчалик икки фарзанд онасини таҳқирлашга ўтади. Натижада аёл хўрлашга бардош бера олмай мактаб залида ўзини осиб ўлдиради. Муаллиф мамлакат қонунлари кўпхотинликка қарши эканини таъкидлайди ҳамда "шаръий никоҳ" асосида уйланган маҳкумнинг ҳатти-харакатларини қоралайди.

"Британияни аёллар бошқарадими?" (Жамият, 8 июль)

Мақолада Британиядаги сиёсий ўзгаришларга шарҳ берилади. Хусусан, ички ишлар вазири Тереза Мейнинг муваффақиятлари таҳлил қилинади. Консерваторлар партиясида етакчилик қилаётган расмийнинг бош вазир курсисини эгаллаши тахмин қилинади.

"Мей бош вазирлик лавозимига эришгандан сўнг Буюк Британияни барча учун очиқ мамлакатга айлантиришни мақсад қилган"и айтилади. Депутатлардан 165 нафари Мей учун овоз бергач, у чиқиш қилиб ЕИдан чиқмаслик тарафдори бўлганига қарамасдан ушбу жараённи муваффақиятли якунлашга ишонтиргани таъкидланади.

Сайловлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши тўғрисида" (Ishonch, 9 июль)

Жорий йилнинг май-июн ойларида мамлакатда ўтказилган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари якун топган. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши 8 июлда сайлов натижаларини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказди.

Хабарга кўра, сайлов жараёнларида 9764 нафар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг 105 мингдан ортиқ маслаҳатчилари сайланган. "Янги сайланган раисларнинг 73,6 фоизи олий маълумотли, 82,4 фоизи давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар тизимида ва тадбиркорлик соҳасида бошқарув иш тажрибасига эга, 67 фоизи ушбу лавозимга биринчи марта сайланди. Раисларнинг 865 нафари аёллардир.

"Шунингдек, сайланган фуқаролар йиғинлари раислари маслаҳатчиларининг 51,1 фоизи олий маълумотга эга бўлса, 25,4 фоизини аёллар ташкил қилади. Уларнинг 53,3 фоизи ушбу вазифага биринчи марта сайланди," дейилади хабарда.

"Келин бўлмиш коллежда ўқиганми?" (Тошкент ҳақиқати, 9 июль)

Фото муаллифлик ҳуқуқи olam.uz

"Бугун совчиларни мана шу савол қизиқтириши керак," дейди рўзнома мухбири Сайёра Рихсиева, ўзининг Ўзбекистонда кейинги йилларда давом этиб келаётган қизларни ёш вақтида эрга бермаслик борасидаги ташвиқот ишлари замирида чоп этилган мақоласида.

Муаллиф ота-оналар, маҳалла-кўй, ҳатто ўқитувчиларни мактаб битирувчиларини кейинги таълим босқичидан, яъни коллежларга кирмасдан қолиб кетишларини олдини олишга ундайди. Рихсиева таълим тизимидаги "қулайликлар"ни мақтайди ва ўзга давлатлардаги нотинчликка Ўзбекистондаги "фаровон турмуш"ни таққослайди.

Муаллиф билан суҳбатда шифокор Мавлуда Абдуллаева "қизларини тезроқ узатиб, ортиқча ташвишдан қутилмоқчи" бўлган ота-оналарни танқид қилиб, "17-18 ёшли қизлар ҳали оналикка, уй бекалигига тайёр бўлолмайди" деб қўшимча қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ