Россия Риодаги ўйинлардан буткул четлатилиши мумкин

Россия, Олимпия, Рио Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия Олимпия Қўмитаси Ричард Маклареннинг ҳисоботидаги айбловларни жиддий, аммо қуруқ гап, деб атаган.

Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги Россияни шу йил ёзида Рио де Жанейрода ўтадиган олимпия ўйинларидан буткул четлатишни тавсия қилган.

Агентликнинг айтишича, Россияда тўрт йил мобайнида давлат допинг дастури амал қилгани ҳақидаги далилнинг ўртага чиққани бунга асос бўлади.

Душанба куни эълон қилинган махсус ҳисобот 2011 йилдан 2015 йил августига қадар ёзги ва қишки олимпия ўйинларининг аксарида россиялик спортчиларнинг пешоб намуналари қалбакилаштирилган, деб топган.

Халқаро Олимпия Қўмитаси сешанба куни Россияни 5 августда бошланадиган ўйинлардан четлатиш-четлатмаслик борасида қарор қабул қилади.

ХОҚ Президенти Томас Бах допингга қарши "энг қаттиқ жазо чоралари"ни қўллашга ваъда берган.

У ҳисобот хулосаларини "спорт ва Олимпия ўйинларининг шаънига қарши уюштирилган мислсиз ҳужум" деб атаган.

Россия Олимпия Қўмитаси Ричард Маклареннинг ҳисоботидаги айбловларни жиддий, аммо қуруқ гап, деб атаган.

Қўмита чиқарган баёнотда айтилишича, "айбловлар шу қадар жиддийки, барча томонлар иштирокидаги тўлақонли текширувни талаб қилади".

Россиялик спортчиларнинг оммавий равишда допинг истеъмол қилишлари ҳақида аввалроқ Москва допингга қарши кураш лабораториясининг собиқ бошлиғи Григорий Родченков айтиб чиққан эди.

Родченков 2015 йил ноябрида Жаҳон допингга қарши кураш агентлигининг бошқа бир ҳисоботи чоп этилиши арафасида АҚШга кетган.

У Сочидаги Олимпия ўйинлари чоғида ўнлаб спортчилар, жумладан, олтин ва кумуш медал соҳиблари допинг истеъмол қилганликларини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.