6 ёшли қизчани эрга берган ота ва мулла куёв ушланди

Image caption Афғонистонда эрта никоҳ кўп ҳолларда одатий саналади.

Афғонистоннинг Ғўр вилоятида 60 ёшли мулла Муҳаммад Карим 6 ёшли қизчага уйлангани учун ҳибсга олинган.

У билан бирга қизчанинг отаси ҳам ушланган.

Мулланинг сўзларига кўра, қизалоқнинг ота-онаси унга фарзандларини ўзлари "диний тортиқ" қилишган.

Ва қизалоқни ўнлаб кишилар гувоҳлигида ўзига никоҳ қилиб олганини айтган сўроқ пайтида.

Ҳирот вилоятида истиқомат қилган қизчанинг отаси сўзларига кўра эса, қизи Қарибгул эвазига мулла Муҳаммад Карим унга битта эчки, бир қоп гуруч ва бир қути ёғ берган.

Бу иш ҳозирда Ғўр вилояти маркази Фируз Кўҳда аёлларга қарши зўравонликни маън этувчи қоралов идорасида кўриб чиқилмоқда.

Қораловчи Нигина Ҳалилий бу иш ўрганилгач, маҳкамага жўнатилишини айтган Би-би-си мухбири Ҳумоюн Ҳадидга.

Қарибгул отасининг тақдири маҳкама ҳукмига боғлиқ, деган у.

Афғонистон қонунчилигига биноан, вояга етмаган қизни никоҳ қилгани учун икки йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилади.

Маҳаллий расмийлар қизалоқнинг соғлиги яхшилиги, унга ҳеч бир зиён-заҳмат етмаганини айтганлар.

Шу билан бирга расмийлар туманда аёлларга қарши зўравонликлар кучайганидан хавотир изҳор этишган.

Уларга кўра, охирги ойнинг ўзида вилоятда аёлларга нисбатан беш зўравонлик ҳолати қайд этилган.

Афғонистонда вояга етмаган қизларни, баъзида ёш болаларни турмушга узатиш тез-тез учраб туради.

Кўпинча бундай қадамга оилалар ўта ночорликдан ёки диний удумлар ортидан йўл қўйишади.

Қизлар ҳали мактаб партасиданоқ эрга бериб юборилади. Эрта турмушлар аёллар орасида ўлим ҳолатларини ҳам кўпайтиргани кузатилади.

Айни пайтда бу каби никоҳларнинг аниқ сонини келтириш қийин. Лекин ҳисоботларга кўра, қарийб 57 фоиз қизлар Афғонистонда 16 ёшга етмасдан турмушга берилади.

Image caption Кўп афғон оилалари ночорликдан қизларини "сотиш"га мажбур бўлишади.

Бир неча йил олдин Чоқуш қишлоғида 55 ёшли Саид Муҳаммад ва 8 ёшли Равшан Қосимнинг тўйи оммавий ахборот воситалари эътиборига тушганди. Қизчанинг 60 ёшли отаси Абдул Қосим камбағалчилик ва қарзга ботганидан бошқа чораси қолмагани айтган журналистларга.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари аёллар ва болаларга зўравонлик ва жинсий тажовузларнинг олдини олишга чақириб келади Афғон ҳукуматини.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.