Ниццадаги ҳодисага 'алоқадор' беш киши ушланган

Италия ҳукумати 84 инсон ҳаётига зомин бўлган Ницца ҳужумига боғлиқликда гумон билан беш шахсни ҳибсга олган.

Улардан бири жума куни, тўрттаси шанба куни қўлга олинди, деб хабар берган Франс Пресс ахборот агентлиги.

Бир кун аввал Франция полицияси ҳужумни амалга оширган ва полиция билан отишмада ўлдирилган Ницца фуқароси 31 ёшли Муҳаммад Булолнинг собиқ хотинини ҳибсга олганини айтганди.

Ниццада тинч фуқароларга ҳужум пайшанба кечаси миллий тантаналаридан сўнг содир этилганди.

Ҳужумчининг қирғоқ бўйида сайр қилиб юрган одамлар устига юк машинасини ҳайдагани оқибатида 84 инсон ҳалок бўлган, яна 50 нафарининг аҳволи ўта оғирлиги айтилмоқда.

Қурбонлар орасида болалар ва хориж фуқаролари бўлганлар.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳужумни "террористик амал" деб атаган.

Ўтган йил ноябр ойида Париж портлашидан сўнг мамлакатда жорий этилган фавқулодда ҳолат яна уч ой муддатга узайтирилган.

ИШИД қўли

Ниццадаги ҳодисага масъулиятни ўзини "Исломий давлат" деб атовчи жангари гуруҳ зиммасига олган.

Жиҳодчиларнинг Телеграм тармоғидаги Амак ахборот бўлимида хабар қилинишича, Ниццада одамлар устига машина ҳайдаган киши ИДнинг жангчиларидан бўлган.

"У бу амалиётни ИДга қарши урушаётган коалиция аъзоларига ва ўша мамлакат фуқароларига ҳужум қилиш чақириқларимизга жавоб тариқасида бажарди", дейилади хабарда.

Бироқ Франция Ички Ишлар вазири Бернар Казнев ҳужумчининг мақсади охиригача аниқ эмас, унинг жангари гуруҳлар билан алоқаси тасдиқлангани йўқ, деб айтди.

Казнев Муҳаммад Булол жосуслик хизматларига маълум бўлмаганини қайд этди.

Олдинроқ ҳужумчи майда тартиббузарликлар учун полиция эътиборига тушганлиги айтилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.