Туркияда Фатҳулла Гуленнинг "ўнг қўли" ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уринишнинг асосий ташкилотчиси деб кўраётган исломий уламо Фатхулла Гуленнинг "энг яқин ёрдамчиларидан бири" Холис Ханчи ушланганини билдирган.

Хабар қилинишича, Холис Ханчи Туркияга давлат тўнтаришига уринишдан икки кун олдин келган.

Олдинроқ Анадолу агентлиги Фатҳулла Гуленнинг жияни Муҳаммад Саит Гулен ҳибсга олинганини хабар қилганди. У исёнга алоқадорликда гумон қилинаётган Муҳаммад Саит Эрзерумда ҳибсга олиниб, Анқарага етказилган.

Туркия ҳукумати АҚШда ихтиёрий муҳожиротда яшаётган Фатҳулла Гуленни 16 июлга ўтар кечаси юз берган тўнтаришга уринишнинг ташаббускори ва илҳомлантирувчиси деб билади. Дастлаб Президент Эрдўғоннинг яқин сафдоши бўлган диний уламо ва сиёсатчи Гулен кейинчалик унинг мухолифатига айланган.

75 ёшли Гюлен бир неча бор исёнга алоқаси йўқлигини билдирди ва унинг қатнашчиларини қоралади. Бундан ташқари жаноб Гулен ватани Туркияга экстрадиция этилишига рози эканини ҳам қайд этди.

16 июлга ўтар кечаси ҳарбийлар фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ҳокимиятни қўлга олганларини эълон қилдилар.

Туркия ҳукумати буни инкор этиб, давлат тўнтаришига уриниш содир этилганини, лекин назорат ўз қўлида эканини таъкидлади.

Расмий маълумотларга биноан, исёнчилардан ташқари 246 киши қурбон бўлган, 2185 нафари яраланган.

Ҳодиса ортидан минглаб ҳарбийлар, полициячилар, амалдорлар, ҳакамлар ва ўқитувчилар ҳибсга олиндилар ёки истеъфога чиқарилдилар, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Туркия ҳукумати АҚШдан Фатҳулла Гуленни топширишни талаб қилмоқда. Бироқ Вашингтонга кўра, Гуленни топширилиши учун унинг давлат тўнтаришига алоқадорлигини тасдиқлайдиган аниқ далиллар лозимл.

Оммавий таъқиблар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шанба куни маълум бўлишича, Туркия ҳукумати Гуленга алоқадор ҳисоблаган мингга яқин ўқув юртлари ва 1200 жамоат ташкилотларини ёпган.

Олдинроқ Туркия Бош вазир ўринбосари Нуретдин Жаникли исёндан кейин 60 мингга яқин кишининг ҳибси ва ишдан бўшатилиши "айсбергнинг чўққиси" экани, ҳибслар ҳали давом этишини айтганди.

Ҳибсдагилар орасида университетларнинг ўқитувчи ва деканлари ҳам бор.

Анқара прокурори Хорун Кодалак исёнга боғлиқликда ушланган 1200 фуқаро озод этилганини билдирган. 100 дан ортиқ генерал ва адмираллар ҳибсда қолмоқда.

Охирги кунларда 2500 минг кишилик президент гвардиясидан 283 киши бўшатилган. Бош вазир Йидирим гвардияга зарурият йўқлигини айтган.

Туркияда амал қилаётган фавқулодда ҳолат Президент Эрдўғонга парламент тасдиғисиз фармон қабул қилиш имконини беради, полиция айблов эълон қилмасдан шубҳали фуқароларни 30 кунгача ҳибсда қолдириши мумкин.

Amnesty International ташкилоти Туркия ҳукуматининг ҳаракатларини номутаносиб, зарурият бўлмаган ҳаракатлар деб атади.

Президент Эрдўғон ўз шахсига нисбатан янгараётган танқидларга жавобан Оврўпони иккиюзламачиликда айблади.

Ражаб Тойиб Эрдўғон яна бир бор агар турк халқи хоҳласа, ОИ нима дейишидан қатъий назар, ўлим жазоси тикланишини билдирди. Француз телевидениесида чиқиш қилган Эрдўғон ОИ 53 йилдан буён Туркияни эшигида куттириб келаётганини, бу вақтда кам ривожланган давлатларга иттифоққа қўшилишга изн берилганини айтди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг