Сўров: Бир умрга четга кетардим

Россиядаги супермаркетлардан бири Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россиядаги сўнгги иқтисодий бўҳрон оддий аҳолининг турмуш тарзига ҳам жиддий таъсир этмай қолмаган

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, ҳар беш россияликдан биттаси худди ана шундай, деб жавоб берган.

Сўнгги сўров Россиядаги етакчи "Левада" омма фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган.

Бу каби ҳолат йил сайин четга кетиш истагида бўлган россияликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Чунки ўтган йилнинг март ойида бу каби истакда бўлган Россия фуқароларининг сони бор-йўғи 12 фоизни ташкил қилган.

Бугунга келиб эса, бу рақамлар етти фоизга сакраб кетган.

Сўров иштирокчиларидан, "Ҳозирнинг ўзида Россияни тарк этган бўлармидингиз", - деб ҳам сўралган.

Улардан 1 фоизи бунга қатъий аҳд қилишгани ва аллақачон бунинг учун лозим ҳужжатларни тайёрлашга киришиб кетганликларини билдиришган.

Россияликларнинг 10 фоизга яқини бу ҳақда бош қотириб турганликларини айтишган.

Ўтган йили бунга ўхшаш кайфиятда бўлганларнинг сони эса, бор-йўғи 4 фоизни ташкил қилган, холос.

Йигирма фоиз атрофидаги россиялик бу хусусда иккиланиб турганликларини баён қилишган.

Аммо 70 фоиздан ортиқ Россия фуқаролари ўз ватанларида қолишни афзал билишган.

Сабаблар

Россияни тарк этиш истагида бўлганлар бунинг сабабини мамлакатдаги иқтисодий беқарорликлар ва четда яшаш шарт-шароитларининг яхшилиги билан изоҳлашган.

Россиядаги иқтисодий вазиятни сабаб қилиб кўрсатганларнинг сони эса, сўнгги ойларда кескин ортиб кетган.

Дейлик, ўтган йилнинг май ойида россияликларнинг учдан бир қисми бу каби шикоятда бўлишган.

Жорий йилнинг худди шу даврига келиб эса, бу рақам 10 фоизга ортган.

Ўттиз фоизга яқин россиялик болаларининг келажагини ўйлаб, тарки ватан ихтиёрида эканликларини билдиришган.

Яна 20 фоизчаси эса, "мулозимлар ва амалдорларнинг ўзбошимчаликларидан безиб, бу ишга бориш ниятида эканликлари"ни айтишган.

Муҳожират ихтиёрида бўлганларнинг орасида яхшироқ тиббий муолажа олиш ва бизнес юритиш имкониятлари енгилроқ экани боис, чет элга кетиш истагини изҳор этганлар ҳам топилган.

Бошқа томондан, ўтган йил билан таққослаганда, бу йил сиёсий вазият сабаб, Россияни тарк этиш илинжига тушиб қолганларнинг сони ҳам кескин ортган.

Дейлик, ўтган йили бу рақамлар бор-йўғи 4 фоизни ташкил қилган бўлса, бу йил бунга ўхшаш кайфиятда бўлган россияликларнинг сони 11 фоизга етган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.