Қандил Балучнинг укаси қотилликни тан олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Васим Балуч қотилликни бўйнига олган.

Покистонлик таниқли модел ва блоггер сифатида кўрилган Қандил Балучнинг укаси Васим Балуч опасини шанба куни эрталаб бўғиб ўлдирганини бўйнига олган.

Васим Балуч 16 июл куни кечқурун полиция томонидан Дера Ғози Хон деган жойда ҳибсга олинган.

Покистонда нашр қилинадиган "Тонг" рўзномасининг ёзишича, Васим Балуч опасини "Балучлар оиласини бадном қилаётгани учун" ўлдирганини тан олган.

Васимнинг 25, Қандилнинг эса 26 ёшда бўлгани хабар қилинмоқда.

"Тонг" рўзномасининг ёзишича, Васим Балуч опасининг уни ўлдирмоқчи бўлганидан бехабар бўлганини айтган.

"Мен унга бир таблетка бердим, кейин бўғиб ўлдирдим", деб айтган қотил ука.

Полиция хабар қилишича, Васим Балуч опасини Мўлтоннинг Каримобод деган жойида ўлдирган.

Сўнг икки дўсти билан Дера Ғози Хонга қочган.

Қотилликка алоқадорликда Васим Балучнинг икки шериги қидирилаётганини маълум қилган полиция.

Ўзи Балучлар оиласи Дера Ғози Хонга яқин қишлоқдан Мўлтонга кўчиб борган бўлганлар.

17 июл куни эрталаб ўша қишлоқда Қандил Балучнинг жасади дафн этилган.

26 ёшли Қандил Балуч консерватив Покистон мезонлари бўйича жанжалли очиқ-сочиқ сурат ва видеолари билан танилган, уларни доимий равишда ижтимоий тармоқларга жойлаб борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Очиқ либосларда суратга тушишни ёқтирадиган Қандилни америкалик ижтимоий тармоқ юлдузи Ким Кардашянга қиёслашганди журналистлар ва интернет фаоллари.

Қандил Балучнинг Фейсбукда 700 мингдан ортиқ, Твиттерда 43 мингдан ортиқ "мухлиси" бўлган.

Покистонда аксар хотин-қизлар оталари ё эрларининг рухсатисиз ҳатто кўчага ҳам чиқишолмайди.

Қандил эса ҳатто чўмилиш кийимидаги тасвирлари ҳамда "қип-яланғоч суратимни намойиш этаман" каби зиддиятли гапларини ҳам интернетга қўйган эди.

Кўпчилик уни тақиқлашни талаб қилган.

Лекин Қандилнинг суратларини томоша қиладиган покистонликлар ҳам жуда кўп бўлган.

Яқиндагина у диний уламо билан меҳмонхонада тушган суратини намойиш этди. Унинг сўзларига кўра, диндор мухлис бирга тушлик вақтида ўзининг қўлини сўраган. Қандилнинг бу сурати кескин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди ўшанда.

Натижада имом ишидан четлаштирилган, Балоу эса таҳдидлар ола бошлаган.

Покистонда "оила шаъни учун қотиллик" яқинларини "шарманда қилган"ларга нисбатан қўлланилиши одатий ҳол саналади. Кўп ҳолларда уларнинг қурбонлари аёллардир. Айбдорлар эса аксарият вазиятларда енгил жазо олишади ёки умуман қутулиб қоладилар. Кузатувчиларга кўра, бу манзара Покистон ва Афғонистонда аёлларнинг тобора кўпроқ нишонга айланиш сабаблари ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.