Тошкент автобуслари мамлакат аҳволининг инъикосими?

Тошкент шаҳрида яна бир йўловчи автобуси аланга олгани яна Интернет ижтимоий тармоқларида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда, бу нарса мамлакатнинг ҳақиқий аҳволи қандайлигини яққол кўрсатувчи мисол деган фикрлар билдирилмоқда.

Сўнгги 3 ҳафтанинг ичида Ўзбекистон пойтахтида 2 автобус ёниб кетган.

Гувоҳларга кўра, биринчиси 21 июн куни "Олтин тепа" кўчасида олов олган.

Автобус ёнганининг видео тасвирлари Интернетда ҳам тарқалиб кетган.

Кадрларда автобуснинг Mercedes Benz Conecto русумидаги улов экани, унинг Тошкентдаги 2-автобус саройига тегишли эканини кўриш мумкин.

Олов автобуснинг бутун салонини чулғаб олган, ҳодиса жойига ўт ўчириш хизмати ходимлари етиб келганлар.

Қурбонлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

"Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сўнгги вақтларда автобусларнинг ёниб кетиши билан боғлиқ бундай ҳолатлар жуда кўп учраётганини таъкидлаб, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти фуқароларнинг хавфсизлиги масаласини ўйлаган ҳолда, талабга жавоб бермайдиган жамоат транспортларини қатновда олиб ташлаши кераклигини ёзиб қолдиришмоқда", деб ёзади qalampir.uz веб-сайти.

Иккинчи автобуснинг ёниб кетиши 7 июл куни юз берган.

Тошкентликлар бу ҳодисанинг ҳам видеоларини Интернетда эълон қилиб улгурдилар, яшил рангдаги автобус Сирғалининг "Ўзгариш" кўчасида тўсатдан аланга олиб кетганини айтганлар.

Интернетда Тошкент автобусларининг ёниб кетиши деярли ҳар ой, баъзан бир ой ичида бир неча марта юз бериши ҳақида ёзмоқдалар.

"Бундай ҳодисаларнинг ҳар бири социал тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлади. Юз берган ҳодиса сабабларини санаб ўтишар экан, одамлар транспорт хўжалигининг барбод бўлиб бораётгани, ҳокимиятнинг палапартишлигидан ғазабланадилар ва бу нарса мамлакат умумий аҳволининг яққол мисоли, деб ҳисоблайдилар", деб ёзади asiaterra.info веб-сайти.

"Ҳокимият яқинда сабабини тушунтирмасдан туриб экологик тоза транспорт турлари(трамвай ва троллейбуслар)ни йўқ қилганидан кейин йўловчиларни ташиш бўйича асосий оғирлик автобус паркларининг зиммасига тушди. У ерда эса саводли мутахассислар ҳам, сифатли эҳтиёт қисмлар ҳам, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳам етишмайди. Автобуслар нега тез-тез ёнаётгани, йўналишга эса тобора кам чиқаётганининг асосий сабаби шу", дея хулоса қилади asiaterra.info мустақил веб-сайти.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ