Францияда гаровга олинган роҳиб ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи APTN
Image caption Черков атрофи полиция тарафидан ўраб олинган

Франция матбуотига кўра, мамлакат шимолидаги Сент-Этьен дю Рувре шаҳридаги черковнинг 84 ёшли роҳиби икки қуролли томонидан ўлдирилган.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, қуроллилар ибодат чоғи черковга кириб бориб, роҳиб ва яна 4 кишини гаровга олишган.

Франция телевидениеси хабар қилишича, полиция ҳодиса жойига етиб борганидан кейин отишма овозлари эшитилган. Ҳозирда гаровгирлар иккови ҳам ўлдирилгани айтилади.

"Исломий Давлат" дея аталмиш гуруҳга алоқадор вебсаҳифа ҳужумчилар гуруҳнинг "жангчилари" бўлганини даъво қилган.

Президент Франсуа Олланд ҳам икки ҳужумчи ИДга тегишли бўлгани иддао қилинаётгани ҳақида айтган.

Аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги гаровга олинганлардан бири оғир яралангани ва ҳозир унга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирганди.

Вазирлик воизига кўра, ҳужумчиларнинг мақсади ҳозиргача қоронғу. Текширувларга полициянинг аксил-террор бўлими прокурорлари бошчилик қилишади.

Ҳудуд полиция тарафидан ўраб олинган ва одамлардан узоқроқ туриш сўралган.

Президент Франсуа Олланд ва Ички ишлар вазири Бернар Казнев ҳодиса жойига йўл олишган.

Франция Бош вазири Мануэл Валс "ваҳшиёна ҳужум"дан даҳшатга тушганини билдирган. "Бутун Франция ва барча католикларга шикаст етди. Биз бирдаммиз", дея твит қилган у.

Айни пайтда маҳаллий одамлардан бири ўлдирилган 92 ёшли роҳибни болалигидан билгани ҳақида айтган:

"Оиламиз бу ерда 35 йилдан бери истиқомат қилади ва биз уни ҳар доим билиб келганмиз. У жамоа учун бениҳоя қадрли инсон эди. Жуда оғир-вазмин, ўзига эътиборни тортишни ёқтирмасди".

Ҳужумчилар кимлиги борасида ҳали бирон бир маълумот ошкор қилингани йўқ, аммо ой бошларида Ницца шаҳрида Франция Миллий куни муносабати билан ўтган тантаналар чоғи амалга оширилган ҳужумдан бери мамлакат ҳушёр ҳолатда қолаётганди.

Ўшанда бир ҳужумчи юк машинасини оломон устига ҳайдаши оқибатида 80 дан ортиқ инсон нобуд бўлганди.

Полиция Ниццадаги ҳужумчи келиб чиқиши тунислик Франция фуқароси Муҳаммад Булол бўлганини айтган.

Ҳодиса ортидан эса, ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ айни ҳужум ортида тургани даъвоси билан чиққан.

Аммо, Ички ишлар вазири Муҳаммад Булол жосуслик хизматларига жиҳодчи сифатида маълум бўлмаганини қайд қилган.

Олдинроқ, ҳужумчи майда тартиббузарликлар учун полиция эътиборига тушгани айтилганди.

Би-би-сининг Париждаги мухбирига кўра, Франция ҳукумати бу каби ҳужумларни тўхтатиш юзасидан кучли босим остида қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.