Эрдўғон ўлим жазосини маъқуллаши мумкин

Президент Ражабо Тойиб Эрдўғон Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Давлат тўнтаришига уриниш президент Эрдўғон Мармарисда дам олишда экан юз берганди

Энг сўнгги хабарларга кўра, маҳкама қарори билан ўтган жума тунги давлат тўнтаришига уриниш билан алоқадорликда 85 генерал ва адмирал ҳам ҳибсга олинган.

Яна ўнлаб генерал ва адмираллар эса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўроқ қилинишмоқда.

Туркиянинг "Анадолу" давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ Бош қўмондони Акин Ўзтурк ҳам ҳибсга олинган.

Аввалроқ Акин Ўзтуркнинг давлат тўнтариши уринишини ташкиллаштиришда ўзини айбдор, деб тан олгани ҳам хабар берилганди.

Ҳибсга олинганлар орасида Туркия Қуролли кучларининг бошқарувдаги яна бир қўмондонларидан бири генерал Адем Худутий ҳам бор.

Генерал Худутий Сурия, Эрон ва Ироқдан келувчи таҳдидни аритиш масаласига масъул бўлган.

Икковлоннинг ҳибсга олинганига оид илк хабарлар давлат тўнтариши уринишининг эртасигаёқ ўртага чиққанди.

Аммо худди ўша куниёқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакат Қуролли кучлари сафларини тозалаш хусусида сўз юритганди.

Бунинг ортидан зудлик билан ҳарбийлар, амалдорлар, ҳакамлар ва бошқа давлат хизматчиларини оммавий ҳибсга олишлар бошланиб кетганди.

Минглаб полиция ходимларидан қуроллари олиниб, улар ўз вазифаларидан четлатилишганди.

Юздан ортиқ генерал, адмирал ва яна бир неча минг ҳарбий ҳам қўлга олинишганди.

Уларнинг барчаси давлат тўнтариши уринишига алоқадорликда гумон этилишмоқда.

Бу воқеанинг ўзи эса, 16 июлга ўтар кечаси юз берганди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон эса, ҳарбий тўнтариш ҳаракати иштирокчиларига нисбатан ўлим жазоси қўлланиши мумкинлиги ҳақида ҳам сўз юритганди.

Оврўпо давлатлари бу сўзлари учун расмий Анқарани огоҳлантиришган ва ўлим жазоси қайта тиклангудек бўлса, Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига киришига оид музокаралар тўхтатилишини айтишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.